18:32 / 09.02.2019
3 462

Навоийнинг Мисрдан топилган нодир асарлари қўлёзмаси ҳақида биласизми?

Навоийнинг Мисрдан топилган нодир асарлари қўлёзмаси ҳақида биласизми?
Алишер Навоий қаламига мансуб «Хамса» ​, «Хазойин ул-маоний»​, «Мажолис ун-нафоис»​, «Лисонут-тайр»​ асарлари нафақат туркий халқлар, балки хориж аҳлини ҳам ўз бадиияти билан асрлар давомида жалб қилиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. «Оила ва жамият» нашри тадқиқотчи Рустам Жабборовнинг Навоийнинг аксариятга номаълум бўлган бир тўплами борасидаги изланишлари ҳақида мақола чоп этди.

Навоийнинг ижодий фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, у тартиб берган илк девон «Бадойиъ ул-бидоя»​ ҳисобланади. Худди шу девоннинг дебочасида «...халойиқ аросида минг байт — икки минг байт ортуғроқ-ўксукракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлиб эрди»​, дейди. Яъни ўзидан аввалроқ унинг ихлосмандлари 1000-2000 байт шеърини тўплам ҳолига келтиришганига ишора қилади. Бу тўплам «Илк девон»​ номи билан адабиёт оламида машҳур. Мазкур қўлёзма ҳозирда Россия Миллий кутубхонасида, Санкт-Петербургда сақланади.

Аммо шу пайтга қадар худди шу тахлитда, тахминан ўша пайтларда, яъни Навоийнинг мухлислари тўплаб, тайёрлаган яна бир нодир манба борлигини кўпчилик билмасди.

Ушбу қўлёзма ҳақида илк маълумотлар 1935 йилда нашр этилган Қоҳира кутубхонасидаги расмли қўлёзмалар феҳристида учрайди. Қўлёзманинг қандай қилиб Мисрга бориб қолганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Мазкур қўлёзма навоийшунос олим Афтондил Эркинов томонидан аниқланган ва айни пайтда ҳар тарафлама тадқиқ қилинмоқда.

Ушбу давлатда асрлар давомида бир қанча туркий сулолалар (мамлуклар, тулунийлар, усмонийлар ва ҳ.к) ҳукмронлик қилганини ҳисобга олсак, Мисрда туркий адабиётга ҳеч бўлмаганда сарой муҳитида қизиқиш катта бўлгани ўз-ўзидан равшанлашади.

Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»​ асари бир нусхаси айнан Қоҳирадан топилганлиги ҳам бежиз эмас. Шундай экан, Навоийнинг оққўюнлилар даврида тузилган девони Мисрдан топилганлигига ажабланмаса ҳам бўлади.

Девон хотимасидаги маълумотларга эътибор қаратсак, у 876 йили Ражаб ойининг 12-куни (1471 йил 24 декабрь) кўчирилган. Бу пайтда Навоий ҳали 30 ёшли йигит эди. Девон навқирон шоирнинг кечинмаларини англашга йўл очади.

Бу нодир топилманинг яна бир қимматли томони унинг Абдураҳим Хоразмий исмли шахс томонидан кўчирилганидир. У оққўюнлилар давлатида ном чиқарган хаттотлар сулоласининг атоқли вакили эди. Унинг отаси Абдураҳмон ва иниси Абдулкаримлар ҳам ўз даврининг хушнавис хаттотлари сифатида ном чиқаришган.

Девонни кўчирган Абдураҳим Хоразмий ўз даврида шеъриятда ҳам довруғ таратган, Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Ҳазрат Навоий ҳам «Мажолис ун-нафоис»​да Анисий исмли шоир ҳақида маълумот бериб ўтса-да, бу шоир айнан Абдураҳим Хоразмий эмаслиги аниқланган. Бироқ хоразмлик ота-бола хаттотлар ҳиротлик машҳур хаттот Султонали Машҳадий билан рақобатлашган, унга хос бўлган настаълиқ хатига сайқал бериб, уни янада такомиллаштиришгани маълум.

Девоннинг яна бир ажойиб хусусияти унинг тили билан боғлиқ. Қўлёзма билан танишган, аммо Навоий ижодидан бехабар китобхон бир ўқишда уни ўғуз туркчасида ижод қилган шоирнинг девони деб ўйлаши табиий. Масалан:

Меҳр чўх гўрсатдим аммо, меҳрибоне дапмадим,
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне дапмадим.
Ишқ аро юз мин маломат ўхина ўлдум нишон,
Бир камон абруда дузлуқдин нишоне дапмадим.

Кўриниб турибдики, машҳур ғазалдаги сўзлар ўғуз туркчаси (бугунги турк, озарбайжон, туркман, гагазу тиллари, ўзбек тилининг Хоразм шеваси)га мослаштирилган. Эҳтимол, хаттот Навоий шеърларини ўз шевасига уйғун тарзда кўчиргандир, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

Аммо ўша даврда Оққўюнли давлатида асосан туркий тилнинг ўғуз лаҳжасида гапирилган, сарой шеърияти ҳам асосан шу тилда битилган. Шу сабабли мазкур девон оққўюнлилар адабий муҳити вакили томонидан таҳрир (қисман таржима) қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Мақсад Навоий шеърлари тилини оққўюнлилар муҳитидаги туркий китобхонларга яқинлаштириш бўлган. Демак, ХV асрнинг 70-йилларидан бошлаб, Навоий оққўюнлилар саройи китобхонлари орасида эҳтиром топган ва улар Навоий шеърларини ўзлари сайлаб олиб, девон шаклида тартиб берганлар. Бу кезларда туркий муҳитда Навоий шоир сифатида танилиб, Ҳусайн Бойқаро саройидаги сиёсий фаолиятини эндигина бошлаётган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Навоийнинг Мисрдан топилган нодир асарлари қўлёзмаси ҳақида биласизми?