date
views 2 855

«Маблағ камаяди, аммо очарчилик бўлмайди». Иқтисодчи Жамшид Муслимов билан суҳбат

«Маблағ камаяди, аммо очарчилик бўлмайди». Иқтисодчи Жамшид Муслимов билан суҳбат
Kun.uz пандемия ва иқтисодий инқироз даврида аҳоли ва давлатни қизиқтирган турли масалалар юзасидан туркум интервьюлар ташкил этмоқда. Бу галги суҳбатдош Москвада фаолият олиб бораётган иқтисодчи Жамшид Муслимов мавжуд вазиятга баҳо бериб, келгуси қадамлар ҳақида таклифлар билдирди.

— Ассалому алайкум, Жамшид ака суҳбатимиз аввалида Россиядаги вазиятга тўхталиб ўтсак. У ерда коронавирусга қарши кураш қандай кечмоқда, Ўзбекистондагидан фарқ қиладими?
— Ваалайкум ассалом, Москвада ўзини-ўзи иҳоталаш режими эълон қилинган, бу нарса ҳали бир икки ой давом этиши мумкин. Шу сабаб 9 май ғалаба паради ҳам номаълум санага кўчирилди.

Одамлар ўз ишлари билан, шунингдек, турар жойларига яқин атрофда дўкон ва бориши, узоқ масофага бормаган ҳолда итларини сайрга олиб чиқиши мумкин. Йўлда одамларга ҳужжат орқали юришга рухсат этилмоқда. Бу ишхонадан маълумотнома ва бошқа кўринишда ҳам қилиниши мумкин. Шу билан бирга кўчаларда ҳимоя воситаларисиз юрган одамларни ҳам учратиш мумкин. Очиқчасига мавжуд вазиятни инкор қилинаётганига гувоҳ бўласиз. Лекин уларга нисбатан Тошкентдаги каби очиқ таъқиб қилиш ҳолатлари йўқ.

Вирус юқиш ҳолатлари жуда тез суръатда кўпайиб бормоқда. Бундан икки ҳафта аввал кунига 600-700 кишида вирус аниқланган бўлса, ҳозирга келиб 1,5-2 мингга чиқди. Шунинг ярмидан кўпи Москвага тўғри келади. Бу расмий маълумот, аммо ўша 2 минг одам яна неча кишига юқтиргани номаълум.

— Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган биринчи бемор аниқланганига бир ойдан ошди. Шундан сўнг барча соҳада чекловлар жорий этиб келинмоқда. Четдан туриб бу ҳолатга қандай баҳо берса бўлади: карантин режими самара беряптими?
— Ўйлашимча Ўзбекистоннинг ҳозирги тутган сиёсати ўзини оқлайди, бу — тўғри йўл. Чунки иложи борича одамларни ўз жойларида сақлаш керак. Ва бу карантин муддати давомида давлат ўзининг вазифаларини тезкорлик билан ҳал қилиши керак.

Биринчидан, касалланганларга етарли тўшак жойлари, тиббий воситалар, тиббий ходимларни тайинлаш етарли миқдорда тайёр бўлиши; иккинчидан, тезкор тест воситалари таъминланган бўлиши лозим. Чунки булар жамият яна ўз нормал йўлида давом этиши учун зарур. Яъни давлат оммавий ишлата оладиган шифохона тиббий воситалари, тезкор тест воситалари билан таъминланган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, аҳолида бу вазиятда ўзини тутиш кўникмалари ҳосил бўлиши ҳам керак.

— Пандемиянинг бевосита иқтисодий оқибатларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда аҳолида ҳам, давлатда ҳам ресурслар камайиб бормоқда. Нима деб ўйлайсиз, илк қадамларимиз нима бўлади? Kun.uzʼда эълон қилган мақолангизда ҳам бу ҳақда батафсил тўхталгансиз. Шундан бери вазият ўзгардими?
— Қандай чоралар кўрилиши керак деганда, бу чора кўрувчиларни ким деб биляпмиз: давлатми, бизнес эгаларими ёки аҳолими? Ўшанга қараб бир нарса айтиш мумкин. Давлатнинг ўз тутган йўли — аҳолини, биринчидан, тинчлантириши; очиқ ахборот етказиши керак, бу ҳал бўлмайдиган муаммо эмас. Қабул қилинадиган қарорлар тизимли хулосалар билан ҳал қилинса бўлади. Иккинчидан, одамлар моддий ҳолатини ушлаб туришга ёрдам бериши керак. Ундан ташқари, ижтимоий тармоқларда ўқиб қоляпманки, очарчилик бўйича ваҳима тушунчалари бўляпти.

Kun.uzʼда ҳам рўзғор масаласи тўғрисида журналистик сўровнома ўтказилганди. Бу қизиқарли маълумот беради, лекин бу социологик сўров эмас. Яъники, олинган маълумотлар асосида аҳолида бир-икки ҳафтада пул тугаб қолади деган хулосаларга келиш керак эмас. Чунки ҳеч ким бемалол ўтириб, қўлига қоғоз- қалам олиб батафсил ҳисоблади деб ўйлайсизми – йўқ, албатта.

Тасаввур қилайлик, вазият жудаям қийинлашиб кетди, одамларда ҳақиқатан ҳам даромад тўхтади, пул йўқ — шундай вазиятда Ўзбекистон учун очлик хатари борми? Мутлақо йўқ, давлатда етарли ресурслар, маблағлар борки, бир неча ой, балки йил етарли миқдорда углевод, оқсиллар билан таъминлаб бера олишига кучи етади. Очарчиликдан умуман қўрқиш керак эмас.
Албатта, маблағ камаяди, камбағаллашув бўлади, лекин бунчалик даражада эмас.

— Бу ерда яна бир нарсага эътиборингизни тортаман, кунлик даромади бўлган, лекин карантин пайтида уйида ўтириб, рўзғор ишларига қийналиб қолган одамлар ҳам бор. Уларда сотиб олиш учун харид қуввати йўқ, савол туғилади, булар давлатдан қандайдир ёрдам кутишга ҳақлими?
— Бу ҳақда бемалол айтишим мумкин, давлат буни режа асосида йўлга қўйди. Мен буни тўлиқ қувватлайман. Бу муаммога қандай ёндашди? Буни антикризис ёндашув дейилади. 2020 йил учун ажратилган давлат бюджети бор, унда ижтимоий мажбуриятларни бажарадиган харажатлар ва даромадлар манбалари кўрсатилган. Бундан ташқари, қачон тугаши номаълум бўлган бу ҳолат учун алоҳида бюджет ҳисобланди, аниқ ҳисоб-китоблар дейилмаса-да, биринчи қадамлар тўғри ташланди.

Тиббий воситалар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шифохоналар қуриш каби йўналишларни Молия вазирлиги кўрсатди. Сизни саволингизга жавоб берадиган бўлсам, албатта, аҳоли ёрдам кутишга ҳақли. Чунки бу давлатнинг энг бирламчи вазифаси.

— Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров аҳолига ёрдам бериш вазифасини билиб турибмиз, лекин қандай қилиб етказиб беришни билмаймиз, бу устида ишлаяпмиз деди. Сизнингча, аҳолига қандай қилиб моддий ёрдам бериш энг қулай восита бўлиши мумкин?
— Биринчи галда ишда банд бўлган одамлар, улар ўз корхоналари рўйхатида орқали моддий ёрдамни олиши керак. Тўғридан тўғри олиш фақат алоҳида категориядаги одамлар учун бўлади. Шунингдек, банд бўлмаган ёки бандлиги яширилган одамлар бор. Улар бандликка кўмаклашиш агентлигига рўйхатдан ўтган ҳолда (кимдир ўтмаган бўлса, ўтиши лозим) ёрдам олади.

Инқирознинг позитив томонларидан бири шундаки, аҳолининг реал ҳолати кўринадиган пайт юзага чиқди: иш билан банд бўлган, бандлиги яширилган ва меҳнат иш жойи билан банд бўлмаган одамларнинг тоифалари очиқ кўринади. Бу техник масала, яъни мураккаб нарса эмас.

Бундан ташқари, фуқаролик ташаббуслари бўлиши мумкин. Уларга айтилсаки, бизга аниқлаб беринг, қайси одамлар давлатнинг назаридан четда қолди. Бу ҳам ёрдам бериши мумкин. Кимдадир фирибгарлик бўлиши мумкин деган тушунча туғилади, лекин бу пайтда фирибгарлик минимал даражада бўлади. Бу ўзаро ишонч билан, давлат ўзининг тизимлари орқали тепадан пастга ва пастдан ижтимоий ташаббускорлик фаолиятларини жамлаган ҳолда ҳал қилинадиган масала.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Маблағ камаяди, аммо очарчилик бўлмайди». Иқтисодчи Жамшид Муслимов билан суҳбат