date

“Манчестер Сити” “Барселона” ҳимоячисини қўлга киритишга қизиқмоқда

“Манчестер Сити” “Барселона” ҳимоячисини қўлга киритишга қизиқмоқда

“Манчестер Сити”да авлодлар алмашинуви жараёнини олиб бораётган Хосеп Гвардиола янги мавсум арафасида таркибни янада кучайтириш режасидан чекингани йўқ. Испаниялик мураббий жамоа салоҳиятини узоқ муддатга барқарорлаштириш учун янги ижрочиларни излашда давом этмоқда.

Инглиз нашрларининг ёзишича, “шаҳарликлар” ёзги трансферлар даврида “Барселона”нинг ёш ва истеъдодли ҳимоячиси Алехандро Бальде билан жиддий қизиқиш билдирмоқда. Гвардиоланинг ўзи бу трансфер ташаббусини шахсан қўлга олгани айтилмоқда.

E-Notícies манбасига кўра, Гвардиола яқинда каталонияликлар спорт директори Деку билан шахсий суҳбат ўтказиб, Бальдени қўлга киритиш имкониятларини муҳокама қилган. “Манчестер Сити” бу орқали ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлашни, айниқса чап қанотда барқарор ўйинчига эга бўлишни кўзламоқда.

2023 йили ҳам инглиз клуби “Барселона”нинг молиявий қийинчиликларидан фойдаланиб, Бальде трансферига уриниб кўрган, аммо ўшанда каталонияликлар ўз тарбияланувчисини сотишга рози бўлмаган эди. Ҳозирги кунда эса “блауграна”нинг молиявий ҳолати барқарорлашган ва асосий таркибнинг муҳим бўғини бўлган Бальдени жамоадан кетказиш эҳтимоли анча паст.

Шу билан бирга, мутахассислар фикрича, Гвардиола ўз ватандоши Бальдени “Сити” услубига энг мос футболчилардан бири сифатида кўради. У тезкорлик, тўп билан ишлаш маданияти ва позицион ҳимоядаги етуклиги билан ажралиб туради.

21 ёшли ҳимоячининг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали Бальдени 60 миллион еврога баҳоламоқда.

Гвардиоланинг режасига кўра, агар Бальдени қўлга киритиш имкони туғилса, у “Манчестер Сити”да жамоанинг асосий қанот ҳимоячисига айланиши мумкин. Аммо бу трансфер амалга ошиши учун “Сити” жуда жиддий таклиф билан чиқиши талаб этилади.

Шу тариқа, Гвардиола навбатдаги трансферлар ойнасида ҳам “Сити”нинг келажагига таъсир кўрсатадиган муҳим қарорлар қабул қилиш арафасида турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” “Барселона” ҳимоячисини қўлга киритишга қизиқмоқда