
“Бутик” сўзи қачондан истеъмолга кириб келди?.. Бу сўзни кўпчилигимиз тушунмаймиз, кўпроқ киборлар “тили”да айланади. Аслида “бутик” сўзи фрацуз тилидан олинган бўлиб, унча катта бўлмаган машҳур ва қимматбаҳо дўкон маъносини англатади. Оддий халқ “Бутик”дан кийинишни элитага яқинлашиш ёки маданиятнинг юксак чўққиси, деб билади. Хуллас, лисонимиздаги “элита” пардалари ибораси ҳам шу оқбилак ойимларнинг қайта-қайта такрорлашни хуш кўрадиган “бутик” сўзи таъсиридан келиб чиққан бўлса, неажаб.
Хўш, “Бутик”лар кимга хизмат қилади?.. “Бутик”дан кийинишни орзу қилиб юрганларнинг эҳтиёжи ва чўнтагига яраша кийим-кечаклар борми?.. Ёки “бутик”дан кийинганларни замонавий одамлар дея оламизми?
Пойтахтимиздаги машҳур ва қимматбаҳо “Бутик”ларга кирганмисиз, у ердаги аёллар либослари деярли, ҳаммаси хориждан келтирилган. Менталитетимизга тўғри келмайдиганлари ҳам бор. Буларнинг харидори билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?..Дўконга киришингиз билан қўлингизга тутадиган мода журналларининг “қаҳрамон”лари ҳам чет эллик кино, эстрада юлдузлари, моделлар ва ҳоказолар... “Бутик”ка адашиб кириб қолганлар нимани харид қилишни билмай, боши қотади.
Чунки бу ердан тўйга ёки кундалик ҳаётимиз учун хижолат тортмасдан кийиб юрадиган либослар кам топилади. Шундан аксарият “бутик”лар ҳувуллаб ётади. Тўғри, юртимизда турли миллат вакиллари истиқомат қилишади. Кўпинча уларни “бутик”ларда учратамиз. Лекин сотувчи билан савдолашиб турганини кўрмайсиз.
Биринчидан, “Бутик”дан бирор нарса сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермайди, иккинчидан, либослар этикеткасида қайси фирмада ишлаб-чиқарилгани ёки бу инсон саломатлиги учун қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида бирорта маълумот тополмайсиз. Қайтанга, чет элликлар ҳамма нарсани ўзимизда табиий матолардан ишлаб-чиқарилган кийим-кечаклар дўконидан харид қилишади. Аслида “бутик”лардаги савдо уни амалга оширувчиларнинг харажатларини қопламайди ҳам.
Шаҳар марказидаги энг ўнғай, савдо ёки бошқа хизмат кўрсатишга қулай бу уйлар шаҳарсозлик шартларини бажариш учун хўжакўрсинга очиб қўйилганга ўхшайди. Дўкондорларнинг “бутик”дан тушадиган даромадга эҳтиёжи йўқ. Бу каби юзлаб дўконлар бекордан-бекорга жойни эгаллаб ётибди.
Шуни ўрнига, ҳар бир кўчанинг ўз кийим-бош дўконлари бўлса, табиий матоларимиздан замонавий кийим-кечаклар тикиб, яна ўзимизга Корея, Туркия, Қозоғистон орқали қиммат нархда қайтиб келаётган либосларни ўзимизда ишлаб-чиқаришни йўлга қўйсак, кимсасиз ҳувуллаб ётган дўконларимиздан харидорлар аримасди. Ундан тушадиган йирик даромад ҳам айрим кишиларнинг қўлида тўпланиб қолмасдан, мамлакат ободлигига хизмат қиларди.Назаримизда, “Бутик”лар фаолиятини ўрганиш, халққа хизмат қилдириш, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш вақти келди.
Маъмура ЗОҲИДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методика
ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методика
ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи
Манба: Xs.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар