Ўзбекнинг тўйи ажойиб..
Бир йил олдин ваҳимаси бошланади: “уйлантириш керак”, “узатиш керак”, “бу йил юбилейим, нима қиламан”, “ўғлимизнинг хатнаси кечикиб кетди” деган ташвишлар бутун оиланинг оромини олади.
Кейин йил давомида маблағ йиғишади. Ўзини ўтга, сувга уриб пул топишади. Етмаганига қарз олишади. Бир бало қилиб тўй кунини белгиланади.Тўй куни белгиланган санадан бошлаб бу ташвишларга қариндошларнинг оилалари қўшилади: “тоғамиз тўй қилаётган экан, гилам олиш керак”, “аммамиз тўй қилаётган экан, яхшироқ сарпо ва тўянага пул топайлик”, “акам тўй бошлабди, соғумга қўй олишим керак”, “опам тўй бошлабди, жиянимга наввос олиб бормасам қандай тоға бўламан?”. Улар ҳам ўз каму кўстини унутиб қариндошининг тўйи ташвишига қўшилишади.
Тўйдан олдинги ҳафтада ташвишлар энг юқори чўққига кўтарила бошлайди: “хабар бердингми?”, “олиб келдингми?”, “олдингми?”, “бердингми?”, “гаплашдингми?”
Тўй учун жой белгиланади. Вақти етиб тўй ҳам бошланади. Карнай, сурнай билан тўй бошлангани маълум қилинади. Меҳмонлар кела бошлайди. Бир ишончли одам эшик олдида ўтириб олиб тўяналарни дафтарга қайд қилиб бошлайди. Биров хўкиз, биров қўй келтирса, биров гилам кўтариб келади. Кўпчилик тўяна, деб пул беради. Эътибор бериб қарасанг, ҳамма “предоплата” қилиб ресторанга киргандай холат..
Узоқ кутилган тўй бошланади. Ҳамма томошаталаб, ҳамманинг назари тўй эгаларида. Бир гапдон бошловчи ҳаммага бош бўлиб тўйни бошқаради. Олган пулини оқлаш учун тўй эгаларини мақтай бошлайди. Еттинчи осмонга олиб чиқиб, гап билан сал кам беҳиштнинг эшигига етказади.. Сўнг ширакайф меҳмонларга сўз берилади. Улар ҳам тўй эгасининг ота-боболари генофондини титкилаб чиқишади, фарзандларининг одоби-ю ахлоқини соатлаб мақташади. Аслида бу сўзларнинг ҳаммаси ҳамма тўйларда айтилавериб, айтилавериб, айтилавериб сийқаси чиқиб кетган.. Гапдон бошловчининг мафтункор шеърлари-ю, доно иқтибослари ҳам ўзининг “шпатлевка” қилинган юзидай безбет бўлиб кетган.
Тўйнинг авжи санъаткорлар билан бўлади. “Дуппа-дуппа” ҳаммани ўтирган ўрнидан даврага олиб чиқади. Тўйлар халқ раққослик санъатининг ноёб саҳнасига айланади. Ҳамма рақсга туша бошлайди. Биров кийимини, биров бўйи етган қизини кўз-кўз қилади. Уч кундан буён ухламаган тўй эгалари эса ичдан ўтганини билдирмаслик учун тинмай тиржаяди. Кейин уларни ўртага чиқариб қистир-қистир бошланади. Яна биров ит азобда топган тўянасини топширишдан олдин саҳнага олиб чиқиб роса намойиш қилади. (аҳмоқми кўрсатмай бериб, видеога ҳам олдиради)
Тўйдаги энг ёмон одатлардан бири одам ажратиш. Доимгидай раҳбарлар ва кибр аҳли тўйга сал кечроқ келади. Важлари бор: “селекторда эдик”, “бошқа тўйларга ҳам боришга тўғри келди”, “ишимиз қалтис”..
