date

Мушуклар нега ғалати туюлади: улар ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар

Мушуклар нега ғалати туюлади: улар ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар

Кўпчилик мушукларнинг хатти-ҳаракатини инсонча талқин қилишга уринади. Шу боис уларнинг айрим қилиқлари бизга ғалати, ҳатто тушунарсиз туюлади. Аслида эса мушукларнинг хулқи ҳиссиётлар эмас, балки табиий инстинктлар, эволюцион тажриба ва невробиологик механизмлар асосида шаклланган.

Жон Бредшоунинг “Мушукнинг яширин ҳаёти” асари айнан шу нуқтага эътибор қаратади. Муаллифнинг таъкидлашича, мушуклар инсон каби ҳис-туйғуларга эга мавжудот эмас. Улар тўлиқ уй ҳайвонига айланиб кетмаган, яккамохов ҳаёт тарзига мойил бўлган ҳайвонлардир.

Мушук инсон билан муносабатни меҳр ёки эмоционал боғлиқлик орқали эмас, балки фойда ва қулайлик нуқтаи назаридан қуриши мумкин. Улар кайфияти ўзгаргандек туюлса-да, бу аксар ҳолларда ҳиссий реакция эмас. Оддий қилиб айтганда, мушук ўз ҳудудини, масофани ёки шахсий чегарасини назорат қилаяпти, холос.

Итлардан фарқли равишда, мушуклар ижтимоий муҳитда яшашга мослашмаган. Улар доимий мулоқотга эҳтиёж сезмайди. Асосий стратегияси — яккаликда ов қилиш ва ўз ҳудудини сақлаш. Шу сабаб мушук фақат ўзи хоҳлаган пайтда алоқага киришади ва бу ҳар доим унинг шартлари асосида бўлади.

Мушук кетиб қолса ёки узоқлашса, бу хафа бўлганини англатмайди. Бу унинг табиий хулқ-атворидир. Одатда мушук инсонни ўз атроф-муҳитининг бир қисми сифатида қабул қилади, лекин бу муносабат ҳиссий эмас, муҳит билан боғлиқ бўлади.

Мушуклар сезгирлик чегараси паст бўлган ҳайвонлар ҳисобланади. Шу боис инсоннинг ҳаддан ташқари эътибори, қучоқлаш ёки узоқ вақт силаш уларда ноқулайлик уйғотиши мумкин. Тишлаш ҳам кўп ҳолларда тажовуз эмас, балки “етарли” деган огоҳлантириш сигнали ҳисобланади.

Кўпчилик учун пишиллаш қувонч белгисидай туюлади. Аммо аслида бу кўп функцияли хатти-ҳаракат бўлиб, мушукнинг ўзини тинчлантириши ёки инсонга сигнал юбориши бўлиши мумкин. Худди шунингдек, мушукларнинг инсон оёқлари ёнида ухлаши меҳр ифодаси эмас, балки хавфсизлик ҳисси ва тезда чекиниш имкони билан боғлиқ.

Мушук инсонни ялаганда ҳам бу ўпич ёки меҳр рамзи эмас. Бу орқали у ҳудудни белгилайди ёки ўзини хотиржам қилади. Агар ялашдан кейин тишлаш кузатилса, бу ортиқча зўриқишдан дарак беради.

Умуман олганда, мушуклар табиатан ҳудудий ва яккамохов жонзотлардир. Улар бошқа мушукларни кўпинча стресс манбаи сифатида қабул қилади. Бирга яшаш фақат етарли жой ва озиқ-овқат бўлгандагина мумкин.

Шунингдек, мушуклар ов қилишни фақат очлик сабаб эмас, балки инстинктларини қондириш учун ҳам давом эттиради. Қорни тўқ бўлса ҳам, ҳаракатга жавоб бериш ва ўлжани таъқиб қилиш эҳтиёжи уларда сақланиб қолаверади.

Қисқача айтганда, мушукни тушуниш учун уни инсонга ўхшатиш шарт эмас. Уни қандай бўлса, шундай қабул қилиш — ҳақиқий мушукпарварликнинг асосидир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Мушуклар нега ғалати туюлади: улар ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар