16:03 / 03.04.2019
5 932

Бўрибосар зотини сақлашни қиморбозлик билан адаштирманг

Бўрибосар зотини сақлашни қиморбозлик билан адаштирманг
Яқинда интернет тармоғида “Ўзбекистонда ваҳший қиморбозлик тури, яъни бўрибосар зотли итларни уруштириш авж олмоқда”, - деган мавзуда катта шов-шув кўтарилган эди. Бу мақола ҳурматли ҳайвонларнинг ҳимоячиларга жавобан битилган.

Маълумки, ҳар бир жонивор зоти асрлар давомида яшайдиган минтақанинг иқлимига, атроф муҳитига, озиқланиш манбаларига ва бошқа бир қатор шарт-шароитларига мослашиб шаклланади. Мослашиш қобилиятлар наслдан наслга ўтиб генетик хоссаларига айланади. Генетик хоссалар жонивор зотининг анатомик тузилишини, ташқи кўринишини, озиқланиш турини, яшаш ҳудудини (ареалини), хулқ-атворини ва бошқаларни белгилайди. Агар юқоридаги шарт-шароитлар узоқ муддат давомида ўзгарадиган бўлса, жониворнинг генетик коди фалажланиб, зот ўзгаради ёки йўқолади. Бу универсал тамойил ўзбек бўрибосарларига ҳам тааллуқли.

Ўтган ўн йилликларда бизнинг мамлакатимиз итбоқарчилигида катта ўзгаришлар содир бўлди. Азалдан минтақавий зотли итларимиз яшаш жойларида итларнинг маданий Европа ва бошқа ҳудудли зотлари пайдо бўлди. Табиий танлов ва миллий наслчилик услублари билан яратилган маҳаллий ўзбек бўрибосари зотлари, бошқа хорижий мамлакатлардан келитилган итлар билан чатиштирилиб, аста-секин бузила бошлади.

Ҳозирги вазият таҳлили кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон бўрибосари зоти ачинарли аҳволга тушиб қолди: ит клубларининг бу йўналишдаги фаолияти деярли кўринмайди; йиллар давомида мазкур зотнинг базаси шаклланмаган эди – “қўштириш” жараёни (“вязка”) профессионал даражада бажарилмаган. Натижада, итларнинг кўпчилиги қўрқоқ, бекордан бекорга вовуллайдиган ва зотга мутлақо мос келмайдиган бўлиб қолади.

Дарвоқе, Осиё республикаларида ўзининг донғи кетган зот турлари мавжуд, масалан: Қозоғистонда - Тобет, Туркманистонда - Алабай, Тожикистонда - Сахий Даҳмард, Қирғизистонда - қирғиз бўрибосари. Шулар каби, бизда ҳам ўзимизнинг Бўрибосаримиз бор-ку ахир! Нима учун биз ўзимизнинг кўп асрлик зотли насл билан фахрлана олмас эканмиз?

Бугун биз ЎЗБЕК БЎРИБОСАРИ зоти генофондини сақлаш зарурати ўта долзарб масалага айланди деган хулосага келиб, ҳақиқий тарафдорларининг кучи билан "ЎЗБЕК БЎРИБОСАРИ" зотини сақлаш Жамиятини яратдик, чунки кўп асрлик тарихига эга бўлган, маҳаллий шароитларга ажойиб мослашган итнинг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик лозим деб топдик.

"ЎЗБЕК БЎРИБОСАРЛАРИ" зотини сақлаб қолиш жамияти 2018 йил 26 февралдан бери фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда жамият қарамоғида 300 бошдан ортиқ ит рўйхатга олинган. Эксперт-кинолог бошчилигида яратилган гуруҳ Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Янгийўл туманлари, Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида мавжуд бўрибосарларнинг ҳозирги жонбошини ўрганиб чиқди. Ўзбек бўрибосарининг стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Жамият ўзининг асосий мақсади қилиб “Ўзбек бўрибосарлари” зотини сақлаш, зот билан ишлаш, зотдаги илғор вакилларни аниқлаш (сунъий танлов) асосида наслни кўпайтириш ҳамда барча зарур бўлган зоотехникавий ва тестинг билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли чора-тадбирларини амалга ошириш ва зоти популяцияси жонбошини, умумий ҳолатини яхшилаб, тизимга солиш қилиб белгиланган.

