15:30 / 19.02.2020
2 727

“Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бу галги ташрифи икки давлат муносабатларида янги тарихий бурилиш ясаши кутилмоқда”

“Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бу галги ташрифи икки давлат муносабатларида янги тарихий бурилиш ясаши кутилмоқда”
Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияда бўлади. Мазкур ташриф олдидан мухбиримиз Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр билан эксклюзив интервью уюштирди.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини ­қандай баҳолайсиз, улар нималарда намоён ­бўлмоқда?
— Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ришталар бошқа юрт орасидаги одатий халқаро муносабатлардан кескин фарқ қилади. Аввало, биз умумий тарих, тил, дин, маданият, қисқаси, муштарак тамаддунга эга қардош халқ­лармиз. Мовароуннаҳрда қадим цивилизацияни бойитган кўплаб олимлар етишиб чиққан. Уларнинг асарлари, ҳаттоки, бугун ҳам умумий қадриятларимизнинг жон томирларини ташкил этмоқда. Мана шу сабаблар туфайли биз Ўзбекистонга доимо ота ­юртимиз сифатида қараймиз.

Орамизда мингларча километр масофа бўлса-да, бизнинг умумий тарихимиз инсонларимиз ўртасидаги алоқаларнинг узилмас воситаси сифатида хизмат қилади. Мазкур ришталар туфайли одамларимиз Ўзбекистоннинг 1991 йилда мустақилликка эришганидан сўнг бир-бирига худди ўша меҳр ила боғлана олди.

Муҳтарам Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришганидан сўнг ўтган қисқа давр, яъни уч йил мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар юксак суръатда ривожланмоқда. Ҳозирги босқичда икки томонлама муносабатларимизни кучли қардошликка таянувчи стратегик шериклик даражасидаги алоқалар, деб баҳолаймиз.

Икки мамлакат муносабатлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга амалга оширган ташрифи чоғида янги босқичга кўтарилди. Муҳтарам Президентимиз Режеп Таййип ­Эрдоғаннинг 2018 йил 29 апрель — 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида ҳам икки мамлакат ўртасида Стратегик ҳамкорлик кенгаши механизми барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Туркияга амалга оширадиган бу галги ташрифи икки давлат муносабатларида янги тарихий бурилиш ясаши кутилмоқда. Бу ташриф доирасида Президентларимиз раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилади.

Зотан, сўнгги уч йилда энг юқори даражали мулоқотларда қўшимча равишда ­ташқи сиёсат, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, маданият, таълим, туризм каби қатор соҳаларда ҳамкорлигимиз жадал ­равишда ривожланишда давом этмоқда.

Ҳамкорлигимиз фақатгина икки томонлама муносабатларимиз ва уларнинг механизмлари билан чегараланиб қолмай, ­халқаро платформаларда ҳам намоён бўлмоқда. Бунга яққол намуна сифатида ўтган йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши билан янги маъно касб этган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини мисол қилиб ­кўрсатиш мумкин.

— Ўтган йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ­Ўзбекистон — Туркия бизнес форуми ва бизнес музокараларида туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонни инвестиция учун энг қулай мамлакат, дея таъкидлаган эди. ­Айтинг-чи, айни пайтда юртимизга Туркиядан йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми қандай ва улар қайси соҳаларга дахлдор?
— Мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳияти улкан. Бу борада муҳтарам ­Президентларимиз томонидан белгилаб ­берилган 5 миллиард АҚШ доллари қийматидаги савдо ҳажмига яқин вақтларда эришиш учун иш олиб боряпмиз.

Туркия Статистика идораси келтирган маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 2019 йилда 2018 йилдагига нисбатан 27 фоиз ўсган.

Экспортимиз 19 фоизлик ўсиш билан 1 миллиард 137 миллион доллар; импортимиз эса 35 фоизлик ўсиш билан 1 миллиард 76 миллион долларни ташкил этган. Тарихда илк бор ҳам экспорт, ҳам импорт кўрсаткичларида 1 миллиардлик чегарадан ўтдик.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ­ташқи савдо кўрсаткичларига хизмат савдосини қўшгани туфайли ҳам мазкур ташкилот тақдим этган жадвал янада қувонарлидир. Ўзбекистон кўрсаткичларига мувофиқ, 2019 йилда икки томонлама савдо айланмаси ҳажми 2,5 миллиард долларга етган.

Қолаверса, 2020 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги 1271 фирма бор. Бу билан турклар ота юртимизга энг кўп сармоя киритган хорижликлар орасида Россия ва Хитойдан кейинги ўринни эгаллаб турибди. Тахминларга кўра, банк иши, дори-дармон, қурилиш, автосаноат, пойабзал, туризм ва озиқ-овқат тармоқларига киритилган жами 1 миллиард доллардан ортиқ турк капитали иштирокидаги инвестициялар ёрдамида Ўзбекистоннинг экспортига йилига 300 миллион доллардан ортиқ ҳисса қўшилган, шу орқали 50 минг кишининг бандлиги таъминланган.

Пудратчи фирмаларимиз томонидан бугунги кунгача Ўзбекистонда амалга оширилган ­лойиҳаларнинг жами қиймати 3 миллиард доллардан ошган.

Мамлакатларимиз ўртасида музокара қилинаётган Преференциал савдо битимининг тезроқ имзоланиши ва амал қилишни бошлаши билан давлатларимизнинг савдо ҳамда инвестиция салоҳиятидан янада самаралироқ фойдалана олишимизга ишонамиз.

Турк ишбилармонлари доирасининг Ўзбекис­тондаги инвестицияларини янада жадал­лаштириш учун 2020 йил 5-6 март кунлари ўтказиладиган Тошкент Халқаро инвестиция форумига катта аҳамият бермоқдамиз. Келгусида анъанавийлашадиган ва дунё миқёсидаги инвестиция форумига айланишига ишончимиз комил бўлган ушбу йирик тадбирга юртимизда катта қизиқиш бор. Ҳозирги кунда жуда кўп туркиялик тадбиркорларнинг форумда иштирокини таъминлаш учун саъй-ҳаракат олиб боряпмиз.

— Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг Туркияга ­амалга оширадиган мазкур ташрифидан нималар кутилмоқда?
— Кучли қардошлик ришталарига таянувчи стратегик шериклик даражасидаги муносабатларимиз жиҳатидан яна тарихий аҳамиятга молик ташриф амалга ошмоқда. Ўзбекистон ­Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ­Жаноби Олийлари Президентимиз Режеп ­Таййип Эрдоған таклифига биноан, 19-20 февраль кунлари Туркияда бўлади.
Юқорида айтганимдек, ушбу ташриф давомида Президентлар раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилади. Унда икки томонлама муносабатларимизнинг барча қирраси кенг қамровда кўриб чиқилади, қўшма лойи­ҳалар бўйича фикр алмашиб олинади. Бу орқали икки томонлама алоқаларимиз юзасидан янги ҳамкорлик механизмлари тузилишига ишончимиз комил. Қисқача айтганда, бу тарихий тадбирнинг ҳаммамиз учун эзгуликлар келтиришини тилаймиз.

Ташриф доирасида Президент Шавкат ­Мирзиёев Туркия Президенти Миллий кутубхонасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этади. Турк маданияти ва цивилизацияси босиб ўтган шонли йўл нуқтаи-назаридан муҳим бурилиш нуқтаси, деб қабул қилганимиз ушбу Миллий кутубхонанинг очилиш маросимида ота юртимизнинг Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг қатнашиши биз учун катта шарафдир.

— Ўз фаолиятингиз ­давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишларини ривожлантиришни устувор вазифа, деб ҳисоблайсиз?
— Албатта мумкин бўладиган ҳар соҳада муносабатларнинг имкон қадар ривожланиши ва чуқурлашиши менинг бу ердаги вазифамдир. Лекин бизнинг Туркия элчихонаси сифатидаги энг муҳим мақсадимиз муносабатларнинг барча қиррасини ривожлантиришга эришишдир.

Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгариш ва ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонга хизмат — биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Биз ўзбек қардошларимизнинг эҳтиёжлари ва талаблари бўйича баҳоли қудрат ҳар қандай ҳамкорликка ­тайёрмиз.

Бу борада энг муҳим хусусиятлардан бири халқларимиз орасидаги қардошлик туйғулари ва ришталарини янада мус­таҳкамлаш, ўртамиздаги минглаб километр бўлган заминларимизни аниқ ҳамкорлик лойиҳалари билан юракда бирлаштириш. Бу борада таълим ва маданият каби соҳаларда олиб борилаётган ишлар, одамларимизнинг ўзаро ташрифларни амалга оширишлари устувор масалалардир.

— Жорий йилда Хива ­шаҳри “Туркий дунё ­маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Ушбу муҳим воқеа ҳақида фикрингизни ­эшитишни истардик.
— Хиванинг “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилиниши бизга ҳам катта ғурур бағишлади. Туркий жуғрофиянинг юраги бўлмиш Ўзбекистоннинг ардоқли шаҳри Хива бутун Турк-Ислом цивилизацияси учун жуда ­қадрли шаҳардир.

Хивада Ўзбекистон ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши томонидан ўтказиладиган тадбирларни ҳаяжон билан кутиб, уларни қўлимиздан келганича қўллаб-қувватлашни сабрсизлик билан кутяпмиз. Бунга қўшимча равишда, биз ҳам бу сўлим диёрда қатор санъат ва маданий тадбирлар ўтказиш ниятидамиз. Бундан ташқари, ушбу йилда ташриф буюрадиган делегацияларимиз билан Хивага боришни режалаштирганмиз.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ­ташаккур.

Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бу галги ташрифи икки давлат муносабатларида янги тарихий бурилиш ясаши кутилмоқда”