date
views 5 362

Алишер Саъдуллаев: «Ёшларга имтиёзли уй бериш тўхтатилади, нархлар арзонлашади»

Алишер Саъдуллаев: «Ёшларга имтиёзли уй бериш тўхтатилади, нархлар арзонлашади»
29 январь куни Халқаро пресс-клубнинг президент мурожаатномасига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ҳам спикер сифатида иштирок этди. Kun.uz нашри сессия якунида ёшлар етакчиси билан ёшлар масаласига оид бир қанча мавзулар юзасидан суҳбатлашди.

«Давлатнинг имтиёзлардан воз кечиш сиёсати ёшларга имтиёзли уй беришга ҳам таъсир ўтказади»
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги қарори билан жамият ҳаётида фаол бўлган ўзбекистонлик кўплаб ёш оилалар Ёшлар уйини олиб келади[Ёшлар уйларини олиш тартиби тўғрисида]. Аммо, охирги вақтларда ушбу тартибнинг бекор бўлиши мумкинлигига оид айрим фикрларни эшитмоқдамизки, унга кўра, эндиликда ёшлар учун имтиёзли уйлар берилмайди, Ёшлар иттифоқи эса имтиёзли уйлар учун маблағ ажратишни тўхтатади.

Хўш, бу фикрлар қанчалик асосга эга ва тизим ҳақиқатда ўзгараётган бўлса, унинг ўрни қандай тўлдирилади?
Алишер Саъдуллаевга дастлабки саволимиз шу мазмунда бўлди. Унинг айтишича, ёшлар учун имтиёзли уйлар бериш тартиби бекор бўлаётгани рост ва унинг ўрни нисбатан арзонроқ нархлардаги уйлар бериш тартибига ўзгаради.

«Биз кўплаб ёшларни йиллар давомида имтиёзли уйлар олишига кўмаклашиб келдик. Ташкилот бу уйларнинг бошланғич тўловини имтиёзли қилиб бериш билан биргаликда, унинг бошланғич тўловини тўлаб бериш жараёнларидан ҳам ўтди. Унга кўра, ёшлар уйини олган ёш оила 20 йил давомида фақат етти фоизлик кредит тўловини тўлаган.

Аммо охирги вақтларда шаҳар марказлари, жумладан, Тошкентда уй олиш юзага келган навбатлар сабабли, ёшларда норозилик кўпайди.

Мен ёшларимиз тўғри тушунишларини истаган бўлардим. Ҳозир фуқароларга уй беришда турли имтиёзлардан воз кечиш, бунинг ўрнига эса стандартлаштирилган нархларни пасайтириш тартибига ўтилмоқда. Масалан, ёшларнинг 10 фоизига имтиёзли уй берадиган бўлсак, бу уй олмаган 90 фоиз ёшларда норозилик келтириб чиқаради.

Биз бу норозилик ва бошқа мурожаатларни ўрганиш учун алоҳида «Ёшлар мурожаатлари» порталини ишга туширдик. Бу мурожаатларни ўрганишга эса кенг жамоатчилик вакилларини ҳам таклиф қилдик.

Давлатимиз барибир имтиёзлардан воз кечиш сиёсатига ўтмоқда. Айтганимдек, бунинг ўрнига стандарт нархларни арзонлаштириш давлатнинг янги стратегияси ҳисобланади.

Кўрдингиз, ўтган 2019 йилда уй олиш олиш учун эҳтиёжи энг юқори бўлган фуқаролар, масалан, хориждаги мигрантларнинг оилалари, боқувчисини йўқотган аёллар ва бошқа шу каби фуқароларга биринчи навбатда уй-жойлар берилди. Шунинг натижасида ҳам ёшларга бериладиган уйлар сони бироз қисқарди. Аммо 100 фоизга эмас.

Тўғриси, Ёшлар уйлари бериш бўйича эски тизимнинг имтиёзлилиги жуда юқори эди ва шунинг натижасида ҳам бу уйларга талаб юқори бўлган. Бу талабни бирданига қоплашга эса давлатнинг иқтисодий аҳволи етмасди.

Янги тизим – ўйлашимча, энг адолатлиси бўлди. Бу нарсани иқтисодчилар ҳам тасдиқлаши мумкин, яъни стандартлашган нархларни пасайтириш тизими ҳар томонлама қулай ҳисобланади».

«Истардимки, аҳоли фаровонлиги тезроқ ортса ва уларнинг имкониятлари бу уйларни тезроқ олиш имкониятига етса»
Ёшлар уйини олиш бўйича вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида катта навбатлар юзага келгани рост. Хўш, нега Ёшлар уйлари қурилишида ҳудудлар имконияти, талаб етарли даражада ўрганилмаган? Ташкилот раҳбарига берган навбатдаги саволимиз шу ҳақда бўлди.

«Биз охирги таҳлилларимизни айнан сиз айтган услубда қилдик. Ҳозир қишлоқларда ёшлар учун деярли уйлар қурилмаяпти. Чунки ёшлар ҳам қишлоқлардан уй олаётгани йўқ. Чунки улар урбанизациялашган шароитларга интилади.

Бизнинг охирги қилаётган қурилишларимизга эътибор беришингиз мумкин. Уларнинг барчаси шаҳар ҳудудларида бўлмоқда.
Мен нима учун шаҳарда қурилган уйларга эҳтиёж ортиб кетаётганига бироз тушунтириш бераман. Чунки кўплаб ёшларимиз иш, ўқиш мақсадида шаҳарга келган ва кўпчилик ҳолда улар ўз ҳудудига қайтмаган. Табиийки, уйларга бўлган эҳтиёж ортиб кетган.

Бу талабни қоплаш учун маълум стандартли уйлар қилинган, аммо инсонлар фаровонлиги ортмас экан, фарқ бўлаверади. Истардимки, аҳоли фаровонлиги тезроқ ортса ва уларнинг имкониятлари бу уйларни тезроқ олиш имкониятига етса.
Лекин биз барибир имтиёзларни имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қилдик».

«Энди ёшларга оид давлат сиёсатини белгиловчи ва унинг атрофидаги мустақил, ташаббускор ташкилот алоҳида бўлади»
Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда Ёшлар иттифоқи муаммоларига тўхталиб, эндиликда ёшлар масаласида тўғридан-тўғри давлат билан ишлайдиган ташкилот очишга эҳтиёж пайдо бўлаётганини қайд этиб ўтган эди.

Президентнинг Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббуси эса йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланганди.
Хўш, ёшлар билан ишлашдаги янги тизим қандай бўлади ва кутилаётган ўзгаришлар нималардан иборат?

«Бир нарсани тўғри тушуниш керак, Ёшлар иттифоқи нодавлат-нотижорат ташкилот. У ёшларга оид давлат сиёсатини ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам юритолмасди. Балки бу кескин реакциядир. Янги агентлик ёшлар сиёсатини белгилаб берувчи ташкилот бўлиши керак. Яъни, у ёшлар билан ҳар бир давлат органининг ишлашини таъминловчи ташкилот.

Ёшлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига ўхшаш ташкилотлардан кўпроқ бўлсин, деган таклифларни беришарди. Бу турли ташаббускор ёшлар гуруҳлари, ижодкор, тадбиркор, журналист ёшлар гуруҳлари каби. Эндиликда мана шу ёшлар гуруҳлари агентлик томонидан қўллаб-қувватланади.

Бу тизимни баҳолаш учун халқаро тажрибага қарасангиз ҳам шунга ўхшаш тизимни кўрасиз. Яъни давлат сиёсатини белгиловчи ташкилот ва унинг атрофидаги мустақил, ташаббускор ташкилотлар».

Шу ўринда Саъдуллаевдан унинг айнан қайси ташкилотга раҳбар бўлиши кутилаётгани ҳақида сўрадик [Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёки янги тузиладиган Ёшлар ишлари агентлиги].
«Буни вақт кўрсатади, лекин кўпроқ ёшлар сиёсатини белгиловчи ташкилотда бўлса керак», деди у.

«Биз ҳозир шу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Агентликни ташкил қилиниши албатта ёшлар билан муҳокама қилинади. Биз ҳозир ҳам ёшлар билан учрашувлар ўтказяпмиз. Бунда турлича таклифлар келиб тушяпти. Биз бир вақтда чекка ҳудуд ёшларидан ҳам таклифлар оляпмиз.

Бир нарсани айтиш керак, ҳозир ёшлар турли масалаларни таҳлил қила оладиган, ечим берадиган даражада ривожланишяпти. Уларга нима керак? Биринчи ўринда яхши иш ўринлари, олий таълимга бўлган имконият, ўқишни тамомлагандан кейин ишлаш имкониятлари, имкониятларини реализация қилиш учун шароитлар. Турли тўсиқлар бўлмаса, бу ёшлар учун етарли имконият ҳисобланади.

Оддий мисол келтираман, биз рақамли иқтисодиёт деяпмиз. Рақамли иқтисодиётни, илм-маърифат ривожини бугун интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Шу сабабли, ёшларга интернетдан фойдаланиш имкониятларини ошириш зарур. Бу имкониятлар энг чекка ҳудудларга ҳам етиб бориши керак», деди Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Саъдуллаев: «Ёшларга имтиёзли уй бериш тўхтатилади, нархлар арзонлашади»