date
views 3 123

Вазият барқарорлашгунча, ўзимизни асрашимиз зарур

Вазият барқарорлашгунча, ўзимизни асрашимиз зарур
Дунё аҳолисини қийнаётган COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини олдини олиш бугун глобал тус олгани барчамизга аён. Тиббиёт соҳаси олимлари, биологлар узоқ изланишлардан сўнг мазкур касалликка қарши дори воситасини ишлаб чиқдилар.

Айни пайтда Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши дори воситасини синаб кўриш бўйича амалий жараёнлар бошлангани сир эмас. Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга «Спутник V» вакцинаси олиб келингани ҳақидаги хабар фуқаролар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Кўпчиликни ўйлантираётган масала шуки, энди ушбу вакцина қайси тоифадаги фуқароларда синовдан ўтказилади, вакцина учун харажатлар қайси манбалар орқали амалга оширилади, унинг самарадорлиги одатий ҳаётга қайтиш имконини берадими? Коронавирус ҳамон жиддий хавф бўлиб турибди, аммо у келтириб чиқарадиган касаллик – Covid-19дан бизни ҳимоя қила олиши тасдиқланган вакцина йўқ, деган фикрлар ҳам учраб турибди.

Бу вазиятда фуқаролар босиқликни сақлаган ҳолда мутасаддилар ва мутахассислар тавсияларига амал қилган ҳолда муносабат билан вазиятни кузатиб борсалар мақсадга мувофиқ, албатта. Вакцина ишлаб чиқилди, энди бемалол нафас олиш мумкин қабилида бепарволик кайфиятида юриш ҳам яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.

Расмий хабарларга кўра, “Спутник V” учинчи босқичда 40 мингта кўнгиллида синаб кўрилган. Уларнинг 20 мингдан ортиғига биринчи доза берилган. 16 мингдан зиёди эса, ҳар икки дозани ҳам олиб бўлишган. “Спутник V” вакцинаси синалган 16 минг кўнгиллининг бор-йўғи 20 тасида Covid-19 қайд этилган. Шуни ёдда тутиш керакки, иммун тизимида оғир сурункали касалликлари бор беморлар ўз соғлиқларини эҳтиёт қилишлари жуда муҳим.

Оддий ҳаётга қайтишни истаётган, ҳадик ва қўрқув ичида яшашдан безган одамлар ҳар қандай умид учқунига ижобий муносабат билдириши табиий.

Вакцинанинг мамлакатимизга кириб келгани ижобий ҳолат. Лекин бу жараён батамом сўнгги чора эмаслигини ёдда тутиш муҳимдир. Чунки, клиник синовларнинг учинчи босқичи якунлангандан сўнг аҳолини эмлаш босқичлари бошланади. Бу жараёнда албатта, вакцинага қарши кўрсатмаларни ҳисобга олиш зарур.

Бундан ташқари, мамлакатимизга кириб келаётган вакциналарнинг шаффоф ва адолатли тақсимланишига эришишда жамоатчилик назоратини назардан четда қолдирмаслик зарур. Зеро, халқ бошига кулфат келганда вазиятдан фойдаланиб қолувчи кимсаларнинг пайдо бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Энг муҳими, тиббий тавсияларга амал қилиб, тўғри овқатланиш, тозаликка риоя қилган ҳолда жисмоний машқлар билан ўз соғлиғимизни асрашга самаралироқ ҳисса қўшган бўламиз.

Нодир ЖУМАЕВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазият барқарорлашгунча, ўзимизни асрашимиз зарур