14:58 / 19.05.2019
3 386

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир “ҳунармандлар”

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир “ҳунармандлар”
Юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланувчиларга янада қулай шароит яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб енгилликлар берилган.

Қувонарлиси, Бухорода ҳам солиқ қонунчилигига риоя этган ҳолда иқтисодиётимиз юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳунармандлар сафи тобора кенгаймоқда.

Биргина мисол. 2019 йил 1 май ҳолатида вилоятда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 1800 нафарга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 700 тага кўпдир. 2018 йил давомида вилоятимизда фаолият олиб бораётган ҳунармандларга қатъий белгиланган солиқ бўйича 1 миллиард 500 миллион сўм миқдорида имтиёз қўлланилган. 2019 йилнинг ўтган даврида эса солиқ имтиёзи туфайли вилоят ҳунармандлари ихтиёрида 660 миллион сўмдан ортиқ маблағ қолди.

Афсуски, шоли курмаксиз бўлмас экан.Гап шундаки, ҳунармандчиликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолигига кириб, солиқ имтиёзларидан фойдаланиб қолишга уринаётганлар учрамоқда.

Бухоро шаҳрида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар чоғида ана шундай учар тадбиркорларнинг бир нечтасини учратдик.

Аниқроғи, таҳлил қилинганда, баъзи “уста”ларнинг машғулоти тадбиркорлик гувоҳномасидаги фаолият турига мос келмаслиги маълум бўлди.

Устахонаси йўқ ҳунарманд ҳам бўладими?

“Тоқи телпакфурушон” мажмуасида ўтказилган профилактик назорат тадбирида қонунга зид тарзда ишлаётганларнинг анча –мунчаси аниқланди. Хусусан, ҳужжатда “миллий либослар тайёрлаш” фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд деб кўрсатилган Илҳом Аҳмедов ўз дўконида қизлари билан ҳунармандчилик буюмлари эмас, балки ишлаб чиқарувчиларнинг тайёр маҳсулотлари билан савдо қилмоқда. Шу куни улар ўзларини ҳар қанча ҳунарманд эканликларини исботлашга уринмасинлар, хатти-ҳаракатлари бунинг аксини кўрсатаверди.

Мисол учун, миллий либослар тайёрлаш цехини кўрсатишларини сўраганимизда ота-болаларнинг пайтавасига қурт тушди. Ачинарлиси, улар томонидан кўрсатилган тикув цехида ва алмисоқдан қолган тикув машинасида ишлашнинг ҳеч иложи йўқлиги кундай равшан эди.

- Маҳсулотларимизни асосан қўшниларимиз тайёрлаб беришади, қизларим эса уларни “Тоқи телпакфурушон” мажмуасидаги дўконимизда сотишади, - дейди Илҳом Аҳмедов. – Тўғрисини тан олишим керак, ҳунармандчилик буюмлари билан савдо қилувчи ҳам солиқ имтиёзига эга деб ўйлагандим.

Давлат солиқ хизмати ходимларининг профилактик суҳбатларидан тушундимки, ушбу имтиёздан фақат ҳунармандларнинг ўзлари фойдалана оларканлар. Энг асосийси, фаолиятимни зудлик билан қонунийлаштириб, фарзандларимни ёлланма ишчи сифатида ишга қабул қилсам, уларнинг келгусидаги пенсия таъминоти учун ҳам яхши бўларкан.

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, фаолият кўрсатаётган Илҳом Ахмедовнинг банкда ҳисоб рақами бор ёки йўқлиги билан қизиқдик. Аслида давлат рўйхатидан ўтган ҳар бир ҳунарманд ҳисоб рақами очиш учун банкларга мурожаат қилиши керак. Бироқ, бу хизматлар бепул амалга оширилса-да, унинг ҳисоб рақами мавжуд эмас.Ҳатто назорат касса машинаси ҳам йўқ.

Ушбу ҳолат аслида гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиши учун “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолигига киритилган Мастура Эгамованинг ҳам фаолиятида кузатилди. Унинг Тоқи телпакфурушон мажмуасидаги савдо дўконида турмуш ўртоғи Юнус Эгамов ҳам савдо фаолияти билан шуғулланяпти.

Биз бу ердаги гул босилган газламалар ва чокли буюмлардан ташқари ҳунармандчилик маҳсулотларини кўздан кечириб, улардан айнан қайси бирини ўзлари тайёрлаганликларини ва ҳунармандчилик устахоналарини сўрадик. Афсуски, ушбу саволларимизга улар тайинли жавоб бера олмадилар.

