17:38 / 09.04.2019
3 712

Мактаб дарсликлари соҳасида "кичик инқилоб" содир бўлмоқда

Мактаб дарсликлари соҳасида "кичик инқилоб" содир бўлмоқда
Кейинги ўқув йилидан умумтаълим мактабларида муқобил дарсликлар асосида ҳам таълим бериш мумкин бўлади.
5 апрелда чиққан ҳукумат қарорига кўра, муқобил дарсликлардан мактабларда фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш режаланмоқда.

Режага кўра, илк муқобил дарсликлар таянч (пилот) мактабларда 2020–2021-ўқув йилидан бошлаб синовдан ўтказилади. Муқобил дарсликларга қўйиладиган талабларни Халқ таълими вазирлиги ишлаб чиқади.

Бу нега муҳим: Ўзбекистонда бугунгача ҳар бир фан бўйича фақат битта, давлат томонидан тасдиқланган дарслик амалда бўлган. Бу амалиётга 20-асрнинг ўттизинчи йилларида, бутун Совет иттифоқи бўйлаб таълим тизимини стандартлаштириш зарурати туғилганда ўтилган.

Лекин ҳар қандай мавзуни тушунтиришнинг, ўқувчида муайян компетенцияларни шакллантиришнинг турли йўллари мавжуд. Ўқитувчи дарс ўтаётганда шу йўллардан ўзига, ўқувчиларига энг мақбулини танлайди. Шундай экан, дарсликлар тизимида ҳам вариантлилик, танлов имкони бўлиши лозим. Ҳар бир фан бўйича Халқ таълими вазирлиги битта дарсликни тасдиқлаш ўрнига давлат таълим стандартларига мос келадиган бир нечта муқобил дарсликни тавсия қилса, ўқитувчи ўз ўқувчиларининг қизиқиш ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мақбулини танлаш имконига эга бўлади.

"Рақобат дарслик муаллифларини ҳам, нашриётларни ҳам сифатли дарслик чиқаришга ундайди. Ҳозирги тизимда ҳар бир фан бўйича дарслик ёзадиган “жамоалар” мавжудлиги, улар бу ишга “бегона”ларни асло яқин йўлатмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бу “жамоалар” дарслик замонавий методика талабларига жавоб бермаса ҳам миллионлаб нусхада чиқишини, гонорар тайин эканини билишади. Агар ўқитувчи ва ўқувчида танлов имкони бўлса, ҳалол рақобатда сифатли маҳсулот ғолиб бўлади, сифатсиз дарсликлар ўз-ўзидан четга чиқиб қолади. Назаримда, шу йўл билан таълим сифати ҳам ошади", – дейди University College London (UCL) ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислиги магистранти Комил Жалилов “Маърифат” газетасига берган интервьюсида.

Муқобил дарсликларни таълим тизимига киритиш аввало хусусий мактаблардан бошланган. Шерзод Шерматов халқ таълим вазири этиб тайинлангандан сўнг бу мактабларда мажбурий дарсликлар билан бир қаторда дунёнинг нуфузли нашриётларида чоп этилган дарсликлар бўйича дарс ўтишга ҳам рухсат берилган.

"Мажбурий ўқитиладиган дарсликларга қўшимча сифатида бошқа дарсликни ишлатмоқчи бўлишса, китобнинг устига оқ қоғоз ўраб, комиссия келди деб ёзиб қўйишаркан. Ҳозирга келиб бу нарсага чек қўйилди. Қўшимча адабиёт ишлатмоқчи бўлса, марҳамат, фақат улар арзон турмайди. Масалан, MacMillan китобларини сотиб олмоқчи, лекин уни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Шуларни сотиб олмоқчими, марҳамат, муаммо йўқ. Буни тақиқлашдан нима фойда?" – деб изоҳлаган ўз қарорини вазир.

Ҳужжатда ХТВ кўриб чиқиши учун дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни хорижий ижодий жамоалар ҳам топшириши мумкинлиги айтилган. Лекин халқ таълими вазири Шерзод Шерматов аввалроқ дарсликлар мазмуни масаласида хориждан ёрдам олмаган маъқул эканлигини таъкидлаган.

"Ўзбекистонда таълим сифатини кўтаришга молиявий кўмак, грант бериши мумкин бўлган барча халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Лекин дарсликлар масаласида хориждан ёрдам олиш ниятимиз йўқ. Чунки дарсликлар орқали бошқа мафкурани сингдириш имкони бор. Шу сабабли грант берувчиларга асосан мактабларни ичимлик суви ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, иситиш тизимини яхшилаш каби масалалар таклиф қилинмоқда, чунки булар мафкурадан холи масалалар", – деган Шерзод Шерматов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактаб дарсликлари соҳасида "кичик инқилоб" содир бўлмоқда