23:35 / 29.09.2020
1 014

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида қандай ўзгаришлар бўлди?

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида қандай ўзгаришлар бўлди?
Ҳозирги кунда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини такомилаштириш, ўқув адабиётлари билан сифатли таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш шунингдек, амалдаги таълим тизимини ислоҳ қилиш ва илгғор хорижий тажрибага мос равишда таълим тизимини яратиш бўйича бир қанча ўзгаришлар бўлди.

Жумладан, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, мазкур қонун 2020 йилнинг 23 сентябрь кунидан кучга кирди. Ушбу қонунга кўра илк бор инклюзив таълим жорий этилди. Инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган таълим олиш шакли ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат бўлди:
- мактабгача таълим ва тарбия;
- умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
- профессионал таълим;
- олий таълим;
- олий таълимдан кейинги таълим;
- кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- мактабдан ташқари таълим.

Шунингдек, умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олиб, ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилди. Эндиликда бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилиши ҳамда ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилиши белгиланди. Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга ошириладиган бўлди.

Қонунга мувофиқ, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилиши ҳамда нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бериш жорий этилди.

Бундан ташқари мазкур қонун билан педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари белгилаб қўйилди. Хусусан, педагог ходимларнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олиниши, педагог ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватланаши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар берилиши назарда тутилган.

Таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши ва уларнинг касбий фаолиятига аралашишга, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек ушбу педагог ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгиланиши эътирофга лойиқ деб ўйлайман.

Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича ҳам бир қанча нормалар белгиланиб, бунда таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари хорижий давлатларнинг тегишли ваколатли органлари, таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиши, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқароларни хорижий давлатларнинг таълим муассасаларига ўқиш учун юбориши, педагог ходимлар ва таълим олувчилар алмашинувини амалга ошириши, раҳбар ҳамда педагог ходимларнинг хорижий давлатларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиши, ўз ходимлари ҳамда мутахассисларини халқаро конференцияларга ва стажировкаларга юбориш, уларнинг халқаро лойиҳалар ҳамда илмий тадқиқотларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб боришлари белгилаб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун билан жорий қилинаётган янгиликлар таълим муассасаларида педагог кадрлар салоҳияти ва таълим сифатининг оширилишида, олий таълим муассасаларига энг иқтидорли ёшларнинг қабул қилинишида, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ҳамда тизимли ўзгаришларда таълим муассасаларининг фаол иштирок этишини таъминлашда қўл келади.

Дилфуза Абдуллаева
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Хусусий-ҳуқуқий фанлар
кафедраси мудири в.б.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)