«Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ». (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан)
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Парламентга мурожаатини телевизор орқали кўриб-тинглаб ўзимни дунёга янги келгандек, янги дунёга кириб бораётгандек ҳис қилдим. Кечаси билан узуқ-юлуқ ухладим, эрталаб ҳам шу дард вужудни тарк этмаётган эди. Ярим йил–бир йилдан бери судьяларнинг амалда мустақил эмаслиги ҳақида бир нима ёзаман, деб оқимга қарши сузишга журъат этмай келардим. Бу қусурни бартараф этмай туриб, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ҳуқуқий-демократик жамият қуриш қуруқ гаплигича қолаверади, фикримча. Мурожаат ушбу қусурни қоғозга туширишга журъат бағишлади.
Бундан етти-саккиз йил муқаддам қаламкаш ҳамкасблардан бири ҳол-аҳвол сўрашиб, «адвокатлик қилаётганингизга икки йил бўлибди, нечта ишни ютдингиз», деб савол берди.
Мен жавоб бердимки, адвокатнинг суд музокарасида қонунларни рўкач қилиб ҳимоя нутқи сўзлаб ишни ютиб кетиши ҳинд киноларида бўлади, бизнинг судларда Америкадан дунёдаги энг зўр адвокатлар келиб, бир соатдан музокара нутқи сўзласин, уч судья уларни жимгина тинглаб ўтиришади-да, сўнгра 15–20 дақиқа маслаҳат уйига чиқиб келиб, эрталаб ёки кечқурун суд раиси айтган ҳукмни ўқийверишади, адвокат нима деганининг аҳамияти йўқ!
Суҳбатдошим, умрида судга иши тушмаган шекилли, «наҳотки?» дегандек ҳайрон боқиб турарди.
Минг афсуски, наҳотки эмас, бу — айни ҳақиқат. Суд мажлиси — спектакль. Суд раиси кимлар биландир бамаслаҳат ҳукм, қарор қабул қилиб бўлганидан кейин суд мажлиси залида ижро этиладиган спектакль!
Бу спектакль жараёнида шўринг қурғур виждонли ва билимдон адвокатнинг 20–30 минутлаб «сўзлаган» нутқи, зўр келса, маслаҳат уйига киришдан олдин танаффусни ўн-ўн беш дақиқа ўрнига икки-уч кунга, баъзан «номаълум вақт»га ҳам чўзишга қурби етади, холос. Барибир, «юқоридаги» аввалги қарор, ҳукм эълон қилинаверади. Чунки, қарор қабул қилган кабинетдагилар суд мажлисида судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги оҳу-зорини, гувоҳларнинг кўргазма-далилларини, ҳимоячининг жонини фидо қилиб қонунларни, Олий суд Пленумининг ушбу ишни тартибга соладиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган қарорларини куйинчаклик билан таъкидлаб сўзлаган музокара нутқини эшитгани йўқ ва табиийки унда суд мажлисида буларни тинглаган судья ҳамда прокурорда рўй бергани каби ачиниш, раҳм қилиш ёки «эрта-индин юқори инстанцияда иш бузилса менга минус бўлади-ку?!» деган хавотир рўй бермайди. Натижада, «мен айтганни қилавер», деган «команда» суд залида ҳукм, қарор тусида ўқилаверади, ўқилаверади...
Ва ундан-да аянчлиси, қўрқинчилиси — ҳамон ўқилаяпти. Президентимиз жонини фидо қилиб суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тўғрисида бир йилда учта Фармон қабул қилгандан кейин ҳам, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари олиб борилаётгани ҳақида Америкада БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида гапираётганида ҳам бундай ҳукм ва қарорлар тап тортмай ўқилаяпти. Айрим судлар ва судьяларнинг пинак бузмаётгани — афсусланарли, аянчли ва қўрқинчли ҳам.
Нега улар, ундайлар пинак бузмаяпти? — деган савол туғилади. Жавоби оддий: коррупция! Бекорга Президентимизнинг дастлабки саъй-ҳаракатларидан бири «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилишга қаратилмади.
Яна асосий мавзуга — ҳукм ва қарор суд мажлиси залидан ташқарида қабул қилинишига қайтсак.
Бу — бир неча ўн йиллардан бери шаклланиб, «тош қотиб» улгурган мустаҳкам иншоот, қалинлиги бир метрдан ортиқ бетон девор. Демоқчиманки, буни бузиш, ағдариш тез ва осонликча бўлмайди. Лекин, бу бузилмаса ҳуқуқий-демократик жамият қуриш, жамиятда Адолат ва Қонун устуворлигини таъминлаш ҳақидаги гаплар экрандан, саҳифалардан ерга тушмай қолиб кетаверади, саъй-ҳаракатлар кўкка учаверади. Зеро, ҳозирги саъй-ҳаракатларнинг шиддати, айниқса Президентимизнинг Парламентга Мурожаатининг тўфони зораки бу бетон деворларни дарз кеткизса деган умид, ишонч қалбда ёруғлик уйғотади....
Суд мажлиси залига кирган прокурор, аксарият ҳолларда, жиноят ишини, фуқаролик ишини варақлаб ҳам кўрмаган бўлади. Прокурор майли, ҳатто судья ҳам иш билан танишмай суд мажлиси залига кириши мумкинлигига биров ишонар, биров ишонмас. Мен кўрганларимни айтаяпман. Ўн йиллар муқаддам, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида суд мажлисига кирган Апелляция судлов ҳайъатида докладчи ҳам, раислик этувчи ҳам ишда прокурор протести мавжудлигини билишмайди. Протест ҳақида адвокатдан эшитиб, бир томликкина иш варағини титкилай бошлашди. Тополмай, адвокатдан протест нусхасини олиб кўргандан кейин, яна ахтариб иш материаллари орасида бор протестни... кўрдилар!
Яна ўша гап: кеча суд раисидан бу ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида «маслаҳат» олгандан кейин, ишни варақлашнинг нима аҳамияти бор.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида шундай ёзиб қўйилган: «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар».
Муқаддас Конституциянинг бу бандини оёқости қилиш Конституциямиз бунёдга келишидан олдин бошланган. Айниқса бу топташлар Мустақиллик йилларида авж олгани соҳага алоқадор кишиларга сир эмас. Ҳатто, одатдаги «тартиб-тамойил» даражасига етдики, бундан ўн йил аввал «Ҳуррият» газетасида чоп этилган адвокат Ғиёс Намозовнинг кичкина мақоласи шу ҳақда эди: «Тошкент шаҳар судига бориб раис қабулига кирмоқчи эдим, котиба қиз «бугун киролмасангиз керак, жуда бандлар, эртага апелляция куни, судьялар бирма-бир кириб иш ҳақида ахборот беришаяпти», деди.
Кейинроқ, эртага апелляция куни иш билан танишиш учун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига бордим. Тушдан кейин эди. Апелляция судлов ишлари бўйича котиб йигит ҳушёр экан, «ака, бирпас ўтириб туринг, «дело» раиснинг хонасида эди, у ерда мажлис бўлаяпти», деди.
Хушмуомалалик учун раҳмат. Лекин, «дело» раиснинг хонасида «сақланиб» нима қилади, бошқа жой қуриганми?»
Демак, иш ҳам, бу ишни эртага суд мажлисида кўрадиган докладчи судья ҳам бугун кечга яқин раиснинг хонасида, эртага Апелляция. Спектакль!
Бу қарорларнинг аксарияти суд раиси билан прокурорнинг ҳамфикрлигида бунёдга келади десам, Америка очмаган бўламан. Бунинг исботи тариқасида, суд мажлиси иштирокчиси бўлган прокурор ёрдамчиси суд музокарасида адвокатга ўхшаб жон куйдириб узоқ сўзламайди, бир-икки дақиқада пастгина овозда «тўғри малакаланган, бу модда билан бунча, буниси билан бунча, жами бунча» деб жазо муддатини айтади холос. Асослаш йўқ. Ва, суднинг ҳукми прокурор «сўрови»дан жудаям олислаб кетмайди... Маслаҳатли тўй тарқамас, деганларидек...
Яқин кечаги тарихдан бугунги, шиддатли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари даврига қайтсак. Бу ислоҳотлар мазмун-моҳияти, назариясини олимларга қўйиб бериб, амалиётчи сифатида яна судга қайтайлик.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2016 йил 22 декабрда Апелляция судлов ҳайъати суд мажлиси бўлаяпти. Оддий фуқаролик муносабати — тилла буюмлар олди-бердиси, яъни фуқаролик ишлари бўйича судда кўриладиган иш. Иккинчи томоннинг «бақувватлиги» учундир, жиноят иши қўзғатилган ва «жиноятчи» йигит туман судида саккиз йилга озодликдан маҳрум этилиб, суд залида қамоққа олинган. Суд музокарасида судланувчининг икки ҳимоячисидан бири бу иш аслида фуқаролик ишига мансублигини, судланувчидан пул ундириш учун жиноят иши қўзғатишдан аввал Ички ишлар органи ходимлари ёлланиб ноқонуний харакатлар ҳам содир этилганини, Олий суд Пленуми қарори бандлари ҳам бу жиноят эмаслигини тасдиқлаши ҳақида жон куйдириб гапириб, бугун жамиятда Адолат ва Қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Президент раҳбарлигида жиддий саъй-ҳаракатлар бошлангани, буни ҳатто АҚШ Президенти Барак Обама таъкидлаб, Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида «Сиз Президент вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган даврингизда ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борган ишларингиз эътиборга лойиқдир», деб таъкидлагани ҳақида сўзлаётган эди, докладчи судья «Ҳурматли адвокат, сиз ишга алоқаси бўлмаган нарса ҳақида гапираётганингиз учун сўзингизни бўлишга мажбурман», деб луқма ташлади.
Қонунда, ҳимоячининг музокара сўзини тўхтатиш, эътироз билдириш мумкин эмас.
Мен, ҳимоячи, «узр, ҳурматли судья, бир инсонни ноқонуний қафасга тиқиб қўйилганда Қонун устуворлиги, Президентнинг бу соҳадаги ишлари ҳақида гапириш бу ишга тааллуқли эмасми», дедим-у, якунладим.
Хулосаки, қонунийлик, адолат ҳақидаги гаплар бугун ҳам соҳадаги эски гвардиядаги кўпларга ёқмаяпти-ю, айримлар буни ичига ютолмай юқоридаги вазиятларга ўхшаб ошкор ҳам қилиб қўйишмоқда...
Яна энг янги мисол. 2017 йил 14 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида Апелляция судлов ҳайъати мажлиси. Иш Бухороники, кворум йўқлиги учун буёққа юборилган. Ота, ўғил, қиз бир ярим йилдан бери оилавий қамоқда. 11та айблов. Деярли барчаси асоссиз.
Отасига тақалган аслида йўқ 11та айбловни отасининг табиблик фаолиятига алоқаси йўқ ўғил ва қизга ҳам ёпиштириб 7, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Буёқда ёш-ёш гўдаклар «аямни соғиндим, отамни соғиндим» деб чирқираб ўтирибди.
Судланувчининг ўзининг айбсизлиги, давлатга, ҳалққа, бировга ёмонлик қилмагани ҳақидаги нечанчи бор суддаги чарчоқли ёлворишидан сўнг ҳимоячи унга 11та айблов бўйича савол бериб, булар барчаси исбот-далилсиз экани маълум бўлгач, прокурор суд мажлисига раислик этувчига музокарага тайёр эмаслигини билдирди. Суд мажлиси бошланиб, давом этаётганида!
Ярим соат танаффус эълон қилинди. Прокурор коридорда телефонда гаплашди, докладчи судья юқори қаватларга чиқиб тушди. Сўнгра... ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди...
Аянчли ва қўрқинчилиси — қуйи инстанцияларда ҳеч ким бу иш юқори инстанцияларда бекор бўлиши мумкинлигидан... ҳайиқмаяпти!
Яна «мавзу»га қайтамиз: судья қачон мустақил бўлади, қачон унинг ўзи ҳукм ва қарор қабул қилади?
Бундан, судлардаги юз фоиз ишлар шу тариқа ҳал қилинар экан, адвокатларнинг роли юз фоиз ноль экан, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак. Судьянинг ўзи ҳал қиладиган, адвокатнинг билими, тажрибаси, нутқи, ишнинг пировард натижасига таъсир кўрсатадиган ишлар ҳам бор, талайгина.
Айни пайтда, мавзу — судьялар мустақиллиги. Қандай қилиб, қайси йўл билан? Бу — таклифталаб савол. Ўзим эса, ҳозирча, балки суд раислари лавозимини бекор қилиб, жиноят, фуқаролик ишларининг судьяларга тақсимотини судья иш юзасидан бўйсунмайдиган лавозимли шахсга топшириш керакдир, деган таклифдан нарига ўтолмаяпман.
Талабгорлар, судьянинг мустақил, амалда ҳақиқий мустақил бўлишидан манфаатдорлар биргалашиб таклиф киритишса, маъқул бўлармиди.
Бугун соҳада ёруғлик кўрина бошлади, ислоҳотлар мутлақо изсиз эмас.
Кейинги даврда ўн йилча муддат Олий судга раислик қилган тажрибали мутахассис, ҳурматли инсон акамиз негадир бирон марта на фуқарони, на адвокатни шахсан қабул қилганини эшитганимиз йўқ эди. Ҳолбуки, ҳар ойда бир марта раис қабули йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Балки, судлардаги бугун мавжуд айрим муаммоларнинг илдиз отишига шу ҳолат ҳам сабаб бўлгандир. Кейинги раис шахсан қабулни боплади, ҳар қабулда юз эллик-икки юз шикоятчи ярим кечадан келиб навбатга ёзила бошлади. Азоб эди.
Бугун эса, раис қабулига ҳам, ўринбосарлар қабулига ҳам кириш, таъбир жоиз бўлса, «жоннинг роҳати»га айланган: ҳар куни тўртта дарча ишлаб турибди, икки-уч дақиқада ҳужжат топширасиз, ўн-ўн беш дақиқада қабулга кирасиз.
«Бўлар экан-ку!» — дейсиз беихтиёр.
Яна, «тоштурма» деб аталмиш тергов ҳибсхонасидаги ташкилий ишлар, тартиб-интизом эътиборга лойиқ. Икки-уч йил олдин, жазирама иссиқда, қаҳратон совуқда ичкаридаги хоналар бўшашини кутиб кўчада навбатда турсангиз, бугун бир зумда иш битмоқда. Янги манзилга кўчгач, шароит янада яхшиланиши аниқ.
Мусулмончилик аста-секин дегандек, ёруғликлар бор. Кўринарли жойларда. Кўринмайдиган жойларга ҳам кириб боришига ишонгинг келади. Бугунги шиддатда албатта киради ёруғлик . Қоронғиликлар чекинади, умид қиламиз.
Ҳабибулла Олимжонов,
журналист, адвокат.
журналист, адвокат.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи