08:05 / 07.02.2018
6 805

Занги ота зиёратгоҳи – ўзлигимиз кўзгуси

Занги ота зиёратгоҳи – ўзлигимиз кўзгуси
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг илк кунларида Занги ота мажмуасини зиёрат қилди. Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди. Амир Темур даврида қурилиб, асрлар мобайнида не-не ўзгаришларни бошдан кечирган бу маскан XXI асрга келиб, мамлакатимиз мустақиллиги туфайли янги қиёфа касб этди.

Аллоҳ назари тушган Ўзбекистонимизнинг ҳар қаричи авлиёлар қадамидан обод бўлган, десак, муболаға эмас. Қўли меҳнатда, дили Аллоҳда бўлган мўътабар аждодларимиз кейинги авлодга беқиёс маънавий мерос қолдирганлиги туфайли табаррук тупроғимиз файзу баракадан ҳамиша мунаввардир.

Нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиёдаги пок ниятли зиёратчиларни ўзига тортиб келаётган Занги ота мажмуаси она-заминимиздаги ноёб тарихий меъморий, маданий-маърифий қадамжолардандир. Бу даргоҳга бевосита ташриф буюриш, у ердаги обида-ю ёдгорликларнинг асл моҳиятини дилдан ҳис қилиш чин маънода ўзликни англашга имкон беради.

Туркистоннинг буюк валийларидан бўлган бу зот Аҳмад Яссавий Ҳазратларининг устози Арслонбобнинг эвараларидандир. Манбаларда Хожа Аҳмад Яссавий Занги отага холавачча экани қайд этилган. Занги ота ҳам табиб, ҳам авлиё сифатида эл-юрт ўртасида катта обрўга эга бўлган. Ул зот фақир ва дарвешсифат инсон бўлиб, одамларнинг сигирларини боқиб, подачилик қилиб, ҳалол ризқ топиб, ғарибона ҳаёт кечирган. Намоз ҳамда зикрни канда қилмаган Занги отанинг кундалик умри доимо дала-даштда ўтгани туфайли намозни ҳам қир-адирларда ўқиган. Чорвадорлар Занги отани ўз пирлари, деб ҳисоблаганлар. Ривоят этишларича, Занги отанинг қарамоғидаги қорамоллар (сигирлар) яйловда ўтлаб, кечқурун уйга қайтишда кишиларнинг экинзорига кирмас, бир чимдим ҳам ўт-ўланга бўйнини чўзмас экан.

Занги отанинг бутун умри Мовароуннаҳр халқлари ҳаётининг оғир ва даҳшатли даврида кечган. Мўғул истилочилари мамлакатни хонавайрон қилиб, халқ оммасини қуллик исканжасига солган бир пайтда Занги ота ҳамда унинг издошлари халқ орасида ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик, адлу инсоф, поклик ҳамда яхшилик, меҳр-шафқат ва диёнат каби умуминсоний ғояларни тарғиб этган.

Занги ота зиёратгоҳи азалдан халқимизнинг эъзозли зиёратгоҳи бўлган бўлса, эндиликда бу ерда замонавийлик нишоналари уйғунлашиб, юртдошларимизнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган даргоҳга айланмоқда. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, деган тамойилни ёдга олсак, бу жойнинг асл қадри ёрқин намоён бўлади.

Дастлаб соҳибқирон Амир Темур 1397 йилда ушбу обидани бунёд эттирган бўлса, 1420 йилда Мирзо Улуғбек муҳташам ёдгорлик мажмуини янада ривожлантирган. Ўтган олти аср мобайнида муқаддас маскан устида неча бор офтоб чиққан бўлса, неча марта вайроналик соя ташлади. 2014 – 2016 йилларда мислсиз ободончилик ишларидан аждодлар руҳи шод бўлиб, бу даргоҳ жозибали гўшага айланди.