Бу тоифа одамларга бошқача илтифот бошланади. Оддий одамлар кўз ўнгида уларнинг дастурхонига тансиқ таомлар келтирилади. Коняк, вискилар қалашиб кетади. Мезбонлар ҳам қўли кўксида қирқ марталаб “хуш келибсиз” қилади. Тоифакаш одамдай паскаш бўлмайди ўзи..
Тўйнинг охири Ал-Кашшейнинг умматлари-алкашларники бўлади. Ҳамма чарчайди, алкашлар чарчамайди. Ҳамма тинади алкашлар тинмайди. Ҳасми, маҳрами демай ўпишишлар бошланади.
Тўй охирлаб санъаткорлар думини қисган тулкидай қочишга тушади. Биров рози, биров норози бўлиб, расмийлар аралашуви ва ғирт маст одамлар дуоси билан тўй тугатилади.
Тўй тугаган пайтдан тўй ҳақида ғийбатлар бошланади. Норозилар кўчани тўлдириб сўкиниб қайтади: “қўлингдан келса тўй қил, арақ эмас заҳар олиб келган экан”, “салатлари расво экан”, “дастурхонимга арзимаган пишириқ солибди, пас..”..
Эртасига “еттинчи осмон”дан тушган тўй эгаларининг уйидаги кайфиятни кўринг. Энди яна хафагарчилик бошланади: “онаси фалончи тўйда кўринмадими?”, “шу бизни кўролмайди, шунинг учун келмаган”, “хали тўй қилсин, кўрамиз, шу ифлосникига-чи умуман қадам босмайман." Бу ғавғоларни ҳамма билади.
Аммо энг қизиғи “бош оғриғи маросими”. Тўй эгалари ва яқинлари бирикиб тўйни якун қилишади. Бу маросимнинг дастурхони ажойиб ярми ичилган ароқлар, бир тишлаб қўйилган нонлар, кечаги салатлар.. Елкангда тоғдек қарз, яна нима ҳам ейсан? Қарздор одамга нима ҳам дейсан?
Абдулла Авлоний бундан юз йил олдин куюниб “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!” деган экан. Балки ўшанда ҳам тўйлар шундай бўлгандир. Билмадим-у бугунги тўйлардаги мантиқсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бир хонадонда кўрдим. Бошқа бировнинг тўйини деб, бу уйда жанжал бўлаётган экан. Сабабини суриштирсам, бу одамнинг ўғли куёв боланинг дўсти экан. Тўйга “нексия” заказ қилиши, янги костюм шим олиши, яна юз минг сўм тўяна қилиши керак экан. Отанинг айтишича, бунча пул йўқ, аммо ўғил топмаса кўнмаётган экан..
Баъзан уйга келсанг бирданига 4-5 жойдан тўйхат келиб турган бўлади. Ҳар бирига тўяна берсанг рўзғорга зил етади. Тўяна бермасанг “қурумсоқ” бўласан.. Қолаверса барибир ҳаммасига улгурмайсан.
Тўйда прокатчилар иштироки аянчли: минг киши кийган келин кўйлак, мингта тўй кўрган гилам, тўйма тўй юравериб тўйдан тўйиб кетган қўйлар, эчкилар, ярми дарз кетган тўйхона идишлари, минг марта ювилган дастурхонлар, тўйда афтини кўрсатиб маза қиладиган таниқли артистлар, доим бир хил ликиллайдиган отарчилар.. Ҳаммаси шайтоннинг изнига тушган одамнинг риё учун интилиши оқибатида бир жойга жам бўлиб кулгингни қистатади.. Тўйхона четдан кузатган одамга шайтоннинг уйидек кўринади.
Бундай тўйлардан воз кечиш даври келди.. Воз кечайлик. Тўйларимиз тартибли ва мазмунли ўтсин. Яхши ниятлар билан тарбия қилаётган фарзандларимизнинг тўйларини шайтоннинг изнига қўймайлик. Яхши ният билан бошлаб, яхшилик билан ўтказайлик. Бу оддий одамнинг мулоҳазаси.
Аллоҳ ўзи бизни ислоҳ қилсин!
Анвар Бўронов
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...