Ана шундай кўзбўямачилик йўли билан “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолигини олиб, қатъий белгиланган солиқ ҳамда ягона ижтимоий тўловни тўлашда имтиёзни қўлга киритган Раъно Раҳмонова учун давлат солиқ хизмати ходимларининг профилактик суҳбати фойдали бўлди.

Р.Раҳмонова бу билан узоққа бора олмаслигини ва фаолиятини қонунийлаштириб қўйса, имкониятлари янада кенгайишини тушуниб, шу куннинг ўзида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш фаолият тури бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди.

Солиқларга бировнинг ҳақи деб қарашимиз керак

Тоқи телпакфурушон мажмуасида ўтказилган профилактик тадбир кунида қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Ўзини ҳунарманд деб таништирган Истат Яхшиева савдога қўйилган маҳсулотларни ўз қўли билан тайёрлаганига бизни ишонтирмоқчи бўлди. Аммо, отаси Эрмат Яхшиевнинг сўзлари унинг фикрларини бутунлай инкор қилди.

- Вилоятимизнинг Шофиркон ва Навоий вилоятининг Нурота туманларида ҳунармандчилик цехларимиз бор, - дейди Эрмат Яхшиев. – Мазкур цехларда 50 га яқин хотин-қиз қўлда асосан сўзана ва гиламлар тўқийди. Уларнинг бажарган ишига қараб, оғзаки келишувга кўра ойига 500 минг сўмгача ҳақ тўлаймиз.

Кўриниб турибдики, у солиқдан қочиш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган. Бу ҳам етмагандек жойларда яширин цехлар ташкил қилган, кўплаб фуқароларга “конверт” усулида ҳақ тўлаяпти.

Ҳақиқий ҳунармандлар эса фаолият туридан келиб чиққан ҳолда 5 нафардан 10 нафаргача шогирдни ёллаб ишлатиб, уларга расмий равишда маош беришяпти.

Ана шундай ҳунармандлардан бири Бахтиёр Кенжаевнинг суҳбатга тортдик.

- Негадир ҳунармандларга берилган солиқ имтиёзларидан кўзбўямачилик қилиб, фойдаланишга уринаётганлар кўпайиб бормоқда, -дейди у. – Қарийб 40 йилдан бери гиламчилик билан шуғулланиб келаман. Ҳукуматимизга раҳмат, бизга берилган енгилликлар туфайли ўғилларим, келинларим ва невараларим ҳам шу касб этагидан тутишди. Ҳунарнинг осони йўқ.

Биз барча жараёнларни ўз қўлимиз билан бажарамиз. Берилган енгиллик ва солиқ имтиёзларини ана шу машаққатли ишларимиз учун мукофот деб биламан. Шундай экан, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бундай кишиларнинг ишларини тўғри деб ўйламайман. Негаки, солиқларга ҳам бировнинг ҳақи деб қарашимиз керак. Ўзганинг ҳақига эса хиёнат қилинмайди.

- Мен тайёрлаган маҳсулотларни Бухоромизнинг эски шаҳар қисмидаги кўпчилик тадбиркорлар сотиб олишади, - дейди яна бир суҳбатдошимиз Ахтам Субҳонов. – Ўз ижодий ишларимни асосан, Абдулазизхон мадрасасидаги устахонамда тайёрлайман. Бу ишларда ўғлим ёрдам беради. У ҳам келажакда менга ўхшаб ҳунарманд бўлмоқчи.

Фикримизча, ана шундай “уста – шогирд” анъанаси изчил давом этса, “Ҳунарманд” уюшмаси мутасаддилари бу ташкилот аъзолигига қабулда жиндай эътиборлироқ бўлишса биз юқорида мисол тариқасида келтирган нохуш ҳолатлар барҳам топади.

Таъкидлаш керак, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, улар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Бироқ, ана шу имкониятларга қарамай айрим тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқлардан қочиш ҳолатлари кузатилаётгани ачинарли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳунармандлар учун берилган солиқ имтиёзларидан ноқонуний равишда яъни, ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган фуқароларга 10 кун муддатда фаолиятларини қонунийлаштириб қўйишлари бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.

Баҳодир Файзиев,
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан
алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир “ҳунармандлар”