23:35 / 03.01.2021
3 220

Жуманазар Бекназаровнинг "Буюк Сино" номли китоби ҳақида

Жуманазар Бекназаровнинг "Буюк Сино" номли китоби ҳақида
Улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Буюк аллома ҳақида битилган ҳар бир асар унинг янги ва янги қирраларини очиб бораверади. Тиббиёт тарихида феномен бўлган бу инсон ҳақида ёзилган асарларни ҳар доим кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Бироқ назаримда биз тиббиётчилар Ибн Синони фақат тарихий шахс сифатида ўрганишга одатланиб қолганмиз. Олий тиббий таълим дарсликларининг биринчи бобида, яъни “Тиббиёт тарихи” деган қисмида Ибн Сино ҳақида эсланади холос. Қолган жойларда эса йўқ.

Ибн Сино тиббиётнинг барча йўналишида фаолият кўрсатган, кўп ихтиролар қилган. Тиббиёт отаси деб ҳисобланмиш Гиппократ тиббиёт ва саломатлик психологиясини назарий томондан кўп ёритган бўлса, Ибн Сино назариёт ва амалиётни уйғун олиб борган буюк аллома ва табиб.

Таниқли олим Жуманазар Бекназаровнинг ушбу китобини ўқиб чиқар эканман, унда менинг диққатимни тортга воқелик – буюк алломани ҳозирги тиббиёт илми намоёндалари ва юртдошлари билан юзма-юз қилгани ва суҳбатлаштиргани бўлди. Китоб муаллифи тиббиёт олимларига қарата: “Эй замондошим! Ибн Сино – тиб илмининг султони, бизнинг аждодимиз, деб фахрланиш билан чекланиб қолма! Унинг ишлари тиббиёт институтларининг ҳар бир дарслигида акс этсин” деган маънода хитоб қилади.

Тиббиёт институтида 30 йилдан буён неврология ва тиббиёт психологияси бўйича дарс бераман. Шу соҳага оид дарсликлар ёзганман, беморларни даволайман. “Тиббиёт психологияси” бўйича юқори курс талабаларига навбатдаги маърузамни тугатиб “Саволлар борми? деб уларга юзландим. Шунда талабалардан бири қуйидаги саволни берди: “Устоз! Ибн Сино инсон мияси борасида шунча кашфиётлар қилган экан, нега улар тиббиёт дарсликларида акс эттирилмаган? Муаллифнинг “Буюк Сино” китоби ушбу ўринли саволига ҳақиқий жавоб бўлади, деган фикрдаман.

Бош мия марказларини кашф қилишга оид йирик кашфиётлар 18-19-асрга тегишли эканлигини Европа олимлари деярли барча дарсликларда баён қилишган. Бироқ, нега Ибн Сино тилга олинмаган? Тарихий китобларда Ибн Сино ишлари кўрсатиб ўтилади. Бироқ нима учун тиббиёт институти талабаси ҳар куни қўлида ушлайдиган дарсликларда Ибн Сино номи четлаб ўтилади? Ғарблик олимларнинг бундай ёндошувини турлича талқин қилиш мумкин. Бироқ улар Ибн Синони билишмаса керак, деб талқин қилишдан мен йироқман. Чунки 700 йилдан ошиқ Ибн Сино асарлари бўйича ўқитилган Ғарб тиббиёти олимлари Ибн Синони билмаслиги асло мумкин эмас.

Бош мияда турли марказларни жойлаштириб чиқиб ном қозонган австриялик врач ва анатом Франц Галл (1758-1828) Ибн Сино ишларидан бехабармиди? Албатта хабари бўлган. Жахон неврологияси асосчиси ва “Неврология” Наполеони тахаллуси билан дунёга донғи кетган француз олими Жан Мартен Шарко (1825-1893), “Тиббиёт психологияси” асосчиси деб ном чиқарган буюк немис олими Эрнст Кречмер (1888-1964) ва “Психосоматик тиббиёт” асосчиси деб ном қозонган америкалик олим Франц Александер ўз асарларида Ибн Синони тилга олишмаган.

Мен неврология ва тиббиёт психологияси бўйича бир нечта дарсликлар ёзганман ва бу фанлар тарихини яхши ўрганганман. Минг афсуски бу соҳа олимлари тиббиёт дарсликларида мияда кашф қилинган барча марказларни ўзларининг номи билан зикр қилишган. Мана мисол: Паркинсон касаллиги, Брок маркази, Вернике маркази, Сильвий сув йўли, мия қоринчаларни боғловчи Монро, Мажанди ва Люшко тешиклари ва ҳ.к (18-19 асрлар).

Энди “Буюк Сино” га қайтамиз: “Бош мияда сезиш ва фикрлаш марказлари мавжуд. Миянинг олд қисмида сезиш, ўрта қисмида сезгиларни умумлаштириш, орқа қисмида ёдда сақлаб қолиш марказлари бор”. Ҳозирги тил билан айтганда бош мия пўстлоғидаги марказлар 3 соҳага ажратилади: бирламчи (сезиш), иккиламчи (умумлаштириш) ва учламчи майдонлар (хотира ва тафаккур). Бу фикрни нейропсихологлар ХХ-аср бошларида илгари суришган.

Ибн Сино мия қоринчалари ҳақида сўз юритар экан, учинчи қоринчани миянинг ўртасида, тўртинчи қоринчани унинг орқа қисмида жойлашган, деб ёзади. Ушбу иккала қоринчани туташтирувчи йўл ҳозирги дарсликларда Силвий сув йўли деб юритилади. Ақл бовар қилмайдиган кашфиёт!” Агар ҳақиқат қарор топса, бу ноимланиш “Силвий сув йўли” деб эмас, балким “Сино сув йўли” деб номланган бўлур эди. Афсуски энди кеч...

Энди руҳият, яъни саломатлик психологияси ҳақида сўз юритсак. “Тиббиёт психологияси” дарслиги муаллифи (3-нашр) сифатида шуни қайта-қайта ишонч билан айта оламанки, “Тиббиёт психологияси” ва “Психосоматик тиббиёт” га ҳам 20-асрда асос солинмаган. Ушбу фанлар асосчиси Ибн Синодир. Психогигиена, психопрофилактика ва психотерапия йўналишлари асосчиси ҳам Ибн Синодир.

Ятропатия, яъни табибнинг нотўғри сўзи ва хатти-ҳаракатлари сабабли келиб чиқадиган касалликларни ҳам Ибн Сино кўрсатиб ўтган ва ёзиб қолдирган. Ибн Сино нафақат асаб ва руҳият бузилишлари, балки ички аъзолар касалликлари (масалан, ошқозон-ичак яраси) руҳий жароҳатлар сабабли келиб чиқишини ёзиб қолдирган. Психосоматик бузилишларни ўша даврда ҳам кўп Ибн Сино “Вужуд руҳ амрига воожибдир” деб ёзиб қолдирган. Бу ибора бугунги кунда психосоматик тиббиёт шиорига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Инсонинг олий бошқарув аъзоси бўлмиш бош мия ҳақида ҳам китобда кўп мисоллар келтирилган. Ўз замонасининг буюк мутафаккири Арасту фикрлаш марказини юракда деб билган. Фақат Ибн Сино ушбу фикрни хато деб таъкидлаган ва бундай вазифага бош мия масъул деб атаган.
“Мия 3 парда билан қопланган” деб ўта аниқ ифодалаган эди Ибн Сино. Буюк ҳаким сакта (ҳозирда мия апоплексияси дейилади), яъни мия пардалари орасига қон қуйилиши белгиларини ғоят моҳирлик билан батафсил ёзган. Ушбу касалликда қон олиб даволаш усулларини қўллаган ва тавсия этган.

Ибн Сино организмда қон кўпайганлигини ифодаловчи белгилар аниқланганда қон чиқариб ташлашни тавсия қилган. Маълумки, аллома кўп касалликларга ташхис қўйишда томир уришини текширишдан фойдаланган.

Ибн Сино бош мия касаллигида оғриган тарафнинг қарама-қарши томонидаги томирдан қон олишни тавсия қилади. Бу гениал фикр эди. Ҳозирда маълумки, бош миянинг чап яримшарида инсульт рўй берса, ўнг томон, ўнг яримшарда инсульт рўй берса, чап томонда фалажлик ривожланади.

Ҳар бир невропатолог летаргик энцефалит деган касалликдан хабардор. Бу касалликнинг асосий симптоми тинимсиз уйқуга кетиш. Тиббиёт тарихчилари ушбу касалликни 1917 йили биринчи бўлиб Венгер неврологи Экономо ёзган деб таърифлашади. Кейинчалик бу касаллик Экономо энцефалити номи билан тарихга муҳрланган. Бироқ Ибн Сино летаргия ҳақида 1000 йил олдин ёзиб қолдирган ва уни миянинг чуқур тузилмалари патологияси билан боғлаган “Мия учинчи қоринчаси шикастланиши кучли уйқучанликка олиб келади. Албатта, ҳар бир салоҳиятли невролог олимни ҳайратга соладиган фикрдир.

Ибн Сино “Ҳар бир ички аъзо асаб толалари билан боғланган ва уларнинг фаолияти бош мия назорати остидадир” деб асосли равишда микроскоп йўқ даврда ёзиб қолдирган.

Миядаги салбий қўзғалишлар асаб толалари орқали ички аъзоларга узатилиб уларда турли хил касалликлар келтириб чиқаришини, ҳозирги илмий тил билан айтганда экспериментал йўл билан исботлаб берган. Атрофида бўри айланиб юрган қафасдаги қўй яхши ем берилса-да, озиб кетиб ҳалок бўлади. Бўридан алоҳида боқилган қўй ҳеч қандай касалликсиз ривожланади. Ушбу оддий тадқиқот орқали Ибн Сино психосоматик касалликлар келиб чиқиши механизмини исботлаб берди. Бундан ташқари аллома доимо хавотирда юрадиган одамларда турли касалликлар келиб чиқишини кўп кузатган ва ҳар қандай беморни даволашга киришишдан олдин, ҳозирги тил билан айтганда, албатта психотерапия ўтказган.

1936 йили Канадалик физиолог Ганс Селье каламушларга кучсиз электр токи билан таъсир қилиб, салбий асаб қўзғалишларининг ички аъзоларга таъсирини ўрганади. Каламушларнинг ичакларини яра босиб кетади. Ушбу тадқиқот билан Ганс Селье психосоматик бузилишлар патофизиологиясини биринчи бор ўрганган олим сифатида тарихда мухрланиб қолди. Ибн Синонинг қўйларда, Ганс Сельенинг каламушларда ўтказган тадқиқоти ва хулосаси шу қадар ўшашки, нахотки бу тасодиф дегин келади. Бу олим ҳам бошқа олимлар каби Ибн Сино ишларидан “бехабармиди ёки бохабармиди?” Буниси ёлғиз Оллоҳга аён.

Олимларнинг кейинги тадқиқот ишларида ҳам мия ва ички аъзолар фаолияти орасидаги ижобий ва салбий боғлиқликлар кетма-кет ўз исботини топиб борди.

Китоб муаллифи таассуф билан тилга олиб ёзадики, Оврупалик олимлар номи бериб ташланган бир қатор синдромлар, касалликлар бирон марта ҳам Ибн Сино номи кўрсатиб ўтилмаган ёки ўша олим буни ёзиб ўткан ва ҳозирда исботини топган деб тилга олинмаган. Агар “Тиб қонунлари” диққат билан ўрганилса, жуда кўп симптом ва синдромлар Ибн Сино томонидан илмий жиҳатдан пишиқ, пухта ва лўнда ёзилганига гувоҳ бўламиз. Илмий ҳақиқатдан бехабарлик ҳам, била туриб, ундан кўз юмиш ҳам ҳеч бир замонда фазилат саналмаган. Ҳақиқатни тан олиш ҳам жасорат эканини унутмаслик керак. Токи ҳақиқат ўз ўрнини эгалламас экан, инсоф ва адолат ҳақидаги гаплар гаплигича қолиб кетаверади.

Юртимизнинг таниқли олими, серқирра ижодкор Жуманазар Бекназаровнинг “Буюк Сино” китобини бир томондан юрагимда фахр билан, иккинчи томондан катта оғриқ билан мутоала қилдим. Нафақат тиббиёт, балки фалакиёт илмини ҳам мукаммал эгаллаган аллома ҳақида бир олимнинг ўзи китоб ёзишга жазм қилиши ҳар қандай таҳсинга сазовор. Ибн Сино ҳақида китоб ёзиш осон эмас.

Қанчадан-қанча имкониятлар бой берилди, қанчадан-қанча илмий меросга бошқалар эгалик қилишди. Биз олимлар эса Ибн Сино билан фахрланиб юравердик, қайсидир касаллик ёки синдромни 1000 йил олдин ёзиб қолдирилган, деб юравердик. Бироқ, ҳорижлик олимлар олдида бу синдром ёки касалликни бизнинг аллома ёзган деб ҳимоя қилмадик.

Муаллиф ушбу китобни тайёрлашда қанчадан-қанча илмий ва тарихий манбаларни кўриб чиққан, тиббиёт олими сифатида уларни замонавий илмий адабиётлар билан таққослаган. Бу албатта беқиёс меҳнат самараси. Бундай асарни тайёрлаш учун Жуманазар Бекназар ўша даврга хаёлан шўнғиган ва Буюк Сино билан дилдан суҳбат қурган ва алломанинг ички дунёсини кашф қилишга ҳаракат қилган ва ўйлайманки бунинг уддасидан чиққан. Яна бир ҳайратланарли томони, китоб муаллифи Ибн Синони турли давр олиму-фузалолари билан суҳбат қурдирган.

Жуманазар Бекназар нафақат тиббиётда камдан-кам учрайдиган феноменал олим, балки моҳир шоир ва ёзувчи ҳамдир. Шу боис ҳам “Буюк Сино” асари жуда чиройли қилиб бадийлаштирилиб тарихий романга айлантирилган. Бунга албатта адабиётшунос олимлар ўз баҳосини берар.

Бу асарни бир нечта Шарқ ва Ғарб тилларига кечиктирмасдан таржима қилиш керак, барча тиббиёт институтларида махсус учрашувлар уюштириш лозим, Бухоро тиббиёт институтини буткул Ибн Сино услублари бўйича даволовчи мутахассис-врачларни тайёрлаш институтига айлантириш лозим. Мисол учун Хитойда хитой услуби бўйича даволовчи врачларни тайёрлайдиган институтлар анчагина.

Аниқ тарихий манбалар асосида тайёрланган “Буюк Сино” китобини чоп қилишга тавсия этаман. Ушбу китоб ўзбек китобхони жавонида энг фахрли ўринни эгаллайди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор
Зарифбой Ибодуллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жуманазар Бекназаровнинг "Буюк Сино" номли китоби ҳақида