10:27 / 26.07.2018
3 625

Журналист мушоҳадага чорлайди. Суннат тўйи қилиш шартми?

Журналист мушоҳадага чорлайди. Суннат тўйи қилиш шартми?
Одатда мамлакат миқёсида нишонланадиган катта байрамлар арафасида оммавий ахборот воситаларида кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиб берилганлиги ҳақидаги хабарлар тез-тез кўзга ташланиб туради.

Ҳамкасбларимиз бу тадбирга ҳам, таъбир жоиз бўлса, “чопон кийдириб” юборишади. Аксарият мақолалар “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида”,деб бошланади.

Туман ёки шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган бундай тадбирни ёритиш жараёнида тўй болаларнинг фотосуратлари саҳифаларнинг кўринарли қисмига жойлаштирилади. Исми-фамилияси ёзилади, ота-онасидан интервьюлар олинади. Карнай-сурнай чалингани-ю, дастурхон ёзилгани, совға-саломлар тортиқ қилинганлиги, ёш қаҳрамонимиз номига омонат дафтарчалари очилиб, вояга етганида олиши шарти билан катта миқдорда пул ҳам қўйилганлиги бот-бот таъкидланади.

Фикримизча, аввало, оқсоқолларимиз, кўпни кўрган ёши улуғлар суннат тўйи ҳақида бафуржа ўйлаб кўришлари лозим. Уни қилиш шартмикан? Бу каби тадбирларни майли имконияти борлар ўтказаверсин.

Биз ҳокимлар ташаббуси билан ўтказилаётган суннат тўйларининг мақсадга қанчалик мувофиқлиги ҳақида айрим фикрларни ўртага ташламоқчимиз холос. Бир тасаввур қилинг: бундан йигирма йил аввал тўй боланинг омонат дафтарчасига қўйилган 10 минг сўм пулнинг бугунги қадри қанча бўлди? Ўша пайтда қўй олиш мумкин бўлган бу маблағга энди анқони уруғини ҳам олиб бўлмайди.

Энг асосийси бу эмас. Гап орият ҳақида кетяпти. 25 ёшга кирган йигитга “Сенинг тўйингни ҳоким қилиб берганлар” қабилидаги дашном эшитишдан ҳам оғирроқ маломат бўлмаса керак. Бу фикрни яна ҳам ривожлантириш мумкин. Эҳтимол кимлардир бошқача мушоҳада қилиши мумкиндир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва саховат кўрсатиш — энг олий фазилат. Лекин унга ошкоралик бериш риёкорлик эмасмикан? Халқимизда “Ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин” деган мақол бор. Алломаларимиз савоб ишни ошкора қилгандан, пинҳона амалга ошириш афзаллигини кўп бора таъкидлашган.

Янгийўллик таниқли шоирнинг қабрга мармартош қўйганларнинг номи ҳозиргача номаълум. Ёки закот берувчилар унинг қиймати ва манзилини ошкора қилмайдилар. Бу жараён шундай одоб ва лутф билан амалга ошириладики, қабул қилувчи унинг эҳсон эканлигини ҳам билмай қолади. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Юртимизда саховатли одамлар жуда кўп. Ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват кўрсатиш учун унинг холидан хабар олиш лозим. Кўрсатилган мурувватни ошкор қилиш шарт эмас. Бундан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор бўлади.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Журналист мушоҳадага чорлайди. Суннат тўйи қилиш шартми?