Андижон вилоятида яна бир йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Бу сафар Nexia автомобили ҳайдовчиси икки вояга етмаган болани уриб юборди, деб хабар берди вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 12-октябрь куни соат тахминан 14:30 ларда Андижон тумани “Қурама” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлда содир бўлган. Nexia-3 ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган Н.Я. ва Н.И. исмли болаларга урилган.
Натижада вояга етмаган Н.И.га “чап оёқнинг ёпиқ синиши” ташхиси қўйилди. Ҳамроҳи Н.Я. эса омадга кўра, тан жароҳатларисиз қутулди. Ҳар икки болага тиббий ёрдам кўрсатилган, уларнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Ҳодиса жойига ЙҲХБ ходимлари етиб бориб, дастлабки тергов ҳаракатларини бошлади. Ҳайдовчи сўроққа тортилган, ҳозирда воқеа сабаблари ўрганилмоқда.
Маҳаллий аҳоли таъкидлашича, бу йўл участкасида пиёдалар учун белгиланган ўтиш жойи аниқ белгиланмаган ва ҳаракат қаттиқ. Шу сабабли бу ерда илгари ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар қайд этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!