10:43 / 19.08.2020
4 377

Бош прокурор сизлаб-сизлаб гапириб, «тузлаб-тузлаб» ўтди

Бош прокурор сизлаб-сизлаб гапириб, «тузлаб-тузлаб» ўтди
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев видеоселектор шаклида йиғилиш ўтказди. Бош қонун посбони расилигида ўтадиган катта-кичик мажлислар «лабга учуқ тоширадиган» ҳолатлар-у рақамлар тилга олиниши табиий. Бу галгиси ҳам бундан мустасно бўлмади. Фарқ шундаки, унда фақат тизим ходимларигина иштирок этгани йўқ. Кун тартибидаги масала қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан ғўза парвариши ва пахта йиғим-теримига доир қонунчилик ижросини таъминлашга оид бўлгани боис унда тизимнинг соҳага масъул ходимларидан ташқари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агроиспекция, вилоят ва туман ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари ҳам иштирок этди.

«Давра кенгроқ олингани» сабаб Бош прокурор йиғилишни шунга монанд бошқарди. Бироқ сизлаб-сизлаб гапиргани билан анча-мунча мутасаддиларни «тузлаб-тузлаб» ҳам олди. Бунинг «таъми» ҳали-бери кетмаса керак. Чунки, соҳада қонун бузилиши ҳолатлари тизимли тус олганлиги оқибатида озмунча муаммолар йиғилиб қолган-да.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Мана, битта мисол: республика бўйича жами 210 минг (шундан - Андижон вилоятида 3,7 минг, Бухорода 3,8 минг, Тошкентда 5,4минг, Наманганда 6,4 минг, Навоийда 8,3 минг, Фарғонада 8,5 минг, Сурхондарёда 9,7 минг, Қашқадарёда 12,6 минг, Самарқандда 18,6 минг, Хоразмда 17,9 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 26 минг, Сирдарёда 38,5 минг, Жиззахда 50 минг) гектардаги ғўзалар ривождан орқада қолмоқда. Аҳвол шу зайлда давом этса, оқибатни тасаввур қилиш қийин эмас. Бундан кимга зарар? Ҳаммага!

Ёки сув ресурсларидан самарали фойдаланишга оид муаммо олайлик. Мамлакатимиз сув масаласи шундоғам муаммо. Шунга қараймай республикадаги барча манбалардан ғўзани суғориш учун бир кунда 1 270 метр. куб секунд сув олинади. Бунча миқдордаги сув билан 55 - 60 минг гектар майдонни суғориш мумкин, бироқ амалда 45 минг гектар суғорилмоқда, холос. Қолган сувлар қаёққа сувдай оқизиляпти (сўз ўйини ихтиёримиздан ташқари ҳолатда юзага келди, узр) - бу жумбоқ эмас. Масала обдон ўрганилмоқда. Натижаси анча-мунча мутасаддининг пайтавасига қурт тушуриши эҳтимоли катта.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғарма борлигидан бохабарсиз. Жамғармадан ажратилган имтиёзли маблағлар мақсадсиз ишлатилгани алоҳида қайд этилди. Масала «қайд этиб» ўтилгани - шу билан бўлди - бу мавзуга қайтилмайди дегани эмас. Мақсадсиз сарфланган маблағлар масаласида қонун қаричи билан ҳисоб-китоб қилинади ҳали, хотиржам бўлишга асос йўқ.

«Агробанк»нинг жойлардаги филиаллари мансабдор шахсларининг бир оёғи прокуратурада бўлиб қолса, ажабланманг. Чунки пахта ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг 58,7 млрд. сўми мақсадсиз сарфлаб юборилган...

Шу ўринда ўтган йилги ҳаражатлардан жами 1 трлн. 767 млрд., (шундан 1 трлн. 708 млрд. сўми кластерлардан ҳамда 59,5 млрд. сўми фермер хўжаликларидан) қайтарилмагани инобатга олинса, ҳисоб-китоблар борасида олдинда яхшигина «ҳисоб-китоблар» турганини илғаётган бўлсангиз керак..

Кластер корхоналарига бериладиган саволлар ҳам талайгина: мана, биттаси - уларнинг 19 таси олти ойдан буён муддати ўтган 433 млрд. сўм қарздорликдан бир сўмини ҳам қайтармаган. Нега? Жавобга тайёргарлик кўраверинглар, ҳадемай сўров сўроққа айланиб кетиши мумкин...

Соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китоблари ҳамда ҳудудлардан олинган таклифларга кўра, жорий йилда 829,2 минг майдонда ғўза дефолиациясини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бироқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 6 - 8 фоиз, Бухорода 12 фоиз, Хоразмда 25 фоиз, Сурхондарёда 29 фоиз дефолиант захира қилинганбўлса, Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида умуман захира қилинмаган. Бу ёғи нима бўлади? Бу оғриқли савол ҳам жавобини кутмоқда.

Яна бир факт. Картошка бежиз иккинчи нонга қиёсланмайди. Шу боис республиканинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, 42 534 гектар майдонларга картошка экиш режалаштирилганганди. Бироқ режага нисбатан 3 717 гектар майдонга картошка экилмаган. Нима учун?

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро вилоятлари прокурорлари ва уларнинг соҳавий ўринбосарлари, мазкур вилоятларнинг ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари эшитилди. Тушунтиришлар эса мавжуд ҳолат ва қонун мезони билан ўлчаниб, шунга яраша хулоса қилинади.

Ҳозирча қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш талаб қилинади. Чунки, куз эшик қоқмоқда. Жўжалар эса кузда саналади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокурор сизлаб-сизлаб гапириб, «тузлаб-тузлаб» ўтди