
Аксар миноралар тепасига лайлаклар ин қурган. Қизиғи, улар иссиқ ўлкаларга учиб кетмай, шу ерда қишлар экан. Бунинг сирини биласизми?
Аслида номига нисбат қўшиб айтиладиган шаҳарлар жаҳонда бармоқ билан санарли. Шулардан бири Фарғона марвариди саналган Қўқон шаҳридир. Ҳўқанди латиф... Латиф сўзи жуда кўп маънони англатади. Лутфли, карамли, файзли, латофатли, шоиру фуқаролар, олимларга ватан бўлган юрт. Неча замонлар Ҳўқанди латиф нафақат Мовароуннаҳрнинг, балки бутун Шарқнинг шеърият, назм-наво, маърифат марказларидан бири бўлиб келган.
Мазкур шаҳар кўчаларини пиёда кезсангиз, эътиборингиз марказида, албатта, Худоёрхон ўрдаси бўлади. Қадимий обиданинг улуғворлиги ақлни шошириб қўяди. Унинг яқинидаги майдонда оқ лайлаклар учиб-қўниб юрибди. Буни қаранг, бу улкан қушлар одамлардан чўчимайди. Кўпчиликнинг меҳри уларни шундай йўл тутишига сабаб бўлган.
Бу масканга ташриф буюрган хорижликларни кўпинча тинчлик, осойишталик, эзгулик рамзига айланиб улгурган ана шу лайлаклар ва уларнинг полапонлари қизиқтирар экан. Мана, сайёҳлар тик турганича, қушларга дон соча туриб ўзгача завқ ҳиссини туймоқда. Шунинг учун севимли ёзувчимизнинг «Ўткан кунлар» романида ёрқин бўёқлар ёрдамида тасвирланган шаҳарнинг юраги ҳисобланган Хон ўрдасидан у ёғи Америкадан, бу ёғи Франция, Германия, Италиядан ҳамда Хитойу Япониядан келган саргузашт ишқибозларининг қадами узилмас экан. Зиёрат чоғида шундоққина ёнидаги сон-саноқсиз минораларни қўли билан ушлаб кўриб, ёнидан жилолмай турган сайёҳлар билан юзма-юз келдим. Буни қаранг, бу ерда Қўқон дўпписи, Марғилон атласи ҳамда бошқа буюмлардан ажойиб ва такрорланмас коллекция намойиш этилаётган экан. Турфа гулларнинг хушбўй ифори димоғни қитиқлайди. Шунда, бир умр киндик қони томган Қўқонни соғиниб ўтган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат армонлари сабабини илғагандай бўлдим.
Буни қаранг, бу жойда қадимда Амирий, Махмур, Муқимий, Завқий, Фурқат, Хазиний шеърият бонгини чалиб, машварат ўтказган бўлса, Моҳларойим номи билан аталувчи мадрасада Нодира, Увайсий, Маҳзуна шеърият базмини уюштирган. Яна шу заминдан етишиб чиққан Усмон Носир, Чархий, Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла ўзларига сўздан ҳайкал қўйиб кетган.
Эътиборни жалб этадиган, ҳайратга сабаб бўладиган экспонатлардан бири аравадир. Маълумки, аждодларимиз минг йиллар давомида қўқонаравадан фойдаланган. Худоёрхон ўрдасида шундай аравалардан уч-тўрттасига кўзингиз тушади. Арава отдан ажратилса, шотиси осмонга кўтарилиб қолади. Қўқон аравада тезликни ошириб бўлмайди, бу қийин ва хавфли.
Баланд минора устига доира шаклида ин қурган лайлак ҳам қишни шу маконда ўтказар экан. Бу ҳол узоқ йиллардан буён муттасил равишда такрорланиб турар экан. Унга майин эсиб турадиган Қўқон шамоли ва бошқа офатлар ҳам таъсирини ўтказа олмаётир. Бунинг изоҳи йўқ. Шу боис одамлар ҳам лайлакни авайлайди. Хон ўрдасидаги сон-саноқсиз миноралар аждодларимизнинг кимлигини бизга ҳамиша эслатиб туради. Лайлаклар эса, юртимизга тинчлик, хотиржамлик ва қут-барака тилагандай гўё.
Улуғбек ЖУМАЕВ
Манба: «Оила даврасида» «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар