16:50 / 04.05.2020
2 468

Ўзбекистонда пандемия Хитой модели бўйича ўтмоқда

Ўзбекистонда пандемия Хитой модели бўйича ўтмоқда
Фото: REUTERS / China Daily
Ўзбекистонда деярли бир ой карантиндан сўнг, 20 апрелда, коронавирусдан даволанаётганлар сони энг катта миқдор – 1361 кишига етди ва сўнг икки ҳафта давомида камайиб бориб, деярли ярмига тушди. Хитойда ҳам эпидемия бир ойда авжига чиқиб, яна бир ойдан сўнг карантиндан чиқиш бошланганди.

Ўзбекистон ва Хитойда даволанаётганлар сонининг кунлик нисбий ўзгариши жуда ўхшаш ва демак Ўзбекистон ҳам май ўртасидан карантиндан чиқа бошлашини кутса бўлади.

Ўзбекистонда шу йил март ўртасида бошланган коронавирус эпидемияси нисбатан юмшоқ ўтаётгани ва даволанаётган касаллар сони 20 апрелда энг катта миқдори – 1361 кишига етиб, шундан бери пасайиб бораётгани ҳақида 28 апрелдаги мақоламда ёзгандим. Шундан бери деярли икки ҳафта ичида даволанаётганлар сони деярли икки баравар камайишга яқинлашди - 3 майда 800 киши атрофига тушди ва кунига 40 киши атрофида камайиб бормоқда. Бу, демак, мамлакатда эпидемия жиловланиб, сўниб бораётганидан дарак беради.

Лекин эпидемия сўниши уни авж олишидан узоқроқ давом этиши ва ҳатто такрорий бошланиш хавфи ҳам борлиги маълум. Шунинг учун Ўзбекистондаги ҳолат эпидемияни бошидан кечириб, ундан чиқиб олган қайси мамлакат билан бир хилда кечмоқда, деган савол муҳимдир. Бу саволга жавоб топилса, унда аҳоли қачон карантиндан чиқарила бошлашини ҳам тахмин қилиш мумкин бўларди.

Мутахассислар бу борада ҳар кунги янги касалланганлар сонини таҳлил қилиб борадилар ва шу сон ўзгариши графикларини (эпидемик эгри чизиқларни) чизиб, шу асосда хулоса қилишади. Яъни, янги касаллар қўшилиши деярли тўхтаса, демак эпидемия сўнди, деган ҳулоса қилинади. Медицина нуқтайи назаридан бу албатта тўғри ва бир қараганда ягона метод бўлиб кўринади.

Лекин аҳоли ҳаёт эҳтиёжлари, мамлакат иқтисодиёти ва барқарорлиги нуқтайи назаридан келиб чиқилганда эса бошқа кўрсаткич – даволанаётган касаллар сонининг камайиб бориб, карантин зоналаридагина қолгани муҳимроқлиги ҳақида хулосага келгандим. Чунки янги касаллар карантин зонасида пайдо бўлаверади ва бунинг кети бўлмаслиги мумкин, ваҳоланки мамлакат аҳолисига бу жараён деярли таъсир этмайди. Бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқиб, буни яна бир исботини топдим ва бундан биздаги ҳолат учун муҳим хулосалар келиб чиқиши маълум бўлди.

Касалланганлар сони мингдан ошган мамлакатлар 1 майда 91тага етди ва Ўзбекистон (2,1 минг киши) бу рўйхатда 69-ўринда. Шулардан 32 мамлакатда даволанаётганлар сони энг юқори миқдоридан ўтиб, эпидемия сўна бошлади ва улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Шулардан ўнга яқин мамлакат эпидемияни деярли жиловлаб, карантиндан чиқа бошлади. Улардаги даволанаётганлар сонининг карантин кунлари билан ўзгариши графиклари шуни кўрсатдики, Ўзбекистондаги ўзгариш динамикаси Хитойники билан деярли бир хил экан. Бунга албатта иккала мамлакатда ҳам қаттиқ карантин чоралари кўрилгани ва аҳолининг нисбатан тартиб-интизомлилиги сабаб бўлса керак.

Қуйидаги графикда Ўзбекистон ва Хитойда даволанаётганлар сонининг карантин бошидан бошлаб кун сайин нисбатан ўзгариб бориши келтирилган (ҳар кунгини энг катта миқдор нисбати). Графиклар шунчалар ўхшашки, бу натижадан бизда эпидемия Хитой модели бўйича ўтмоқда, деган хулоса келиб чиқади.

Хитойда эпидемия бир ой давомида авжига чиқиб, сўнг пасая борган ва карантиннинг 27-куни (17 февралда) даволанаётганлар сони энг катта миқдорга етган (58.1 минг киши). Яна бир ойдан сўнг, мартнинг икинчи ярмидан карантиндан чиқа бошланганди.

Демак, Ўзбекистонда ҳам майнинг иккинчи ярмидан даволанаётганлар сони юздан кам миқдорга тушиб, янги ҳолатлар фақат карантин зоналарида бўлгани учун қолган аҳолини карантиндан чиқара бошланишига имкон очилишини кутиш мумкин. Бу – биринчи хулосадир.

Иккинчи хулоса шундан иборатки, карантиндан чиқа бошлаган 30дан ошиқ мамлакат авж олаётган иқтисодий кризис шароитида айнан бир-бирлари билан ҳамкорлик қилишларига тақдир тақозоси билан имкон очилди. Ахир бошқа мамлакатлар ҳозирда деярли ёпиқ ва деярли ишламаяпти, ваҳоланки эпидемиядан чиқиб бораётган мамлакатлар ҳам очила бошлади, ҳам ишлай бошлади. Жаҳонда янги 31талик пайдо бўлди:

Австралия, Австрия, Дания, Германия, Исландия, Ирландия, Италия, Исроил, Испания, Иордания, Куба, Литва, Малайзия, Мексика, Марокаш, Шимолий Македония, Озарбайжон, Жанубий Корея, Словакия, Таиланд, Туркия, Финляндия, Франция, Хитой, Хорватия, Чехия, Швейцария, Эрон, Янги Зеландия, Япония, Ўзбекистон.

Улар раҳбарлари видеоконференция орқали тезда ҳамкорлик бошлашларига имкон пайдо бўлди.

Бу ўринда айтиш лозимки, тарих бундай ноёб совғаларни кўп ҳам қилавермайди, ундан эплаб фойдалана олмаганларни эса кечириб ҳам ўтирмайди. Хитой енг шимариб бундан фойдаланишга киришди, биз ҳам ундан қолишмаслигимизга умид қилиб қоламан.

Зоҳид Зокир

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда пандемия Хитой модели бўйича ўтмоқда