22:30 / 01.12.2019
2 380

Нега туроператорлар қишда буюртма қабул қилмаяпти?

Нега туроператорлар қишда буюртма қабул қилмаяпти?
Кейинги вақтларда туристик шаҳарлар, жумладан, Самарқандда бир қатор туристик фирмалар хориждан буюртма қабул қилишни тўхтатиб қўйган. Бу қатор меҳмонхона ва ресторанларда иситиш тизими ишламаётгани билан боғлиқ.
Самарқандда туризм масалалари бўйича матбуот анжуманида шу масалага ҳам тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Тадбирда Самарқанд вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуриллаев соҳага оид маълумотларни тақдим этди. Таъкидланишича, бугунги кунда Самарқандда 142та меҳмонхона ва 135та оилавий меҳмонхоналар мавжуд. Туроператорлар сони эса 170та.

2018 йил давомида Самарқандга 351 минг хорижий, 2,1 миллион маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган. 2019 йил 1 ноябргача бу кўрсаткич хорижий сайёҳларда 491 минг, маҳаллий сайёҳларда 2,18 миллионни ташкил этган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, Самарқандда яқин орада «ҳалол туризм» йўналиши йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бугунги кунда Имом Бухорий мажмуасида тасдиқланган режа асосида зиёрат меҳмонхоналари қурилмоқда. Шунингдек, «ҳалол» стандарти бўйича ресторанлар ва бошқа турдаги инфраструктура объектлари қурилиши бошланган.

Бугунги кунда сайёҳларнинг Самарқандда қолиш кўрсаткичи ўртача 2,6 кунни ташкил этади. Бу рақамни яна бир кунга ошириш мақсадида зиёрат туризмидан ташқари яна эко ва этнотуризмни ривожлантириш кўзда тутилган. Мисол учун, Самарқанддаги Зарафшон миллий боғи ўзига хос ноёб табиий муҳити, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан ноёб туристик объект ҳисобланади. Экотуризмни ривожлантириш мақсадида ҳудуддан 300 гектар ер ажратилган. Бир қатор хизматлар йўлга қўйилган. Аммо бу каби лойиҳаларни ривожлантириш учун шаҳар ташқарисида йўлнинг сифати, умуман, инфратузилмани шакллантириш лозим.

Вилоятдаги 23та қишлоқда этно, экстремал, тоғ, агро ва экотуризмни йўлга қўйиш имкони бор. Айнан юқоридаги муаммо, йўл, коммунал соҳанинг сифатсизлиги шу кунгача бу имкониятлардан фойдаланишга тўсиқ бўлиб келган. Шундан келиб чиқиб, белгиланган қишлоқларда 2020-2021 йилларда 121 километр йўлларни реконструкция қилиш, 13 километр пиёдалар йўлаги қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган.

Шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчаси ва унинг атрофини эса ўрта асрлар кўринишида қайта таъмирлаш режалаштирилган. Унга кўра, мазкур кўчадаги барча савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, бошқа бинолар тарихий усулда қайта қурилади. Кўчадан атрофдаги маҳаллаларга йўлак очилиб, атрофдаги маҳалла ҳам шунга монанд кўриниш олади.

Умуман, Самарқандда туризмни ривожлантириш бўйича шу йил 30 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам эълон қилинган. Ушбу ҳужжатда соҳага оид барча муаммолар қамраб олинган. Хусусан, халқаро молия институтлари томонидан ҳам соҳага йирик миқдорда инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нега туроператорлар қишда буюртма қабул қилмаяпти?