Баъзи ота-оналардан «Фарзандим айтганимни қилмаяпти, шунча берган тарбиямдан ҳеч наф кўрмаяпман...», каби шикоятларни бот-бот эшитамиз. Яна бошқалар эса боласига бир гапни кўп марта уқтирса ҳам қулоғига олмаётганидан, ҳатто талаб қилганининг аксини бажараётганидан ёзғириб қолишади. Бу ҳолат фарзанд вояга етгани, катта бўлгани сари ота-онани кўпроқ ташвишга сола бошлайди.
Биласизми, нега шундай? Муаммо аслида нимада?
Ота-она фарзанд тарбиясида боланинг қабул қилишдаги темпераментини аниқлаши ҳамда таълим-тарбияни боланинг қабул қилиш имконига қараб белгилаши зарурлигини кўпчилик ота-оналар эътибордан соқит қилишади. Аслида бу фарзандга маънавий таъсир ўтказишнинг энг муҳим усули. Агар ота-она фарзандининг маънавий қабул қилиш имконияти қай даражадалигини аниқ билмас экан, тарбия борасидаги барча уринишлар самарасиз кетиши шубҳасиз.
Ҳаётий тажрибада ўз фарзандининг қабул қилишдаги мойиллигидан бутунлай бехабар ота-оналарга кўп дуч келамиз.
Улар баъзан жамоат жойларида, бегоналар орасида ёки тенгқурлари даврасида ҳам боласини қаттиқ уришиб, танбеҳ бериб, уни тарбия қилишмоқчи бўлишади. Аммо худди шу ҳолат болага тескари таъсир кўрсатади. У бошқалар олдида изза қилгани учун ота-онасига нисбатан салбий муносабатни ҳис қила бошлайди.
Ота-онасининг ҳолатини ўзини тушунмаётганга, ундаги турли ҳолатлар билан ҳисоблашмаётганга йўяди. Бу эса фарзандни ота-онадан узоқлаштирадиган биринчи қадамдир. Энди бола ота-она билан сирлашиб-дардлашмайдиган, унга дилини очмайдиган, ўзини улардан узоқ тутадиган, бегона бир кимсага айлана бошлайди.
Фарзандининг ножўя хатти-ҳаракатига гувоҳ бўлган ота-она аксарият ҳолларда унга танбеҳ ва дакки беради. Баъзилар эса бу ҳолатнинг сабабини суриштириб ҳам ўтирмасдан тўғридан-тўғри фарзандини айблаб унга қаттиқ муомала қила бошлайди. Лекин бу фарзанд учун ҳам, ота-она учун ҳам тўғри йўл бўлмаслиги мумкин. Сабаби кўпчилик болалар қилаётган иши нотўғри эканини яхши билади, аммо қайсидир омил туфайли ўша ишдан тийилишга ўзида куч ва ирода топа олмайди.
Ота-онасидан ва бошқалардан яшириб бўлса ҳам ножўя ишини қилишда давом этаверади. Бундай пайтда болага биринчи навбатда ота-онанинг ёрдами зарур. Аввало, катталар бу ҳолатни тўғри тушуниши, бола ҳаётида унинг қандай пайдо бўлганини билиши, сабабларини ўрганиши зарур. Бола ҳатто ўзи ҳам қутила олмай турган камчилиги учун уни айблаш тўғри бўлмайди. Болани айбламасдан, уни тўғри тушунган ҳолда, ота-она ва бола биргаликда ҳаракат қилсагина бирон натижага эришиш мумкин.
Масалан, беш яшар бола уйдаги қиммат гулдонни бехос синдириб қўйди. Бу ишидан ўзи ҳам ваҳимада. Ота-онаси энди унга қандай чора кўришини ўйлаб, баттар қўрқув ва зўриқишга тушади. Ҳатто айбини бекитиш учун ёлғон баҳоналар топишга ҳам йўл қидиради. Гулдон эса синган. Уни энди орқага қайтариб, қайта тиклаб бўлмайди. Шундай пайтда фарзандига нисбатан ота-она қайси йўлдан бориши керак? Болани калтаклаш, бақириқ, жазолаш ота-она ва бола руҳияти ҳамда саломатлигига катта салбий таъсир кўрсатгани ҳолда ҳеч нарсани ижобий ҳал қилиб бера олмайди. Агар ота-она моҳир тарбиячи бўлса, бундай вазиятда боланинг муҳаббатини қозонади.
Мисол учун фарзандни меҳр билан бағрига босиб: «Ўзингга ҳеч нарса қилмадими? Хайрият. Бундан кейин эҳтиёт бўл, болам. Мен сени яхши кўраман! Агар сенга бирон нарса бўлиб қолса, мен нима қиламан, болам!» каби сўзларни айтса, боланинг ота-онага ва ҳаётга муносабати ижобий томонга ўзгариб боради. Кейинчалик мавриди билан синган гулдон оила даромадига қанчалик зарар етказиши, шу туфайли нималардан маҳрум бўлиш мумкинлиги ҳақида ётиғи билан тушунтириш керак. Бундай муносабат ҳар бир болага хуш ёқади, дея олмаймиз.
Бу ўринда боланинг ташқи таъсирни қабул қилишдаги темпераментини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Унинг тарбияни қабул қилишига қараб, ота-она ўзини бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ хафа бўлгани, сиқилгани, бу ҳол унинг саломатлигига таъсир қилганини болага гапирмасдан билдириб қўйиши мумкин. Бу эса гапиришдан кўра кўпроқ таъсир кўрсатади. Чунки болага ҳадеб гапириб танбеҳ беравериш унда гапириш орқали бериладиган тарбияга нисбатан иммунитет ҳосил бўлишига олиб келади.
Энг муҳими, бола гапириш орқали берилган тарбиядан ўзига жуда кам нарса олади. Афсуски, ота-оналар баъзан буни тушунишни истамайди. «Шундай қилма, деб сенга неча марта айтганман! Қулоғингга гап кирадими ўзи ё йўқми!?.» каби таҳдидли усул фойдадан кўра кўпроқ зиён келтириши аниқ. Барча психолог ва педагогларнинг якдил фикри шуки, «болани эшитганлари эмас, кўрганлари тарбия қилади».
Дилрабо БОБОЖОНОВА
Манба: Od-press.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»