date

Тошкентда онлайн қимор ташкил қилган гуруҳ фош этилди

Тошкентда онлайн қимор ташкил қилган гуруҳ фош этилди

Тошкент шаҳрида қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари хорижий қимор сайтларига хизмат кўрсатиб, ўйинлар орқали олинган маблағларни криптовалюта орқали ювиш ва легаллаштириш билан шуғулланган.

Ички ишлар органлари, хусусан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор чоралар натижасида фаолиятни амалга оширишда фойдаланилган тўрт дона мобил телефон, 21 та банк картаси ва бир дона ноутбук ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шундай жараёнда гумонланувчилардан бири — фуқаро Э. — жиноий жавобгарликка тортилмаслик эвазига масъул раҳбарга 50 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилгани аниқланди.

Ички ишлар ходими бу ҳолат ҳақида қонун талабларига мувофиқ раҳбариятга ёзма равишда хабар берди. Унинг маълумоти асосида ИИВ Шахсий хавфсизлик бошқармаси, прокуратура ва Тошкент шаҳар ИИББ( Ички ишлар бош бошқармаси) ходимлари иштирокида тезкор тадбир ташкил этилди.

Натижада, гумонланувчи пора сифатида таклиф қилинган 50 минг долларни шахсан Ички ишлар раҳбарияти вакилига бермоқчи бўлган вақтда, далилий ашёлар билан қўлга олинди. Бу жараён холислар иштирокида, баённома асосида расмий тарзда қайд этилди.

Тергов материалларига кўра, ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (“Пора бериш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди, тергов ҳаракатлари эса ҳозир ҳам давом этмоқда.

Расмий манбалар маълумотига кўра, ушбу ҳолат нафақат онлайн қимор ташкил этувчиларнинг фаолиятини фош этди, балки ички ишлар тизимидаги ҳалоллик ва қонун устуворлиги тамойилларининг амалда таъминланаётганини ҳам намоён қилди.

Мутасаддилар таъкидлашича, бундай жиноятлар бўйича жазо муқаррар бўлиб, интернет орқали қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ёки унда иштирок этиш ҳам қонун билан қатъий тақиқланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда онлайн қимор ташкил қилган гуруҳ фош этилди