00:41 / 29.07.2020
2 046

«Тошкент шифокорлари»: Ўзингизни кўр-кўрона даволашга киришиб, аҳволингизни оғирлаштириб қўйманг!

«Тошкент шифокорлари»: Ўзингизни кўр-кўрона даволашга киришиб, аҳволингизни оғирлаштириб қўйманг!
Facebook’даги «Тошкент шифокорлари» («Врачи Ташкента») гуруҳи фаоллари жамоатчиликка мурожаат қилди. Мурожаатни @koronatavsiya ўзбек тилига ўгирди.

Билимсизлик ва бехабарлик қўрқитади, стресс ҳолатини келтириб чиқаради, ваҳимага сабаб бўлади. Лекин бу гаплар биз ҳақимизда эмас, шундай эмасми? Ушбу ҳолатлар шу вақтгача дунёда бирор бир одам ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бермаган, лекин иммунитетга, касалликнинг кечишига ва ҳатто тузалиш жараёнига зўр зарар етказади. Бу ўз исботини топган илмий факт.

Бохабар бўлсанг, анча хотиржам тортасан. Шу сабабли ҳам биз ҳамкасбларимиз билан бирга мунтазам равишда янги ахборотларни сиз билан бўлишяпмиз, саволларингизга янги постлар ва комментлар орқали жавоб бериб келяпмиз. Шу вақтгача гуруҳда хабардор бўлиш ва қуролланиш учун етарли даражада кўп саволларга жавоблар берилган. Осонгина қидирувга бериб, турли саволлар бўйича шифокорлар қолдирган постларни осон топиш мумкин. Бироқ жуда кўпчилик, гуруҳни ўқимай, саволлар йўллашда давом этмоқда, биз эса уларга жавоб беришга жисмонан улгурмаяпмиз.

Кўпчилик, ваҳимага тушиб, саросимада ҳеч бир асоссиз ўзларига компьютер томографияси, осма укол, антибиотиклар ва шунга ўхшаган зарур бўлмаган даво чоралари ва текширувларни қўлламокда. Бу чоралар нафақат кераксиз, балки сизга жуда жиддий зарар етказиши ҳам мумкин.

Ҳар ким ўзини тинчлантириш учун эслаб қолиш зарур бўлган энг асосий жиҳатларни санаб ўтамиз. Тасдиқланган фактлардан бири — камида 80 фоиз одам касалликни ҳеч қандай симптомларсиз, енгил ёки ўрта оғир шаклда ўтказади. Гуруҳ статистикаси ҳам буни тасдиқлади — қолдирилган сўровларнинг 85 фоизида коронавируснинг худди шундай шакллари тавсифланган.

Агар сизда юрак-қон томир, аутоиммун ва сурункали касалликлар, қандли диабет ёки онкологик касалликлар бўлмаса, сиз қолган 20 фоиз (хавф гуруҳи)га кирмайсиз. Биз сиз билан биргаликда касалликни оғир ўтказишга мойил бўлган мана шу 20 фоиз одамга ёрдам бериб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишимиз мумкин.

Ишонинг, агар сиз хавф гуруҳига кирмасангиз, сизда коронавируснинг ҳатто ўрта оғир даражада кечиши эҳтимоли ҳам жуда паст, агар сиз кераксиз дорилар ва текширув усуллари билан ўзингизга ўзингиз зарар етказмасангиз.

Шундай қилиб, агар сиз коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган бўлсангиз ва сизда касалликнинг симптомсиз ёки енгил шакли кечаётган бўлса (тана ҳарорати 38—38,5 даражагача кўтарилиши, йўтал, томоқ оғриғи, баъзи ҳолларда бурун битиши, ҳид ва таъм сезиш қобилиятининг йўқолиши, шунингдек, бош оғриғи ҳам кузатилиши мумкин), сизда ҳеч қандай оғир оқибатларсиз тезда тузалиб кетиш учун барча имкониятлар бор ва сизга:

- ҳеч кандай рентген ва компьютер томографияси керак эмас!
- тез ёрдам чақиришнинг кераги йўқ!
- колл-марказга қўнғироқ қилиш шарт эмас!

Шундай экан, тўхтаб, чуқур нафас олиб, иродамизни жамлаб, саросимага тушишни, касалхонларга югуриб тиқилинч навбатлар ҳосил қилишни бас қилайлик. Ишонинг, буларнинг сизга умуман кераги йўқ. Аксинча, сиз бу хатти-ҳаракатингиз билан ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож (касалликни оғир шаклда ўтказаётган) беморлар ҳаётини хавф остида қолдирасиз. Ортиқча компьютер томографияси эса организмингизга мутлақо кераксиз нурланишни беради холос. Шу сизга керакми? Ўйлайманки, йўқ.

Хўш, у ҳолда нима қилиш керак?
1. Шунчаки профилактика чораларини кўринг ва ўз ҳолатингизни доимий равишда назорат қилинг. Аҳволингиз тўғрисидаги кунлик маълумотларни қуйида кўрсатилган жадвалдаги каби ёзиб боринг, ҳар куни керакли қайдларни киритинг.

Агар нафас олиш қийинлашса, ҳарсиллаш пайдо бўлса, йўтал кучайса, тана ҳарорати 39 даража ва ундан юқори бўлса, шифокорга мурожаат қилиб, нафас олиш сонининг томир уриш сонига нисбатини ўлчатиш керак — норма 1:4, яъни бир марта нафас олишда тўрт марта юрак уриши керак (коронавирусга чалинганларда нафас олиш тезлашиши мумкин, масалан, нисбат 2:4, 3:4 га чиқади, яъни юрак тўрт марта урганида бир эмас, 2—3 марта нафас олинади). Агар нисбат пасайса, нафас олиш сони бир дақиқада 22 тадан ошса, тез ёрдам чақиринг ва стационарга ётинг.

2. Касалликнинг симптомларсиз кечиши даво чораларини талаб қилмайди. Бунда профилактика чораларини кўриш, кўп-кўп сув ичиш, тавсия қилинган витаминларни қабул қилиш ва ўз ҳолатини назорат қилиш етарли.

3. Касалликнинг енгил шакли симптоматик даволанади (агар иситма юқори даражада сақланиб турса, тана ҳароратини туширадиган дорилар, бурунни тузли эритма билан чайиш, томоқда оғриқ бўлса, уни антисептиклар билан чайиш ва ҳоказо тавсия этилади).

Коронавируснинг олдини олиш ва унинг енгил шаклларидан даволаниш вақтида қуйидагиларни қилиш мутлақо мумкин эмас: ҳар қандай осма уколлар, антибиотиклар, гормонал препаратлар (дексаметазон), антикоагулянтлар ва антиагрегантлар (курантил, ксарелта ва ҳоказо), иммуномодуляторлар (анаферон, кагоцел, циклоферон, полиоксидоний, иммун-5 ва бошқа иммунлар ва феронлар).

Эътибор беринг: агар ўзингизни кўр-кўрона даволашга киришиб, тавсия этилмаган дорилар, текшириш усулларини қўллашни бошласангиз, аҳволингизни «енгил»дан «ўрта оғир» ва ҳатто «оғир» шаклга ўтказиб қўйишингиз, шу тариқа саломатлигингиз ва ҳаётингизни хавф остида қолдиришингиз мумкин.

Сизнинг хотиржамлигингиз ва шифокорларга ҳамда ақлли организмингиз кучига бўлган ишончингиз бу, аввало, касаллик билан курашишда ўзингизга ўзингиз қилган энг катта ёрдамдир. Шунингдек, сиз бу билан чиндан ҳам тиббий ёрдамга ва касалхонада ётишга муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатасиз.

Илтимос, хотиржамликни сақлайлик ва уй шароитида даволанайлик. Биз шифокорлар эса бунда сизга ёрдам берамиз. Ёдингизда бўлсин — биз сиз билан биргамиз ва доимо сиз ҳақингизда қайғурамиз!

Facebook’даги «Тошкент шифокорлари» гуруҳи фаоллари: Дилдора Секлер, Азизахон Хўжаева, Лидия Гутникова, Николай Давис, Абдураҳим Тўйчиев, Элбек Назаров.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Тошкент шифокорлари»: Ўзингизни кўр-кўрона даволашга киришиб, аҳволингизни оғирлаштириб қўйманг!