
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самарадорлигини янада юксалтиришга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар,бевосита мулоқотлар, конференциялар, ўқув дарслари, танловлар, викториналар ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан жорий йилнинг 30 ноябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ҳудудида ташкил этилган 438-сонли участка сайлов комиссияси ташаббуси билан Институтнинг «Маънавият ва маърифат маркази»да «Сайлов қонунчилигига оид янгиликлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар Сергели тумани прокурорининг ўринбосари Асрор Турғунов, Сергели тумани прокурор ёрдамчиси Отабек Бобоқулов, 438-участка сайлов комиссияси аъзолари ва Институтнинг 300 нафардан ортиқ курсантлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, Конституциямизнинг 117-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон еспубликасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш – иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар».
Мустақил диёримизда сайлов қонунчилигида эса бир қанча ислоҳотлар амалга оширилиб, Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан фуқароларга янада кенг қулайлик яратилди. Жорий йилнинг
22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларидаги барча муносабатлар эса Сайлов кодекси билан тартибга солинади.
Маълумки, Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, республика Президенти сайлови, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Эндиликда улар тизимлаштирилиб, қайтарилишлар, такрорлар бартараф этилиб, 18 та боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси қабул қилинди.
Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар шулар жумласидандир.
Шу боис, бу йилги сайловнинг аввалгиларидан энг муҳим фарқли жиҳатларидан бири унинг илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилишидир. Аҳамиятга молик жиҳати, кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоида жой олган. Амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланган. Яна бир муҳим янгилик – «Бир сайловчи – битта овозга эга» тамойилини таъминлаш мақсадида юртимиз миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилмоқда.
Бу йилги сайловда давлатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси қатнашади.
Шунингдек, тадбир давомида таклиф этилган маърузачилар томонидан Институтнинг ва курсантларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳамда қўшимча тушунтиришлар берилди.
– Бундай тадбирларни ўтказилиши замирида эса, ёшларнинг ҳам сиёсий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш, бу йилги сайлов қонунчилигидаги ўзига хос қулайликлар яратилгани тўғрисида ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича билимларини янада ошириш, уларнинг сайловлардаги фаол иштироки мамлакатимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади дейди – полковник Икромжон Сиддиқов.
ФВВ Ёнғин хавфсизлиги
институти матбуот хизмати
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! институти матбуот хизмати
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар