date

Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши майдонга чиқишга тайёрмиз”

Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши майдонга чиқишга тайёрмиз”

Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов Уругвай билан бўладиган ўртоқлик баҳси олдидан жамоанинг кайфияти ва тайёргарлиги ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, бу беллашув нафақат натижа, балки янги бош мураббий тактикаси учун ҳам муҳим синов бўлади.

«Эртанги ўйинга барча йигитлар тайёр. Бу ўйин осон кечмайди, чунки рақиб жуда кучли. Биринчи навбатда яхши натижа учун курашамиз, шу билан бирга майдонда ўз ўйинимизни кўрсатишни мақсад қилганмиз», — деди Шомуродов.

Форварднинг айтишича, жамоада ёшлар кўп ва бу улар учун катта тажриба бўлади:
«Ҳозир таркибда кўплаб ёш футболчилар бор. Асосий таркибдаги айрим йигитлар йиғинга кела олмади, жароҳатланганлар ҳам йўқ эмас. Шу сабаб, бу баҳс орқали янги таркибни синаб кўрамиз».

Шомуродов таъкидлаганидек, жамоа янги бош мураббий Фабио Каннаваро билан ишлашни энди бошламоқда ва ҳар бир ўйин — янги босқич ҳисобланади:
«Мураббийнинг тактик ғояларини амалда қўллаб кўрамиз. Биз учун муҳим бўлгани — жамоавий ҳаракат ва ишончни ошириш. Ҳар бир футболчи ўз ўрнини топиши керак».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги учрашув 13 октябрь куни Малайзияда бўлиб ўтади. Терма жамоа сардори сўзларига кўра, бутун жамоа ғалаба учун майдонга чиқиш ниятида.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши майдонга чиқишга тайёрмиз”