
Қамчиқ довонида содир бўлган икки йўл-транспорт ҳодисаси бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тезкор маълумот берди. Вазирлик ахборот хизматига кўра, 28 октябрь куни эрталаб мазкур ҳудудда икки юк автомобили иштирокида ЙТҲ қайд этилган.
Тафсилотларга кўра, соат 06:10 да А-373 автомобил йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтувчи қисмида «Водий–Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «SHACMAN» русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа тушиб кетган.
Орадан бир ярим соат ўтиб, соат 07:40 да шу йўналишда кетишга ҳаракат қилган «DAF» русумли бошқа юк автомобили ҳайдовчиси ҳам бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги темир тўсиққа урилган ҳолда тўхтаб қолган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилар гуруҳи ҳолат ҳақидаги хабарни олгач, қисқа вақт ичида ҳодиса жойига етиб борган. Улар махсус техника ёрдамида ҳар икки транспорт воситасини хавфсиз ҳудудга чиқариш ишларини амалга оширишган.
Ҳодиса натижасида инсонлар тан жароҳати олмагани маълум қилинди. Йўлда ҳаракат вақтинча чекланган бўлса-да, қисқа фурсат ичида тозаланиб, йўл ҳаракати тўлиқ тикланди.
Маълумот учун, Қамчиқ довони мамлакатнинг энг мураккаб тоғли йўл қисми ҳисобланади. У ерда ҳаво ҳарорати, намлик ва ёғингарчилик шароити туфайли ҳайдовчилардан юқори диққат ва эҳтиёткорлик талаб қилинади. Шу сабабли ФВВ ва ЙҲХБ доимо ҳайдовчиларни довон орқали ҳаракатда чуқур эҳтиёт бўлишга, техник жиҳатдан тўлиқ тайёр транспорт воситаларидан фойдаланишга чақиради.
Қамчиқдаги бу воқеа яна бир бор йўлдаги эҳтиёткорлик ва масъулиятнинг нақадар муҳим эканини эслатиб қўйди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 