12:30 / 02.07.2019
2 629

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (2-қисм)

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (2-қисм)
Аммо бугунги кунга келиб айрим ҳолатлар борки, улар ўтказилиши кутилаётган ислоҳот юзасидан кўпчиликда ҳадик ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин:

1. Энг аввало, ишлаб чиқарувчи ташкилотлар кесимида электр энергиясининг бугунги кундаги таннархи (ёки тармоқдаги ўртача таннарх) тўғрисида расмий маълумотнинг очиқ манбаларда мавжуд эмаслиги. Бу маълумот электр энергияси нархидаги кутилаётган ўсиш ҳажми ва суръати тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлиш имконини берган бўларди. Шунингдек, қуйидаги саволлар юзасидан ҳам расмий маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўларди:

- 2020 йил 1 январдан эътиборан иқтисодий асосланган, эркин тарифлашга тўлиқ ўтиладими? Ёки бу босқичма-босқич амалга ошириладими? Вазирлар Маҳкамасининг юқорида зикр этилган қарори мазмунидан келиб чиқилса, ҳар икки ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Хусусан, 1-илова яъни «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари»нинг 2-бандида «илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда, 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтиш» тариф сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этилган.

Аммо худди шу бандда «ўтиш даврида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг операцион ва капитал харажатлари, зарур соф фойдасини тўлиқ қоплашни таъминлашга қаратилган электр энергияси учун нархни шакллантириш принципларини белгилаш» ҳам ушбу тариф сиёсатининг йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилган. Бу ва ҳужжатда акс этган яна кўплаб баёнотлар 2020–2023 йилларда электр энергияси тарифидаги ўсиш қандай бўлишига ойдинлик киритилишини талаб қилади.

- Аҳоли учун эркинлаштирилган нархлар шароитида электр энергияси оила йиллик (ёки ойлик) харажатларининг неча фоизини ташкил қилиши кутилмоқда? Ушбу кўрсаткич қатор ривожланган давлатларда аҳоли фаровонлиги даражасини билдирувчи муҳим омиллардан бири сифатида доимо назорат қилиб борилади (тегишли давлат идоралари томонидан ҳалигача «истеъмол савати» ёки «яшаш минимуми»ни ҳисоб-китоб ва мониторинг қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилмагани масалани мураккаблаштиради).

- Турли ҳудудларда яшовчи истеъмолчилар учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳудудда электр ишлаб чиқарувчи корхона бор ёки йўқлиги, трансмиссион тармоқлар узунлиги, хом ашё тури (кўмир, газ, гидро ва ҳ.к.), хом ашё учун транспорт харажатлари турлича экани кабилардан келиб чиқиб турлича таннархга эга. Бу эндиликда республика ҳудудида турли тарифлар амал қилади, деганими?

- Янги тизимда тарифлаш учун истеъмолчилар тоифалари қандай асосларда белгиланади?

- Ислоҳот аҳоли ва бошқа манфаатдор томонлар учун қанчалик шаффоф ҳолда ўтказилади? Амалга оширилаётган ишлар, уларнинг натижалари ва келгусида кутилаётган кейинги қадамлар тўғрисида маълумот бериб бориладими?

- Ҳукумат бу масала бўйича ўз олдига қўйган вазифаларда нечоғли собит? (жорий йилнинг 1 июнидан электр энергия ва табиий газ тарифларини ошириш бўйича қабул қилинган қарор бекор қилингани ҳаммага маълум)

2. Бизга маълум айрим маълумотлар электр энергияси бозори либерализацияси натижасида нарх ўсиш даражаси юқори бўлиши тўғрисида сигнал беради, хусусан:

- Бугунги кунда эксплуатация қилинаётган аксарият ишлаб чиқариш қувватлари моддий ва маънавий эскирган (30-50 йил).

- ИЭСларда асосан паст самарадорликка эга технологиялар ишлатилади (буғ трубиналари ўртача самарадорлиги 33%, маълумот учун, жаҳон амалиётида ишлатилаётган жамланган (combined) цикл самарадорлиги 55% атрофида)

- электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг деярли 70%и мамлакат шимолида, тармоқ учун асосий ёқилғи ҳисобланган газ ишлаб чиқариш манбаларининг аксарияти эса жанубий ҳудудларда жойлашган.

- электр энергияси ишлаб чиқаришда бирламчи энергия манбаси сифатида асосан табиий газдан фойдаланилади (65%дан юқори). Табиий газ асосида электр энергияси ишлаб чиқариш эса нисбатан қиммат ҳисобланади (мисол учун, гидро ёки шамол электростанцияларига нисбатан)

- электр энергиясини узатиш ва тарқатиш тизимларидаги йўқотиш кўрсаткичлари юқори (расмий манбаларда 15-20% атрофида кўрсатилади)

Ушбу санаб ўтилган ҳолатлар мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тарқатиш билан боғлиқ харажатлар юқори эканини билдиради. Бутунлай либераллаштирилган бозорда эса ушбу харажатлар тўлалигича истеъмолчи гарданига тушади, албатта.

Асосий хавф омиллари
Электр энергияси мамлакат иқтисодиётида беқиёс аҳамиятга эга, чунки у иқтисодий ресурс сифатида катта ва кичик корхоналар учун муҳим ишлаб чиқариш омили ҳисобланади (Электр энергиясининг мамлакат иқтисодиёти учун аҳамияти тўғрисида аввалги мақолада тўхталганмиз). Табиийки, унинг бозор нархига таъсир ўтказувчи ҳар қандай ислоҳот тарқалувчан оқибатларга (spillover effect) эгадир, яъни бир қарашда ўзаро боғлиқ бўлмаган тармоқ ва соҳаларда ҳам кенг кўламли таъсирга эга бўлиши мумкин.

Хўш, кутилаётган ислоҳот қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин? Қуйида назарий жиҳатдан келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий кўнгилсиз оқибатлар келтирилади. Аммо ислоҳотнинг қанчалик агрессив, мўътадил ёки юмшоқ ўтказилиши, макроиқтисодий таҳлил ва ечимлар қанчалик пухта тайёрланганлигидан келиб чиқиб ушбу ҳолатларни минималлаштириш имкони мавжуд.

Кўп жиҳатдан ҳукумат томонидан бу борада эмпирик таҳлилларга асосланган (шунингдек, ислоҳотни амалга ошириш даврида инфляция даражаси, ишсизлик, иқтисодий ўсиш суръатлари каби макроиқтисодий кўрсаткичларни прогнозлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи) аниқ дастур ишлаб чиқилиши ва ушбу дастурни изчил амалга оширилиши жуда муҳим.

Демак, назарий жиҳатдан мавжуд салбий оқибатлар:

1. Истеъмол товарлари бозорларида нарх-наво кўтарилиши
Қайси маҳсулот ёки хизматлар таннархида электр энергия улуши қанчалик катта бўлса, ўтказилиши кутилаётган ислоҳот натижасида шу турдаги маҳсулот ёки хизмат бозорида нарх-наво кўтарилиши ва беқарорлиги шунчалик муқаррар. Ваҳоланки, истеъмол товарлари ва хизматларнинг катта қисми электр энергиясининг бевосита иштирокида яратилади.

Бунинг устига, у ёки бу маҳсулот таннархидаги ўсиш фақат уни ишлаб чиқарувчи корхонадаги технологик ёки бизнес жараёнларда электр энергияси улуши билан боғлиқ равишда юз бермайди. Шу маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва истеъмолчига етказиб берилиш жараёнида иштирок этувчи барча корхоналар ўз маҳсулотидаги электр энергияси улушидан келиб чиқиб,унинг нархини оширишга мажбур бўлади.

Мисол учун, сиз велосипед ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарисиз. Сизнинг маҳсулотингиз таннархида электроэнергия улуши, айтайлик, 20%. Бу таннархдаги ўсиш фақат ўша 20 фоизлик қисмда юз беради, дегани эмас. Чунки сизнинг маҳсулотингизга хом ашё ва компонентлар, яъни велосипед учун эҳтиёт қисмлар, бўёқ, металл лист, пайвандлаш ашёлари кабиларни етказиб берувчи корхоналар ҳамда сизга уларни элтиб беришга ихтисослашган транспорт хизмати кўрсатувчи корхонада ҳам, бирида кўпроқ, бирида камроқ электр энергияси улуши бор.

Табиийки, ушбу корхоналардаги электр энергияси билан боғлиқ нарх ўсиши сизнинг маҳсулотингиз хом ашёси қийматига ҳам йиғилган ҳолда, кумулятив таъсир ўтказади.

Натижада, сиз истеъмолчига тақдим этадиган тайёр маҳсулот ҳам таннархдаги ўсиш ҳисобига бирмунча қимматлаб кетади. Маҳсулот таннархи ошибгина қолмасдан, у структуравий ўзгаришга ҳам дучор бўлади. Энди унда электроэнергия улуши аввалгидан кўпроқни ташкил қилади.

2. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ошиши ҳисобидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги пасайиши
Электр энергияси нархидаги сезиларли ўсиш экспортчи корхоналарнинг ташқи бозорлардаги имкониятини тушириб юборади. Ўзбекистон экспортида нисбатан улушдор соҳалар бўлган текстиль, хизматлар, энерготашувчилар ва нефть маҳсулотлари электр энергияси таъминотига бевосита боғлиқ тармоқлар ҳисобланади. Аслида, маҳсулот нархидаги кичик ўсиш ҳам бешафқат рақобат муҳити ҳукмрон бўлган ташқи бозорларда маҳаллий корхоналаримизнинг ўз позицияларини бой беришига олиб келган бўларди.

Мамлакатимиз экспортида хизматлар улушига назар ташласак, ушбу ислоҳот мамлакатимизнинг эртанги кун иқтисодиётида салмоқли аҳамиятга эга бўлиши кутилаётган, ўсиб бораётган туризм тармоғига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмаслигини кўрамиз. Чунки ушбу тармоқ вакили бўлган меҳмонхона хизматлари ҳам, туризм тармоғига хизмат кўрсатувчи транспорт хизматлари соҳаси ҳам электр энергияси нархларига нисбатан таъсирчан соҳалар ҳисобланади.

Экспорт ҳажмларининг камайиши ташқи савдо балансининг бузилиши ҳамда мамлакатимизга кириб келувчи валюта оқимининг ҳам камайиб кетишига сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

3. Даромадлари ва тўлов қобилияти пастлиги сабаб аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатламларининг молиявий қийинчиликларга дуч келиши
Юқорида таъкидланган истеъмол товарлари бозорларида нарх-навонинг кўтарилиши ҳамда электр энергияси тўловларининг сезиларли ошиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларида молиявий қийинчиликларни юзага келтирмай қолмайди, албатта.

4. Ички бозор истеъмолчиларининг тўлов қобилияти пасайиши натижасида айрим товар ва хизмат бозорларида танглик юзага келиши
Нарх-наво кўтарилиши истеъмолчиларнинг деярли барча қатламлари харид қобилиятига салбий таъсир ўтказади. Бундай вазиятда энг аввало нарх ўзгаришларига юқори сезувчан талабга эга маҳсулот ва хизматлар савдоси камаяди. Мисол учун, истеъмолчилар ҳашамат категориясига оид бўлган маҳсулот ва хизматлардан деярли бутунлай воз кечади (қиммат автолар, чет эл саёҳатлари ва ҳ.к.) Шунингдек, арзонроқ «ўринбосар шерик»ка эга маҳсулотлар ҳам харид рўйхатларидан тушиб қола бошлайди. Айтайлик, аксарият одамлар мол ёки қўй гўшти ўрнига арзонроқ муқобил, яъни товуқ гўшти ва тухум истеъмол қилишни бошлайди. Табиийки, камроқ талабга эга бўла бошлаган маҳсулотлар ва хизматларни етказиб берувчи корхоналар бирин-кетин касодга учрай бошлайди.

5. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар касодга учраши натижасида иш ўринларининг камайиб кетиши
Ҳа, бу ҳам ижтимоий-иқтисодий оқибатлар қаторида сўнгги манзил эмас. Қисқа муддат ичида электр энергияси нархини мутлақ либераллаштиришни режалаштирган бўлсангиз, ишсизлик суръатининг кескин ошишига ҳам тайёр туринг. Кўп сонли тадбиркорлик субъектларининг касодга учраши жамият минглаб иш ўринларидан мосуво бўлди, дегани.

6. Танганинг орқа тарафи: инвестициялар оқими камайиши
Тўғри, электр энергияси бозори эркинлаштирилса, саноатнинг ушбу тармоғига инвестициялар ҳажми ошади, аммо шу билан биргаликда кўплаб бошқа бизнес тармоқларига инвестиция киритиш қийинлашиб қолади. Чунки юқорида қайд этилганидек, маҳсулот таннархи ошади, ички бозор сустлашади, хом ашё манбалари камаяди ва ташқи бозорда қиёсий устунлик, рақобатбардошлик пасаяди.

Бутунлай эркинлаштирилган электр энергия нархлари шароитида юқорида санаб ўтилган оқибатлар рўй бериши эҳтимоли юқори ҳисобланади. Гап уларнинг миқёси ва давомийлигида. Ислоҳот қанчалик тез суръатларда, «шок терапияси» усулида, компенсацион чора-тадбирларсиз амалга оширилса, бу оқибатларнинг юзага келиш эҳтимоли шунчалик юқори.

Юқоридагиларнинг олдини олиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли ҳукумат идоралари томонидан батафсил расмий маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлар ва аҳоли, тадбиркорлар ҳамда инвесторларда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчилик ва асоссиз ҳадиклар олди олинган бўларди.

Раҳимберди МАМАЮСУПОВ.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (2-қисм)