14:11 / 21.11.2018
2 971

Сенатор фикри: «Қасам билан ҳосил кўпаядими?»

Сенатор фикри: «Қасам билан ҳосил кўпаядими?»
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жамиятимизда демократик тамойилларни татбиқ этиш учун изчил, тизимли ишлар олиб борилмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова партия сайтида.

Унинг билдиришича, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир йўналишига илғор техника ва технологияларни олиб кириш, инновация яратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ҳам маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, мамлакатга даромад келтириш, давлатни ҳам фермерни ҳам бой қилиш мақсад муддаога айланган.

Шу кунларда Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган “фермерлар қасамёди” ҳам аслида юқорида келтирилган мақсадга эришиш ниятида амалга оширилган. Лекин, бу қанчалик тўғри бўлди ва бу қасамёд билан қишлоқ хўжалигидаги бугунги аҳволни яхшилаб бўладими?

«Қасамёд – ҳарбий ёки бошқа шу турдаги хизматга кираётганда, маълум бир статусни олаётганда (масалан, фуқаролик олаётганда ёки судда гувоҳлик бераётганда), лавозимга тайинланаётгандаги расмий ва тантанали онт ичиш маросими. Қасамёд фақат оммавий тарзда (омма кўз ўнгида) амалга оширилади ва қасамёд қилувчига уни – қасамёдни адо этмагани учун юридик жавобгарликни юклайди».

Демократик тузумларда қасамёд масъулият ҳажми улкан бўлган, масъулиятсизлик оқибатида жамият катта талофат кўриши мумкин бўлган ҳолатларда ҳамда судда – ҳақиқатни юзага чиқаришга сафарбар этилган идорадагина қўлланади.

Амалдаги қонунчиликка кўра фермер бу тадбиркор. У қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиради ва ўз фаолиятини бозор талаблари асосида юритиши керак. Фермерга қасам ичириш билан биз унга “маънавий чеклов” қўймоқдамиз, деҳқонни қасамга таянтириш жамиятимиз ривожи учун фойда келтирадими ёки зарар?

Бу ҳолат раҳбарият олдида “янгилик” яратиб, обрў олишга уриниш эмасми?

Қишлоқ хўжалигидаги салбий ҳолатлар саноқли бўлса барчага “оммавий” қасам ичириш зарурми? Агар бундай ҳолатлар кўп бўлса, унда уларни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қилиш, тизимли чоралар кўрилиши керак-ку!

Менинг фикримча, фермерларимизнинг бу йилги ноқулай шароитда мўлжалдаги ҳосилни етиштира олмаганлиги учун нафақат об-ҳаво ёки деҳқоннинг дангасалиги, уддабурон эмаслиги айбдор эмас, балки ишни ташкил қилишдаги тизимли камчиликларимиз сабаб бўлган, дейди депутат.

Қайд этилишича, туманларда бўлиб фермерлар, тажрибали деҳқонлар билан суҳбатлашиб қуйидаги сабаблар аниқланган. Яъни, фермерларда зарур даражада билим етишмаслиги, техникалар эскиргани ёки етишмаслиги, ернинг мелиоратив ҳолатини тўғри баҳолай олмаслик ва унга чора кўришдаги ночорлик, фермер хўжаликларнинг аксариятида агрономлар етишмаслиги, уруғчиликнинг ачинарли аҳволдалиги, суғориш илми унутилиб бораётгани, сув тақсимотидаги хатоликлар ва яна бир қатор камчиликлар аниқланган.

Менимча, қишлоқ хўжалигидаги қийинчиликларни бартараф этиш учун аввало юқорида келтирилган камчиликларни қандай йўқотиш мумкин деган саволга жавоб топиш керак, деб ёзади депутат.

Балки майда фермер хўжаликларидан уюшма ташкил этиб, уларда иш бошқарувчи, агроном, бухгалтер, тракторчи, сувчи каби зарур лавозимлар жорий этилиши молия ишларидаги, агрономия ишларидаги, умуман ишни ташкил этишдаги камчиликларни олдини олар. Мана шундай фермер-деҳқон уюшмаларига тажрибали инсонлар бошчилик қилса фермерларнинг масъулият ҳисси бир қанча кўтарилар?

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг барча туманларида ўтган ҳафта фермерларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтгани хабар берилганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Сенатор фикри: «Қасам билан ҳосил кўпаядими?»