date

Шимолий Кореяда икки тадбиркорнинг қатл этилиши жамоатчиликни ҳайратга солди

Шимолий Кореяда икки тадбиркорнинг қатл этилиши жамоатчиликни ҳайратга солди

Шимолий Кореяда муваффақияти ортиб, “кибрланиб кетган” деб баҳоланган икки тадбиркор “аксилреспублика фаолияти”да айбланиб, жамоатчилик олдида қатл этилди. Daily Mail тарқатган маълумотларга кўра, Пхеньянда амалга оширилган қатлни юзлаб одамлар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам мажбурий равишда томоша қилган.

Хабарларда айтилишича, ёши 50 атрофида бўлган тадбиркорлар электр велосипедлар, аккумуляторли мототцикллар учун эҳтиёт қисмлар, оддий велосипедлар сотиш, таъмирлаш ва ижарага бериш билан шуғулланган. Улар расман Садонг тумани касаба уюшмалари орқали рўйхатдан ўтган бўлса-да, катта даромад олиши сабаб маҳаллий аҳоли орасида “йирик раҳбарлар” сифатида танилган.

Бироқ айрим фуқаролар уларнинг ҳаддан ташқари қиммат нарх қўйиши, товар сифати пастлиги ва кибрли муомаласи сабаб норозилик билдирган.

Натижада тадбиркорлар “Реакцион фикр ва маданиятни қабул қилмаслик тўғрисида”ги қонунни бузганликда, шунингдек, ноқонуний валюта айланиши ва давлатга қарши маълумотларни тарқатиш учун ташқи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбланган.

Маълумотларга қараганда, улар август ойида қўлга олинган, биргаликда сўроқ қилинган ва сентябрь бошида ўлим жазосига ҳукм қилинган. Тадбиркорларга алоқадор яна 20 га яқин киши ё сургунга юборилган, ёки меҳнат лагерларида “қайта тарбиялаш”га жўнатилган.

Манбалар айтишича, қатл очиқ майдонда ўтказилган ва аҳоли мажбурий равишда йиғилган.

“У ерда камида 200 киши тўпланди, болалар ҳам олиб келинди. Ўқувчилар дарсдан озод қилиниб, қатлни томоша қилишга мажбур бўлди”, — дейди гувоҳлардан бири.

Расмийлар бу жазо “иқтисодий тартибсизликнинг олдини олиш ва жамоага сабоқ бериш” мақсадида амалга оширилганини маълум қилган. Таҳлилчиларга кўра, бу воқеа давлатнинг хусусий бизнес устидан назоратни янада кучайтириши ва ташқи алоқаларни чеклашга интилишидан дарак беради.

Қатлнинг вақти ҳам эътиборга молик: Ким Чен Иннинг Хитойдаги сафари якунланганидан кўп ўтмай содир этилган. Манбалар бу орқали ҳукумат жамоага “ташқи ҳамкорлик қилинса ҳам ички интизом бузилмаслиги шарт” деган сигнал берганини қайд этмоқда.

Ҳодисадан кейин бозорда савдо кескин пасайган, тадбиркорларга тегишли корхоналар банкрот бўлган, аккумулятор ва эҳтиёт қисмлар нархи кескин ошган ёки умуман сотилмай қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Шимолий Кореяда икки тадбиркорнинг қатл этилиши жамоатчиликни ҳайратга солди