
Қашқадарё вилояти ҳудудида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. “Ўзенергоинспексия”нинг ҳудудий бошқармаси ҳамда газ таъминоти корхонаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбири давомида қоидабузарлик фош этилди.
Текширувлар Қарши шаҳрида жойлашган “Г. О.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий овқатланиш шохобчасида олиб борилди. Назорат натижаларига кўра, ушбу объектда ўзбошимчалик билан ортиқча газ анжомлари ўрнатилиб, табиий газдан белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда фойдаланиб келингани маълум бўлди.
Газ таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига асосан, ушбу қоидабузарлик натижасида 163 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Айни пайтда иш бўйича ҳуқуқий баҳолаш ишлари олиб борилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.