date

Игорь Сергеев пенальти тепиш сирини ва ғалаба ҳиссини очди

Игорь Сергеев пенальти тепиш сирини ва ғалаба ҳиссини очди

"Пахтакор" ҳужумчиси Игорь Сергеев "Қизилқум"га қарши 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, учрашув осон ўтмаган, аммо натижа барчасини қоплаган.

«Беллашувнинг дастлабки дақиқалари бир оз оғир кечди. Ҳаракатларимиз секин бўлди, аммо Худога шукр, қисқа вақт ичида иккита тўп урдик — бири пенальтидан, бири стандарт вазиятдан. Шу билан ўйин анча енгиллашди. Бироқ, очиғини айтсам, бугунги ўйинни осон деб бўлмайди», — деди ҳужумчи.

Иккинчи бўлим ҳақида гапирар экан, Сергеев ўйин ритмининг бир неча бор бузилганини таъкидлади:
«Қизил карточка, ВАР текшируви, жароҳатлар... ҳаммаси ўйин суръатини секинлатди. Лекин асосийси — ғалаба. Натижа бор, демак, ҳаракатимиз зое кетмади».

Пенальти мавзусида эса у шундай деди:
«Менда пенальти тепишнинг аниқ бир услуби бор. Ҳар бир футболчи ўз услубига ишониши керак. Агар ўзингга ишончинг бўлмаса — тепма. Хавотир бўлса ҳам — тепма. Аммо ишонч борми — у ҳолда бор, теп ва гол ур».

Сергеевдан терма жамоада пенальти ижрочиси бўлиш эҳтимоли ҳақида ҳам сўрашди:
«Эслашимча, майдонда бўлганимда фақат бир марта пенальти белгиланган, у пайтда Шомуродов тепган. У сардор ва агар “ўзимга ишонаман” деса, мен унга фақат ёрдам бераман. Агар мураббий айтса ёки ишонч билдирса, бу вазифани бажаришга тайёрман. Лекин бу жамоавий иш, бу ерда тортишув бўлмаслиги керак».

32 ёшли ҳужумчи ҳозирги пайтда 18 та гол билан Суперлига тўпурарлари рўйхатида пешқадам бўлиб турибди. Унинг ўйини “Пахтакор” учун муҳим ғалабаларни таъминламоқда ва жамоани чемпионлик сари етаклаётгани аниқ.

Сергеевнинг сўзлари орқали яққол кўриниб турибдики — у нафақат майдонда, балки сўзда ҳам етакчи.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Игорь Сергеев пенальти тепиш сирини ва ғалаба ҳиссини очди