09:09 / 02.05.2019
4 954

Юнусобод тумани собиқ ҳокими судда ДХХнинг собиқ раҳбарларини айблади (фото)

Юнусобод тумани собиқ ҳокими судда ДХХнинг собиқ раҳбарларини айблади (фото)
2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олишда гумонланиб қўлга олинганди.

Кейинги ойлар давомида мазкур иш доирасида тергов ишлари якунланиб, суд жараёнлари бошланганди. Жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилаётганди.


Судланувчилар Б. Абдусаматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш»), 210-моддаси («пора олиш»), Ў. Мухамедсаидов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик»), 28-моддаси («жиноят иштирокчиларининг турлари») орқали 211-моддаси («пора бериш»), 212-моддаси («пора олиш-беришда воситачилик қилиш») ва Ш. Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси («пора бериш»), 212-моддаси («пора олиш-беришда воситачилик қилиш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.

Бугун, 1 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида иш кўрилиши давом эттирилди. Суд жараёнида прокурор Сардор Аҳмедов суддан Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан қўйилган Жиноят кодексининг 210-моддаси («пора олиш») айбини олиб ташлашни сўради. Бироқ, Жиноят кодексининг 205-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») доирасида тегишли тартибда жавобгарликка тортилишини сўради.

Шунингдек, судланувчи Ў. Мухамедсаидовдан Жиноят кодексининг 212-моддаси («пора олиш-беришда воситачилик қилиш») бўйича айбловни олиб ташлаб, қолган моддалар бўйича айбдор деб топиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Бундан ташқари, Ш. Маликовдан ҳам Жиноят кодексининг 212-моддаси бўйича айбловни олиб ташлаб, суддан бошқа моддалар доирасида айбдор деб топилиши ва 11 йилга озодликдан маҳрум этилишини сўради.

Шундан сўнг, судланувчиларнинг адвокатлари бирма-бир судда нутқ сўзлади.

Бахтиёр Абдусаматовнинг ҳимоячиси Тимур Раҳматуллаевнинг айтишича, ҳимоясидаги шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят кодексининг тегишли моддалари юзасидан жиноят таркиби йўқ. Яъни, у Абдусаматов мутлақо айбсизлигини таъкидлади.

Тергов органлари мазкур иш юзасидан далилларни тўплашда тегишли қонунчиликка амал қилишмаган. Ўша вақтда туман ҳокими Бахтиёр Абдусаматов бир вақтнинг ўзида туман халқ депутатлари кенгаши депутати ҳам ҳисобланар эди. Лекин номаълум «оператив ходимлар» томонидан 2018 йилнинг 6 сентябрь санасида жиноят процессуал кодексининг 233-моддаси (иммунитет ҳуқуқи) бузилган ҳолда Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлимига тергов учун топширилган.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида уни асоссиз равишда инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олганликда айблашган. Бу нотўғри ва ёлғон маълумот бўлиб чиқмоқда.

«Суд тергови жараёнида дастлабки тергов органи томонидан Бахтиёр Абдусаматов қўлга олинганидан сўнг, сунъий равишда ва нотўғри йўллар билан далиллар тўплангани аниқланди. Шу билан бирга, у ушланганидан сўнг, ҳибсга олиш, ҳибсда ушлаб туриш ва бошқа процессуал нормалар бузилгани ўз тасдиғини топди. Бахтиёр Абдусаматов ҳибсда бўлган чоғида «номаълум хавфсизлик ходимлари» тумандаги тадбиркорлардан катта миқдордаги пора олганлигига оид шубҳали маълумот билан таништиришади. Ходимлар Бахтиёр Абдусаматовдан 600 минг АҚШ доллари миқдорида пул олиб келиб бериши, кейин видеотасмага тавба қилиши туширилиши, видео тегишли бошлиқларга кўрсатилгач, уни қўйиб юборишлари ва ишини (ҳокимлигини) давом эттириши мумкинлигини айтишган. Шундан сўнг, судланувчи яқин қариндошлари ва танишларига моддий томондан ёрдам сўраб алоқага чиқади. Бир неча уйлар, автомобиллар гаровга қўйилиб, 7-10 сентябрь саналари орасида 400 минг АҚШ доллари йиғилади. Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли департаментига олиб келиб берилади.

Бу вақт оралиғида унинг ўзига ва яқин қариндошларига нисбатан ёлғон маълумотлар йиғилган ҳужжатларни кўрсатиб айбига иқрор бўлишни сўрашади. 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги сумма олиб келиб берилгач ҳам у қўйиб юборилмайди ва хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонасига жўнатилади. Тергов жараёнларида тегишли далиллар, кўрсатмалар бир неча марта ўзгаргани бунинг ёрқин далили. Суд терговида Бахтиёр Абдусаматов 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олгани ўз исботини топмади. Сунъий равишда оммавий ахборот воситаларида унга қарши бўҳтонлар тарқатилиши ҳам бунга яққол мисол», - деди адвокат.

Маълумотларга кўра, Бахтиёр Абдусаматов 6 сентябрь куни тахминан соат 19:00да қўлга олинган бўлса, 4 кун ўтгач, 10 сентябрь куни шаҳар прокуратураси таклифига кўра, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари рухсати билан депутатлик иммунитет ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Ҳимоячи шунингдек, жиноят процессуал кодексининг ушлаб туриш асослари, ушлаш чоғида иммунитет ҳуқуқидан фойдаланувчи шахслар, жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туриш тартиби, ушлаб туриш баённомасини тузиш ва ушлаб туришнинг асослилигини текшириш ва бошқа моддалари бузилганини таъкидлади.

«Б.Абдусаматовга нисбатан қўйилаётган яна бир айблов ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш юзасидан ҳам айбсиз экани ва суд бунга оид маълумотларни текшириши лозимлигини сўради. Судланувчига қарши кўрсатма берган И.Алимов ва бошқалар буни хоҳлашмагани ва кучли босим остида бу ишларни қилишга мажбур бўлишганини тан олган. Мазкур тадбиркорлар томонидан тумандаги ижтимоий ҳаёт ва инфратузилмани яхшилаш учун ихтиёрий равишда маблағ тўпланган. Бу сумма 2 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Бу ҳеч қандай шахсий эҳтиёжлар учун олинмаган ва сарфланмаган», - деди адвокат.

У суддан гаров эвазига олинган 400 минг АҚШ долларини унинг оиласига қайтариш ва автомобилларга қўйилган тақиқларни ечишини сўради. Тегишли процессуал моддаларга кўра, унинг ишдан олиниши ҳам ноқонуний бўлганини айтиб ўтди.

«Фикримча, кимдир сохта обрў орттириш мақсадида мазкур ишларни оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб уюштирган. Бу ишларни Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари, биринчи ўринбосари Ж.Эгамов, тегишли департамент бошлиқлари ва бошқалар ташкиллаштиришган. Аризачилар ўз хоҳиши билан ариза бермаган. Барчаси мажбурланган. Қандай қилиб тадбиркорларга ҳомийлик учун пул берасан, кейин пора деб ёзиб берасан дейишлари мумкин? Яна оила аъзолари билан қўрқитиб.

Прокуратурага раҳмат, пора бериш жиноятини мендан олиб ташлашни сўраб судга илтимоснома киритди. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби бўйича гапирадиган бўлсам, бу пуллар кам таъминланган оилаларга қурилиш материаллари сотиб олишга, «Биллур» МФЙ фуқаролари учун асфальтга ва бошқа хайрли ишларга сарфланди. Қандолат маҳсулотлари янги йилда кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига тарқатилди. Суддан барчасини ҳисобга олиб адолатли қарор чиқаришини сўрайман», - деди Бахтиёр Абдусаматов.

Бошқа судланувчилар Ў. Мухамедсаидов ва Ш. Маликов айбига қисман иқрор бўлиб, суддан барча ҳолатларни ҳисобга олиб адолатли қарор чиқаришини сўради.

Кейинги суд мажлиси 6 май санасига қолдирилди.
Зафарбек Солижонов қатнашди

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юнусобод тумани собиқ ҳокими судда ДХХнинг собиқ раҳбарларини айблади (фото)