11:16 / 27.01.2021
1 603

Ёзилмаган қоидалар: Давлат хизматчиларини мажбурий меҳнатдан ким қутқаради?

Ёзилмаган қоидалар: Давлат хизматчиларини мажбурий меҳнатдан ким қутқаради?
Баъзан ўйлаб қолаcан: токи амал қилинмас экан, меҳнат қоидалари, касб функциялари нега керак? Уларга амал қилмай туриб, самарали ишлаб бўларканми?

Келинг, бир мисол. Бизда мажбурий меҳнат тугатилдими? Аниқлаштириб оламиз, мажбурий меҳнат деганда кўпинча нимани тушунар эдик?

Талабадан тортиб профессоргача, мактаб директоридан тортиб халқ таълими бошқармаси бошлиғигача пахта даласига чиқишини мажбурий меҳнат деб тушунганмиз. Ўқитувчиларнинг катта йўл ёқасига чиқиб кўча тозалашини ҳам мажбурий меҳнат деб билганмиз. Қайсидир каттанинг «эркатойи» қурувчи мақомини олиб, аслида шифокор-у ўқитувчиларнинг намунавий уй қуришини, истироҳат боғи барпо этишини қабул қилолмаганмиз. Бизнинг наздимизда шу каби ҳолатлар мажбурий меҳнат эди.

Энди бундай сценарийга тоқат қилолмайдиган даражага етдик, англаб қолдик яхши иш эмаслигини. Бу инсон ҳуқуқларига, қонунларга, конституцияга қаршилигини тушундик, хорижликлар олдида уят бўлмаслигига ҳаракат қила бошладик.

Бир қарашда, пахта теримидаги мажбурий меҳнат анча камайди, ўқитувчи ва шифокорларга кўча тозалатишга энди унча-мунча раҳбарнинг журъати етмаяпти... Демак, мажбурий меҳнатни енгдикми?

Мана шу жойда бизнинг мажбурий меҳнат ҳақидаги тушунчамиз пахта даласидан бу ёққа келмагани ойдинлашади.
Чунки мажбурий меҳнат – фақат кўча супуриш, пахта териш дегани эмас.

Ярим тунгача ишлаш, ўзига тегишли ва тегишли бўлмаган масъулиятни зиммасига олишнинг барча турлари – мажбурий меҳнатдир.

Фараз қилинг, ҳокимият ёки солиқ ходими соат кечки 21–22га қадар ишлаяпти. Бугун бу табиий, аниқроғи табииймас, одатий жараён албатта. Демак, у эрталаб кечи билан соат 9:00да ишга келган бўлса, суткасига 12–13 соат ишхонада бўляпти. Бу ҳолат йиллар давомида ўзгармай келяпти.

Аччиқроқ бўлса ҳам юз минглаб кадрлар шу тартибга (тартибсизликка) ўрганди. Фарзандлари катта бўлди, бўляпти, уларга ажратган вақтини жами ҳисоблаб чиқсангиз, ишга сарфланган вақтининг ўндан бирича бўлмайди.

Бу мажбурий меҳнат бўлмай нима?
Ҳокимият ёки исталган давлат идораси мутахассиси эътирозини кимга билдириши мумкин? Раҳбарига айтолмайди, айтса, ишдан кетади ёки олабўжи бўлиб кўринади.

Борингки, бироз ҳуқуқини билган ходим меъёрдан ортиқ ишлаётгани, меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиши мумкин. Хўп, бу инспекция нима қила олади? Мурожаат қилинсагина бориб ўрганади, расмийлаштиради ва раҳбарни жазолайди. Масалан, ҳоким ёки солиқ бошлиғини ходимларни кўп ишлатгани учун огоҳлантиради.

Энди савол, ҳокимнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? У ҳам инспекцияга мурожаат қилиши керакми? Чунки ҳоким бўлса ҳам ҳуқуқлари поймол бўляпти-да. Иш вақти, соати белгиланмаган бу раҳбарнинг ҳам. Ҳоким ҳам ўзидан юқорида ишлайдиган тизимга бўйсунади. Ўзи истамаган тақдирда қўл остидагиларни ортиқча меҳнатга мажбурлайди. Жараён шу тариқа кенгайиб бораверади.

«Йўқ, ҳокимлар ўзи бошқараётган ҳудуднинг отаси, у кўпроқ ишлаши керак, масъулияти ҳам шунга яраша бўлиши лозим», ҳам дейлик. Унда нега ишхонада ҳокимнинг бир ўзи қолиб, бошқаларга жавоб бериб юборилмайди?

Дарвоқе, эътибор қилган бўлсангиз, карантин давридагина кўпчилигимиз Давлат меҳнат инспекцияси деган ташкилот борлигини сездик. Чунки ҳукумат даражасидаги огоҳлантиришлар, давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу инспекция ҳаракатга келди. Ишчи-ходимлар шошиб қолди ўша вақтларда. «Наҳотки, мен ҳам ўғлимни ухлаб қолмасдан бироз ўйната оламан? Наҳотки, ўз устимда ишлайман, имкониятларимни ошираман, тил ўрганаман, китоб ўқийман, ота-онамга вақт ажратаман», деб боши айланиб кетди.

Афсус, кўп ўтмай «механизм» яна эскича ишлай бошлади. Ҳаммаси жой-жойига тушди. «Инспекция келди», деб банк бошлиғи бинонинг орқа эшигидан ходимларни қочириб юбормайдиган бўлди. Эркин, керак бўлса яна кечаси ётиб олиб ишлаяпти. Ахир ўрганган-да!

Англашиладики, тизимнинг ўзи аввал бошдан чалкаш ва тушунарсиз. Ҳамма билади, англаб туради, аммо аввалгидек давом этаверади.

Дарвоқе, Меҳнат кодексининг 115-моддасида ходим иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Энди бирор давлат ташкилотининг ишда бўлиш вақтини рақамларда ҳисоб-китоб қилинг ва ҳар куни ёзилмаган қоидаларга кўра қанча ходим-у раҳбарларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлаётганини тасаввур қилаверинг.

Юзаки ҳисоблаганда ҳам бугунги кунда аксарият давлат идорасининг ходими 60 соатдан 80 соатгача вақтини ишхонада ўтказяпти.

Бунинг ортидан яна қанақа ўнлаб турдаги муаммолар келиб чиқаётгани – алоҳида мавзу.

Хулоса қилсак. Адлия вазирлиги: «Иш вақти тугаган ходимнинг компьютери автоматик ўчирилади», деди ва адлия тизими ходимларини ҳимоя қиляпти. Чунки улар ҳуқуқини билади, янгича ишлай олади. Қолаверса, ишхонада тунни тонгга улаш билан самарали ишлаб бўлмаслигини тасдиқловчи минглаб асослар бор. Бу тарзда ишлаш нафақат ижтимоий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Юқоридаги савол: жамиятни тартибга солувчи низом ва меъёрлар бор. Нега биз унга амал қилмаймиз? Ёзилмаган қоидалардан чиқиш вақти келмадими?

Исомиддин Пўлатов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёзилмаган қоидалар: Давлат хизматчиларини мажбурий меҳнатдан ким қутқаради?