Нималар ўзгарди дейсизми? Шу ҳақда муфассал сўз юритсак. Мазкур мажмуа тубдан таъмирлангач, бири-бирини тўлдирувчи иншоотлар ўзаро уйғунлашиб, яхлит манзара касб этди. Зангиота, Анбар она мақбараларига бориладиган йўлак, майдонлар ораста, кўнгилни қувонтиради. 31 метрлик янги минора бу ерга салобат бағишлаб турибди. Агар таъбир жоиз бўлса, ушбу иншоотни истиқлол минораси, дейиш мумкин.

Майдоннинг кўзга кўринадиган жойларида иймон, диёнат, савобли ишларга ундовчи ҳикматли сўзлар, ҳадису шарифдан сатрлар лотин ва кирилл ёзувларида битиб қўйилган. Мажмуа ҳудудига кирар экансиз, кўркам қутилардан Қуръони карим суралари таниқли қорилар қироатида янграй бошлайди. Бу ерга ташриф буюрган зиёратчилар эзгу сўзлар, пурмаъно ҳадислардан, ажиб олам муҳитидан баҳраманд бўладилар.

Ҳар фаслда алмашиб турадиган кўркам гулзорлар, бахмал майсалар, тиниқ фавворалар, файзли суҳбатгоҳлар, кўрпачалар тўшалган шинам сўрилар зиёратчилар кайфиятини кўтаради. Кенг майдон саҳнига тўшалган кошинлар шакли-шамойили бир қарашда тартиб билан қўйилган жойнамозни эслатади. Демак, ҳайит тантаналарида намозгоҳга сиғмаган мусулмонлар шу кенгликда ҳам сафда туришлари мумкин.

Мажмуа эртадан кечгача зиёратчи ва сайёҳлар билан тўла. Айниқса, Юртбошимиз ташриф буюрганидан кейин бу ер янада гавжумлашди. Эътиборли томони шундаки, Занги ота мажмуасига бутун Марказий Осиё минтақасидан турли миллатлар вакиллари ташриф буюради.

Ушбу муқаддас қадамжода шундай ажойиб манзара яратилдики, бу ерни завқ билан зиёрат этган ҳар қандай инсон “Ўзимиз яшаётган жойни ҳам шундай гўзал масканга айлантирсак бўлади-ку”, деган хулосага келади. Ахир яхшиликдан яхшилик туғилади-да. Занги ота чин маънода қайта туғилди. Уни обод қилган, мажмуага янги ҳаёт бахш этган инсонлар меҳнати самараси асрлар оша туради. “Кўпнинг дуоси кўл”, дейдилар. Муқаддас масканга келган эзгу ниятли одамлар бу ердан янада покланиб чиқмоқдалар.

Дов-дарахтлар, гулу гиёҳлар ва шарқироқ сув ажиб микроиқлим яратган, маънавий жиҳатдан дилларга хуш ёқувчи муҳит қалбни аллалайди. Табиийки, бундай фараҳбахшликдан кўнгилларда эзгу туйғулар чечак ёзади. “Инсон бу фоний дунёда яхши амаллар, савобли ишлар билангина мангу қолиши мумкин”, деган хулосага келинади. Ўй-хаёлидаги ножоиз фикрлар барҳам топади. Ён-атрофдаги эзгу ниятли одамларга меҳри ошади, шундай заминда яшаётганидан ғурур-ифтихорга тўлади. Шундай ҳаётбахш кайфиятни дилда ҳис этган инсонлар эса янада аҳил, ҳамжиҳат яшашга интилади.

Занги ота тарихий мажмуаси ана шундай эзгу ўй-ниятларга сарчашма бўладиган муқаддас даргоҳдир. Шу маънода, Шайх Аҳмаджон Махдум Ҳанафий Нақшбандийнинг “Қаердаки, бир авлиёнинг қабри бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳурматидан ўша жойга баракот беради”, деган муборак каломи ижобат бўлаётгани айни муддаодир.
Собир Муродов,
Занги ота маданий-маърифий мажмуаси директори

Манба: uza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Занги ота зиёратгоҳи – ўзлигимиз кўзгуси