date

Каннаваро: “Уругвайга қарши ўйин биз учун синов бўлди”

Каннаваро: “Уругвайга қарши ўйин биз учун синов бўлди”

Уругвайга қарши ўтган ўртоқлик учрашувидан сўнг Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Итальян мутахассис жамоа ҳолати, ўйин сифати ва келгуси режалар ҳақида очиқ фикр билдирди.

Каннаваро аввало жамоада жароҳат олган футболчилар сони ҳақида тўхталиб, бу сафар терма жамоа тўлиқ таркибда майдонга туша олмаганини таъкидлади.
“Афсуски, 9 нафар футболчимиз жароҳат сабаб ўйинда иштирок этмади. Шу боис, мендаги ўйинчиларни кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш жуда муҳим эди. Йигитлар ҳаракатидан мамнунман — улар майдонда бор кучини берди. Биз икки кун аввал Малайзияга келдик ва жуда қисқа вақт ичида ўйинга тайёрландик. Дам олиш учун вақт деярли бўлмади”, деди Каннаваро.

Мураббийнинг сўзларига кўра, Уругвайга қарши баҳс футболчилар учун катта мотивация бўлди.
“Бундай рақиб дарвозасини ишғол этиш катта илҳом беради. Бизда ҳам аввалроқ ҳисобни очиш имкони бор эди. Тўпсиз ўйинда яхши ҳаракат қилдик. Уругвайни қийин аҳволга солиш осон эмас, чунки уларнинг кўпчилиги Бразилия чемпионатида ўйнайди. Менинг қўлимда яхши жамоа бор ва уни янада кучайтириш имконияти ҳам мавжуд”, деди у.

Каннаваро ҳамкасби Марсело Бьелсанинг ижобий фикрларига муносабат билдириб, бундай баҳоларни катта ҳурмат билан қабул қилганини айтди.
“Бьелсадек мураббийдан яхши сўз эшитиш катта шараф. У футбол менталитетини ўзгартирган мутахассислардан бири. Ундан ўрганадиган нарсаларим жуда кўп”, деди Каннаваро.

Жисмоний тайёргарлик ҳақидаги саволга жавоб берганда, у жамоанинг ҳолатини реал баҳолади:
“Ҳа, бу жиҳатда биз ҳали Уругвай даражасига чиқмаганмиз. Аммо олдимизда 8 ой вақт бор. Бу фақат машғулот билан боғлиқ эмас, балки овқатланиш, ухлаш ва умумий интизом билан ҳам боғлиқ. Жаҳон чемпионатига босқичма-босқич тайёргарлик кўриш керак. Бу мусобақа осон бўлмайди”, дея таъкидлади мураббий.

Каннаваро ноябрь ойидаги режалар ҳақида ҳам маълумот берди:
“Ассоциация ноябрда Дубайда иккита ўртоқлик баҳс ўтказиш бўйича келишиб олган. Мен эса Ўзбекистонда қолиб, миллий чемпионат баҳсларини кузатаман ва маҳаллий мураббийлар билан ҳамкорлик қиламан”, деди у.

Итальян мутахассис рақибларнинг голлари ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Биринчи гол офсайд ҳолатидан урилди. Иккинчисида эса рақибга кўп ҳудуд топшириб қўйдик. Ўз жарима майдонимиз ичида бир-биримизга яқин ҳаракат қилишимиз керак. Эътибор ва концентрация ҳал қилувчи омиллар. Танаффусда йигитларга биринчи 15 дақиқа муҳимлигини айтиб ўтдим. Агар диққатни йўқотсак, нима бўлишини бугун кўрдик”, деди Каннаваро.

Заҳирадан тушган футболчилар ҳақида у қуйидагича изоҳ берди:
“Майдонга тушганлар яхши кайфиятда бўлишди. Иккинчи бўлимда айримлар чарчаганини кўриб, жамоани руҳлантиришга ҳаракат қилдим. Ўйин охирида яхши ҳаракат қилдик ва гол уришга муваффақ бўлдик. Мен бу ерга келганимдан бери барча футболчи майдонда борини бериб ҳаракат қилмоқда.”

Каннаваронинг бу сўзлари жамоада ишонч ва меҳнат муҳити кучайиб бораётганини, шунингдек, терма жамоа келажакка қатъий қадам билан интилаётганини кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Каннаваро: “Уругвайга қарши ўйин биз учун синов бўлди”