
Россия президенти Владимир Путин Қўшма Штатлар томонидан “ЛУКОЙЛ” ва “Роснефт” каби йирик нефть гигантларига нисбатан кескин чекловлар жорий этилганини кутмаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Оқ Уйнинг бу қарорини изоҳлаш қийин, чунки икки давлат ўртасида Аляска музокараларидан бери жиддий зиддият ёки очиқ тўқнашув кузатилмаган.
Путин бу ҳақда Қирғизистонга амалга оширган сафари доирасида ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Президентнинг сўзларига қараганда, Анкориждаги музокаралар давомида Москва ва Вашингтон ҳарбий ҳаракатларни чеклаш, хавфсизлик масалаларида муайян келишувларга эришиш мумкинлиги ҳақида оптимистик фикрда бўлган.
“Музокаралар вақтида биз икки томон ўзаро тушуниш нуқтасини топгандек эдик. Анкориж майдонида умумий позиция шаклланди, деб ўйлагандик. Лекин шу орада, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, Қўшма Штатлар санкциялар эълон қилди. Ростини айтсам, бу воқеа мен учун ҳам тушунарсиз бўлди”, — деди Путин.
Октябр ойида АҚШ Молия вазирлиги “ЛУКОЙЛ” ва “Роснефт” ҳамда уларга қарашли қатор шўъба корхоналарга қарши кенг қамровли санкцияларни амалга киритган эди. Чекловлар компанияларнинг АҚШдаги барча активларини музлатиш, шунингдек, Америка юридик ва хусусий субъектларига улар билан ҳар қандай бизнес муносабатларни қатъий тақиқлашни ўз ичига олади.
Чекловлар эълон қилингач, “ЛУКОЙЛ” ўзининг хориждаги активларини сотиш учун эҳтимолий харидорлар излаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Россия банки тақдим этган таҳлилда Россиянинг “Urals” нефти нархи ноябрь ойида “Brent”га нисбатан 23 фоизгача пасайгани қайд этилди — бу эса санкциялар босими ва бозордаги беқарор вазиятдан дарак бермоқда.
Мутахассисларга кўра, Вашингтоннинг бу қадами геосиёсий жараёнларда янги босқични бошлаб бериши, Москва–Вашингтон муносабатларида эса янада жиддий совуқлик юзага келтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.