09:43 / 27.03.2020
4 498

Аёл — она, аёл — ўғри

Аёл — она, аёл — ўғри
Сабоҳат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эрталабдан уй юмушлари билан шуғулланди. Турмуш ўртоғи ва икки ўғли ишга чиқиб кетишганди. Кечқурун соат 8 дан ўтганида кир ювиш учун домнинг олдига тушди. Уй эшигини ёпди-ю, узоққа кетмаётгани боис қулфлаб ўтирмади.

Икки соатлардан сўнг таш­қаридаги ишини тамомлаб, уйга кирмоқчи бўлаётганида ўғли Икромжон келиб қолиб, идишлари ва ювилган кирларини уйга олиб киришда ёрдам берди. Кечки сменага отланган ўғлига тухум қовуриб бериб, кўрпа-тўшакларни тикиш учун болалар хонасига кирди. Қараса, ўнг томондаги кийим жавонининг эшиги очиқ.

— Манави шкаф нимага очиқ ётибди, болам? — сўради ўғлидан.
Икромжон елка қисди:
— Мен ҳам уйга сиз билан бирга кирдим-ку…

Сабоҳатнинг юраги шиғ этди. Жавондаги пластмасса идишни очиб қаради. Ичига солиб қўйган тилла зираги ва узуги йўқ эди. Апил-тапил бутун уйни кўздан кечирди. Ҳеч қаердан тақинчоқларини топа олмади.

Қўшниси Муҳайёнинг эшигини тақиллатди.
— Қўшни, мабодо йўлагимизга бегона одам кирганини кўрганингиз йўқми?
— Йўқ, — деди ҳовлиқиб қолган Муҳайё. — Тинчликми?
— Йўқ-да, пастга кир ювгани тушувдим. Қайтиб чиқсам, шкафим очиқ ётибди. Тиллаларим йўқ. Сиз ҳам нарсаларингизни бир текширинг. Ўғри оралаганга ўхшайди…

Муҳайё ҳам югуриб, тақинчоқларини қўйган жойига қаради. Улар йўқ эди. Эртаси куни аёллар туман ички ишлар бўлимига хабар беришди…
* * *
Шарофат Китоб шаҳридаги ижара уйига кўчиб борди. Икки хонали шинамгина квартира оиласидан ажрашган, бир фарзандли аёл учун етарли эди.

Бир куни кечга яқин овқатга уннаётган Шарофат томат сўраб учинчи қаватга чиқди. Қўшниси Муҳайёнинг эшигини тақиллатди. Ҳеч ким жавоб бермади. Эшикни аста тортиб кўрди. Қулфланмаган экан. Уйга кириб, даҳлизнинг ўнг томонида жойлашган хонага ўтди. Кўзгули шкафни очди. Стаканда бир дона сариқ металдан ишланган занжир ва узук турган экан. Шартта олиб, қўйнига тиқди.

Эртаси куниёқ тақинчоқларни Шаҳрисабз шаҳридаги «Арабон» бозорига олиб бориб, бир нотаниш аёлга 1 400 000 сўмга сотиб юборди.

Пулнинг бир қисмини квартира эгасига ижара ҳақи сифатида берди, қолганини эса бозордаги ўрнига патент учун тўлади. Орадан бир неча кун ўтган бўлса-да, Муҳайё нарсалари ўғирланганини сезмади.

Бир куни Шарофат қўшниси Сабоҳатнинг эшигини текширса, очиқ қолган экан. У ёқ-бу ёққа аланглаб, ўзини ичкарига урди. Шкафни титкилаб, қандайдир қутичани топди. Ичидаги узук ва зиракни олиб, уйига югурди…
* * *
«Ҳовли олма, қўшни ол» дейдилар. Сабоҳат ва Муҳайё ўғри ўз домларидаги қўшниси Шарофат эканини эшитганларида тавба деб ёқа ушлашди. Кейин­роқ эса тавбани Шарофатнинг ўзи айтишига тўғри келди. У тавба-тазарру билан қўшниларидан узр сўраб, уларга етказилган зарарни қоплаб берди.

Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани суди биносида Нишон тумани суди раиси раислигида ўтган суд мажлисида унинг қилмишига қонуний баҳо берилди. Шарофат Маҳмудова қўшнилари Муҳайё Қосимованинг 2 500 000 сўмлик, Сабоҳат Норбоеванинг 2 300 000 сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлагани далиллар билан ўз исботини топди. Судланувчи беш йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукм шартли ҳисобланиб, икки йил синов муддати белгиланди.

Қўшничилик халқимизда улуғвор қадрият ҳисобланади. Бу қадрият азалдан эъзозлаб келинади. Ўзбекчиликда сов­чиларнинг бўлғуси қудаларни энг аввало қўшнилари ва маҳалласидан суриштириш одати бор. Бу бежиз эмас. Қўшнисигаки бирор ёрдами тегмаган кишидан яхшилик кутиш душвор.

Ўйланиб қоласиз. Наҳотки, Шарофат бу оддийгина ҳақи­қатдан бехабар бўлса?

Яна бир гап. Аёлга оқила, ҳаёли, иболи, чевар, пазанда… сингари сифатлар қандоқ ярашади. Энди шуларнинг ёнига ўғри деган тамғани қўйиб кўринг-а… Беихтиёр этингиз жимирлаб кетади.

Шарофат энди бу хусусда жиддийроқ ўйлаб кўрар?!

Ўлмас АШУРОВ,
Нишон тумани прокуратураси терговчиси
лавозимида иш ўрганувчи

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аёл — она, аёл — ўғри