Дунёдаги барча ҳақиқий мутахассислар (“заводчиклар”) Осиё бўрибосарининг тоза наслини саралаб олишга ҳаракат қилади. Бўрибосар зоти энг зўр яхши вакилларини, руйхатдан ўтказиб бўрибосар зоти популяциясининг умумий аҳволини аниқлаш ва тизимга солиш мақсадида тест синовлари ўтказилади. Ўзбек бўрибосарини тест синовлари бу итларнинг ажралмас қисмидир. Тестларни қабул қилишда, оддий одам кўп ҳолатларда уларга салбий муносабатда бўлади. Қўриқчилик иши ва "тестлар" - бу уларнинг таянчдир. Уни олиб ташланг – бўрибосарлар Ер юзидан йўқ бўлиб кетади!

Бўрибосарнинг тест синовларида ўлдиришлар ва ваҳшийликлар йўқ. Бу – фақат алоҳида зоологик тадбир бўлиб, ҳеч қандай қимор ўйинларига ва “ит жангларига” алоқаси йўқ. Бўрибосарларнинг тест синовлари – бу қадимги зотининг муҳим таркиб этувчи характерини, руҳий кучи, жасоратини синашдир. Тест синовлари қатъий регламентланган. Жанг исталган сонияда тугатилиши мумкин.

Бўрибосарларни тест синовлари ҳақида ҳаваскорларнинг асосий нотўғри тушунчалари:

1) Эгалари – итларни мажруҳ қилиб ўлимга маҳкум этадиган шафқатсиз инсонлар!
Шундай деб, итлар жанги (“стаф, питбули” каби махсус ишлаб чиқилган жанговар ит зотларининг иштирокида) ҳақида эшитган одамлар бу тушунчани бўрибосар итига нисбатан ҳам адашиб қўллашади. Аслида, осиёлик итларнинг курашлари атиги бир неча сониядан бир неча дақиқагача давом этади. Бўрибосарлар - рақибининг кучсизлигининг дастлабки намойишдаёқ – жангни тўхтатадиган олийжаноб, мардонавор итлардир.

2) Сиз уларни жанг қилишга мажбурлайсиз!
Аслида, агар у истамаса, бўрибосарни курашишга мажбур қилишнинг иложи йўқ, бу ҳеч қандай машғулот билан машқ қилмайдиган туғма сифатдир! Жанг бошланмасдан олдин тугайди - агар рақиб қарши зарба бермаса, ютқазади. Бу ерда инсон маълум бир танловни амалга оширади ва наслчиликда фақат энг яхши бўрибосарлардан фойдаланишга ҳаракат қилади.

3) Нимага тест синовларини, итларга тумшуқбоғлар кийдириб тадбирларни ташкиллаштириш мумкин эмас?
Спорт кураши билан таққослашга тўғри келади. Қўл ва оёқлари боғлиқ курашган курашчилар қандай курашиш имкониятига эга бўладилар?

4) Эҳтимол, буларнинг ҳаммаси пул туфайли қилинар?
Тест синовларда тотализаторлар йўқлигини билиб, баъзи “ҳаваскорлар” хафа бўлишади.
Шов-шувга сабаб бўлган ходисалар борасида эса алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу зоотехник тадбир эди ва унда фақат ЎЗБЕК БЎРИБОСАРИ Жамиятининг аъзолари иштирок этди. Ўзбек бўрибосарини тест синовлари бу итларнинг ажралмас қисмидир. Қўриқчилик иши ва "тестлар" - бу уларнинг таянчидир.

Уни олиб ташланг - бўрибосарлар Ер юзидан йўқ бўлиб кетади!

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бўрибосар зотини сақлашни қиморбозлик билан адаштирманг