23:56 / 25.05.2019
4 083

Талафотни тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли

Талафотни тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли
Ёхуд авария ҳолатидаги кўприкнинг қулашини кутамизми?

Халқаро аҳамиятдаги А-380 «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 184-километрида «Аму-Бухоро» канали устидаги йўл ўтказгич, яъни Қоровулбозор туманига кириш йўлидаги кўприкда HOWO русумли оғир юк ташувчи автомашинанинг тушиб кетгани эсингиздами? Ўша кўприк таъмирлангунча олти ойдан ошиқроқ вақт ўтди.

Бу вақт ичида йўл ўтказгичдан енгил автомобиллар навбат билан узундан-узоқ тирбандликда ўтишган бўлса, юк автомобиллари 25 километрли айланма йўлларни босиб ўтишига тўғри келди. Бу фалокатга аввало кўприкнинг ўта катта оғирликдаги авторанспорт воситаларини кўтаришга мўлжалланмагани, қолаверса, 30 йилдан буён таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолгани сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Кўза кунда эмас, кунида синади, дея бежиз айтилмаган.

Қачон сабоқ бўлади?

Шу ўйлар билан Когон туманидаги катта темир йўл устидаги кўприкдан («Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 208 километридаги йўл ўтказгич) ўтаётганимда негадир ҳар гал хавотирга тушаман. Ушбу йўл-ўтказгич ҳам аллақачон таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолган. Турна қатор бўлиб тизилиб ўтаётган катта-кичик юк машиналар дейсизми, автобус, трактор, енгил автотранспорт воситалари дейсизми — охири кўринмайди. Агар бу кўприк қулайдиган бўлса, бир эмас, бутун бошли машиналар карвонига, бу ҳодиса поезд ўтаётган пайтга тўғри келса, юзлаб одамларнинг ҳаётига хавф солиши табиий.

Ушбу кўприкнинг ҳозирги аҳволи, қанча оғирликкача юк кўтара олиши ва қачон таъмирланиши ҳақида сўраш учун вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига мурожаат қилдим. Бошқарма ходими кўприкнинг ҳақиқатдан ҳам таъмирталаб экани, уни таъмирлаш 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилгани, ҳаттоки Президентимизнинг 29-30 март кунлари вилоятга қилган ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда бу масала кўтарилганини айтди.

— Тез орада қурилиш бошланади, деяпсиз, таъмирлашнинг аниқ муддати белгиланганми, сўрадим мутахассисдан.
— Бу катта кўприкни қуриш осон иш эмас синглим, камида олти ой, бўлмаса бир йил вақт кетади. Лойиҳа тузилади, шартномалар имзоланади. Барчаси вақт талаб қилади, — деди у.

Олти ой ёки бир йил ичида кўприкнинг қулаб тушмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Қачон сабоқ олишни, хулоса чиқаришни ўрганамиз? Шунинг учун ҳам мутасаддилар эътиборини айнан шу масалага қаратишни лозим топдик. Унинг ҳозирги ҳақиқий ҳолати ҳақида мутахассис хулосаси масъулларнинг масалага жиддийроқ ёндашишга ундашига ишонамиз.

Мутахассис хулосаси

— Халқаро аҳамиятдаги А-380 «Ғузор — Бухор — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 208 километридаги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган бўлиб, унинг узунлиги 100,9 метрни ташкил қилади, — дейди вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бош мутахассиси Фаррух Деҳқонов. — Йўл ўтказгич Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги 2697-сонли қарорига асосан қайта қуриш дастурига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 июлдаги 05-21/1-540-сон билан рўйхатга олинган 148-баённомасига асосан йўл ўтказгични қайта қуриш ишлари учун бош пудратчи этиб, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиштрести» унитар корхонаси белгиланган. Лекин, бугунги кунга қадар объектда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун буюртмачи ва пудратчи корхона ўртасида шартнома тузилмаган.

Мавжуд йўл ўтказгич (кўприк) кириб-чиқиш жойларидаги ўтиш плиталарининг мутлақо талабга жавоб бермаслиги натижасида қониқарсиз ҳолга келиб қолган. Йўл ўтказгичнинг қатнов қисми конструкциялари бутунлай яроқсиз ҳолга келган бўлиб, ёғингарчилик сувлари кўприкнинг оралиқ қурилмаси ва таянчлари ҳолатини вақт ўтган сайин емириб бормоқда.

Деформация чоклари авария ҳолатига келган бўлиб, улар остида кўндаланг ёриқлар ва айрим жойларида ўйиқлар пайдо бўлган. Йўл ўтказгичнинг мавжуд металл панжаралари ҳам, кириб-чиқиш жойларидаги йўл тупроқ кўтармаси кенглиги ҳам меъёрий талабларга жавоб бермайди.
Ҳозирги кунда замонавий оғир юк ташувчи транспорт воситалари тиркамаси билан юз тоннадан ортиқ юк олиб ўтмоқда.

Суткасига 4 минг йўловчи

Фаррух Деҳқонов айтганидек, ушбу йўл ўтказгичнинг бугунги аҳволи анчагина жиддий. Ушбу халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг серқатновлиги эътиборга олинса, ҳар икки томонга ўтаётган юк ташувчи машиналар ҳисобига кўприкка 200 тоннадан ортиқ оғирликдаги юк тушаётгани ҳам сир эмас. Бу эса хавфни янада оширади. Йўл ўтказгич устидан ўтаётганларнинг ҳам, темир йўлдаги поездлар хизматидан фойдаланаётган фуқароларнинг ҳам ҳаётини таҳликага солади.

Ўрганишни давом эттириб, бир суткада йўл ўтказгич остидан ўтувчи поездлар сонини билиш учун Бухоро темир йўл вокзалига бордик. Бу ерда мутахассиснинг берган маълумотига кўра, Бухоро — Тошкент, Хива — Тошкент, Қўнғирот — Тошкент йўналиш поездлари бир суткада бориб келишини ҳисобга олсак 6 маротаба айнан шу кўприк остидан ўтади. Афросиёб поезди эса бир суткада икки маротаба бориб келади. Демак, 4 маротаба кўприк остидан ўтади. Бундан ташқари, ҳафтанинг баъзи кунларида эса 12-16 мартагача поездларнинг қатнови йўлга қўйилган.

Битта йўловчи поезди 400-450 нафар, Афросиёб поезди эса 250 нафар йўловчи билан йўлга чиқар экан. Демак, бир суткада 3700-4000 йўловчи поездлар хизматидан фойдаланади. Шундай экан, ушбу поездлар устидан ўтувчи кўприкнинг қулашини, у етказадиган талафот ва фалокат оқибатлари ҳақида ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Гап одамлар ҳаётини таҳликага соладиган сабаблар ҳақида кетар экан, бу масалани эътиборсиз қолдириб ёки кечиктириб бўлмайди.

Ушбу йўл ўтказгични қуришда бош пудратчи этиб, «Кўприкқурилиштрести» унитар корхонаси белгиланган экан, уларга қачон маблағ ажратилади, қачон лойиҳани ишлаб чиқишади, қачон буюртмачи билан шартнома тузишади деб, қўл қовуштириб ўтиришнинг пайти эмас, бизнингча.

Балки, янги, чидамли кўприк қурилиб фойдаланишга топширилгунига қадар бошқа ушбу йўл ўтказгич вазифасини бажарувчи йўл йўқлигини инобатга олиб, унинг устидан ўтаётган транспорт воситаларини тартибга солиш лозим. Мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда оғир юк ташувчи машиналар қатновини назорат қилиб, белгиланган оғирликдаги транспорт воситалари ўтишини йўлга қўйишар балки.
Биз эса ушбу масалада тегишли мутасаддилардан муносабат кутиб қоламиз.
Наргиза ҚУВОНЧЕВА

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талафотни тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли