19:39 / 17.03.2020
4 431

Ўзбекистонда супермаркетлар расталарини бўшатган оммавий ваҳима қандай юзага келди?

Ўзбекистонда супермаркетлар расталарини бўшатган оммавий ваҳима қандай юзага келди?
Фото: Spot
Коронавирус пандемияси жуда кўп давлатларда шу вазиятни вужудга келтирди: карантин эълон қилиниши, жамоат жойларининг ёпилиши эълон қилингач, баъзи товарларни оммавий равишда сотиб олиш бошланди. Қайси халқ нимани кўпроқ истеъмол қилишига қараб ўша маҳсулотларнинг пештахталари бир кундаёқ, бир неча соатдаёқ бўшаб қолди.

Бутун дунё бўйлаб макарон, антисептик воситалар, ҳожатхона қоғози, тиббий ниқоб кабиларга талаб ошиб кетди ва улар энг кўп сотилган товарлар бўлди. Ўзбекистонда ҳам бу ҳолат кузатилди, шунингдек, миллий ошхонанинг асосини ташкил қиладиган гуруч, ёғ каби маҳсулотлар ҳам кўп харид қилинди.

Фото: Сарвиноз Омонова
Биз хавфли касаллик кириб келган вазиятда фуқаролар орасида намоён бўлган ваҳима, саросима кайфиятига изоҳ беришни сўраб психолог Сарвиноз Омоновага саволлар билан мурожаат этдик.

- Нега бу ҳолат юз беряпти? Одамлар ваҳимага берилиб, дўконлар бўшаб қолиши даражасида маҳсулотларни харид қилишига сабаб нима? Баъзи интернет фойдаланувчилари одамларнинг бундай хулқ-атворини қоралаб, бошқаларни ўйламасликда айбламоқда. Бу айблов қанчалик ўринли?
- Оммавий ваҳиманинг уч даражаси фарқланади. Биз кузатиб турган ҳолат ўрта даражадаги ваҳимадир. Бундай пайтда юз бераётган ҳодисаларга баҳо беришда онглилик, танқидийлик сусаяди, қўрқув ошади, ташқи таъсирларга берилиш осонлашади. Инсон психологияси шундай – бошқа бировнинг хулқ-атворидан нусха кўчиришга мойил. Оммавий аҳамиятли воқеаларда интеллектнинг бошқаруви сусаяди ва англанмаган хатти-ҳаракатларга бўйсунамиз.

Айни вақтда коронавирус пандемияси юзга келтирган вазиятни таҳлил қилсак:
Биринчидан, оммавий ахборот воситаларининг таъсири кучли бўлди. Баъзи мамлакаталарда коронавирус аниқлангани ҳақидаги илк хабарданоқ дўконлардан бирламчи истеъмол маҳсулотлари катта миқдорда сотиб олина бошланди. Ижтимоий тармоқларда, интернет нашрларида Европа ва Америкадаги бўшаб қолаётган супермаркетларнинг пештахталари суратлари тарқалиб кетди. Ҳали коронавирус кириб келмаган давлатлар аҳолисида «демак, шундай йўл тутиш керак экан, коронавирус кириб келганда тезда бориб энг керакли нарсаларни иложи борича кўп сотиб олиш керак экан» деган тасаввур ҳосил бўлди. Бу ҳолатда одамнинг ижтимоий мавжудот сифатида бошқаларнинг хулқ-атворидан намуна олишини кўриб турибмиз.

Иккинчидан, оммавий ваҳима вақтида сақланиш инстинкти кучаяди. Ҳар ким ўзининг жони омон қолиши учун курашади. Коронавирус билан боғлиқ вазиятда омма беморлар ва шифокорлар учун тиббий ниқобларнинг етишмаслиги, бошқаларнинг оч қолиши ҳақида ўйлаб ўтирмади. Инстинктлар таъсирида иш тутди ва оч қолмаслик, ҳимояланиш учун зарур воситаларни ғамлаб қўйишга шошилди.

Ҳеч ким вазият ҳақида тўлиқ хабардор эмас, вирус қачон чекиниши, қачон унга қарши вакцина пайдо бўлишини, касалланиш хавфи қай даражада кучли эканини биров аниқ билмайди. Одамлар гигиена қоидаларига риоя қиляпти-ю, аммо бу борадаги ҳаракатларни доимий равишда онгли бошқариш қийин. Саволлар кўп, жавоблар йўқ. Хавотирни босиш, вазиятни бошқара олиш имконияти оз бўлса ҳам борлигини ҳис қилиш учун одамлар имкони бор ишни қилди: зарур нарсаларни сотиб олди.

Учинчидан, одамлар бирламчи истеъмол маҳсулотларининг нархлари ошиб кетиши, дўконларда қолмаслигидан хавотир олди. Ақлий мулоҳазага таянганлар ҳам дўконларнинг пештахталари бўшаб қолишига ҳисса қўшди.

Юқоридаги омиллардан келиб чиқиб, халқни, оммани айблаб бўлмайди.

- Ушбу вазиятни тўхтатиш учун, одамларда хавотирни пасайтириш учун нима қилиш керак?
- Аввало, коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланганига қадар давлат нафақат касаллик билан курашиши, унинг тарқалишга йўл қўймасликка ҳозирланиши керак эди – балки халқни ҳам психологик жиҳатдан тайёрлаши керак эди. Нарх-наво ошиб кетмаслиги, маҳсулотлар захираси тугаб қолмаслиги, экспорт тўхтамаслигини олдиндан маълум қилиш мумкин эди. Мамлакатда илк бор коронавирусга чалинган бемор аниқлангач, юқоридаги ишлар қилинди, аммо унгача дўконларнинг пештахталари бўшашга улгурди. Энди нарх-навони назорат қилиш, баъзи маҳсулотларни киши бошига чегараланган миқдорда сотиш қоидасига амал қилиш каби ишлар билан одамларда хавотирни сусайтириш мумкин.

Халқ ваҳима туғилганда оммага айланади, омма эса ёш болага ўхшайди. Бола нимани хоҳлайди? Ҳимояни. Ҳозирги вазиятда одамларимизга ҳимояланганлик ҳиссини бериш лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда супермаркетлар расталарини бўшатган оммавий ваҳима қандай юзага келди?