date
views 3 055

Сенга ачинаман, «Тилла балиқча»... Ёхуд дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билгувчилар ҳақида мушоҳада

Сенга ачинаман, «Тилла балиқча»... Ёхуд дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билгувчилар ҳақида мушоҳада
Альбер Камюнинг ўзига хос бир таъкиди бор: ҳар қандай одамнинг ҳаётида буюк туйғулар кам, майда ҳислар кўп бўлади! Ўйлашимча, француз файласуфининг бу cўзлари моҳиятида тафаккур ётади. Аммо идрок масаласида, афсуски, ҳаммамизда имконияту салоҳият ҳар хил. Бунинг оқибатига доир ҳикматни эса мана бу итальян мақолидан топамиз: «юрак қанча тор бўлса, тил шунча узун бўлади».

Ўз қобиғига ўралиб яшаш демократик жамиятга хос эмас. Бунинг нималарга сабаб бўлишини ўтиш даври асоратлари мисолида кўрдик. Мана, энди сўзда ҳам, тафаккурда ҳам, амалда ҳам эркинмиз. Ошкоралик дегани биз учун шунчаки тушунчагина эмас, балки кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланяпти.

ОАВ, интернет саҳифалари, телеграм каналларини кузатинг — барча учун кенг ва тенг минбар муҳайё. Эътирозлар, шикояту таклифлар очиқ-ошкора айтиляпти. Бир пайтлардаги сингари «Нега фалон амалдорни танқид қилдинг?», «Нима учун фалон соҳага тош отяпсан?» деган босиму тазйиқлар йўқ. Албатта, буларнинг барчаси — катта ютуқ, ажойиб натижа. Аммо...

Қўлингда «қурол» бор, ватандош!
XXI асрда дунёни ахборот бошқаряпти. Ахборотнинг жиловдори эса инсон. Лекин бир глобал хатар ҳам бор: ахборот қабиҳ мақсадларга йўналтирилса борми, у даҳшатли қуролга айланар экан.

Бу ҳақда тўхталишимизнинг боиси шундаки, ахборот олиш, сўз ва фикр эркинлиги деган имкониятларга эга бўлиш камлик қилади, улардан тўғри ва оқилона фойдаланишни ҳам билиш керак. Ўринли танқид келажак меваси эканлиги бор гап, бироқ айнан «ўринли» деган сўз моҳиятини тушуниб ета оляпмизми?!

Қаранг, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар худди фисқу фасоднинг уясига ўхшаб бораётгандек. Ён-атрофни, мавжуд воқеликни қора кўзойнакда кўриш, жамияту давлатдан, ҳамма-ҳамма нарсадан иллат қидириш, ҳозирги ибора билан айтганда, «тренд»га чиқди гўё. Сўз айтиш масъулияти йўқолиб бораётгандек. Бугун нимани гапириш мумкинлиги эмас, нимани айтиш ўринлилиги савол остида қолаётир. Бу, айниқса, ўтган 2020 йил — инсоният бошига оғир синовлар тушган мураккаб паллаларда янаям яққолроқ намоён бўлиб қолди.

Коронавирус деган офат, таъбир жоиз бўлса, бутун дунёни «тиз чўктирди». Ҳозир ҳам бу офатдан батамом халос бўлолганимиз йўқ. Аммо пандемия энди бошланган кезларда шифокорлар, мутасаддилар чиқиб халқдан икки нарсани ўтиниб сўради: бири — карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, иккинчиси — ваҳимага берилмаслик. Чунки саросима шу хасталикнинг дўсти экан. Лекин айнан иккинчи талаб риоясига келганда, бир тўда «билағон»лар ахборот хуружларига зўр беришди.

Биргина «Нарх-наво ошармиш...» деган фитнанамо гаплар ортидан ўзимизни вирус ўчоғи бўлган бозорларга урдик. Қоп-қоп ун, картошка, пиёзни орқалаш учун бола-чақамиз билан савдо расталарига ошиқдик! Оқибат нима бўлди? Ҳеч бир эҳтимол кутилмаган ўша кезларда керагидан ортиқ харидлар ортидан нарх-наво чинданам қалқиб кетди. Касаллик ҳам авж олди. Кўрдикки, бир оз вақт ўтиб биз ертўлаларимизни тўлдириб ташлаган картошкаю пиёз маҳалламизга, уйимизнинг шундоққина биқинига олиб келиб сотилар экан. Энг қизиғи, ҳовлиқмалик билан харид қилган нархдан ҳам арзонроқ баҳода!..

Майли, ўтган ишга саловат. Ўша кунлар ортда қолгани рост бўлсин. Шукр, ҳозир вазият анча барқарор. Лекин ахборий таҳдидлар кучайса кучаймоқдаки, асло сусайгани йўқ.

Маълум қилинишича, айни кунларда баъзи давлатлар COVID-19га қарши вакциналарни сотиб олишга қодир эмас. Халқнинг жони қанчалик азиз бўлмасин, ўша мамлакатларнинг иқтисодий аҳволи бундай катта харажатни кўтара олмаяпти. Бизда эса аввал-бошданоқ Президентимиз аҳолини эмлаш бўйича давлатнинг бор имкониятлари сафарбар қилинишини айтди. Аслида, бу жуда катта гап. Лекин ўша тирноқ ичидан кир қидирувчилар бу сафар ҳам «Нега бизга фалон давлат препаратлари тиқиштириляпти?» қабилидаги ғийбатнамо гаплар тарқатиш билан овора. Ваҳоланки, Ўзбекистонда қўлланилиши кўзда тутилаётган вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан самарали восита сифатида тан олинган. Биздан бошқа ўнлаб давлатлар ҳам улардан фойдаланмоқда.

Энди ўзингиз холисона айтинг-чи, бундай иғволардан жамиятга нима наф? Одамларни васвасага солишдан ким ютяпти?..

Тўрт йилда Америка бўлиб қолмаймиз
Бу йилги қиш жуда оғир келди. Яқин йигирма-ўттиз йил оралиғида ҳарорат бу қадар совиб кетмаган бўлса керак. Мана, эсон-омон кўкламга ҳам чиқиб олдигу, аммо миямизга ўрнашиб қолган салбий қарашлардан халос бўлолмаяпмиз.

Бундан беш — ўн йил аввал аксарият қишлоқларга кун давомида, нари борса, 2-3 соат электр токи бериларди. Газ таъминотини-ку, гапирмасаям бўлади. Аммо расмий маълумотларга қаралса, айни шу оғир ўтган қиш мавсумида ҳам электр ва табиий газ таъминоти истеъмоли билан баравар уни етказиб бериш миқдори ҳам сезиларли даражада ошган. Бизга ёқса-ёқмаса, бу — факт.

Ҳозир қишлоғу маҳаллаларда, ўта изғиринли кунларни ҳисобга олмаганда, электр ва газ таъминотида узилишлар аввалги даврлардагига қиёслаганда, анча камайган.

Тўғри, жойларда узатиш тармоқларида носозликлар бор. Баъзи мутасаддилар бу масалага панжа ортидан қараётганини ҳам инкор қилмоқчи эмасмиз.

Аммо тўрт йилда Ўзбекистоннинг Америкага айланиб қолишини кутиш қанчалик мантиққа мос?! Автоулов у ёқда турсин, от юрса тақаси қўпорилиб тушадиган кўчаларимиз ҳалиям мавжуд бўлгани ҳолда, 25 — 30 йил деганда асфальт энди ётқизилиб, равон бўлган йўлларимиз қанча?! Нега кўзимиз буларни кўрмайди? Нима учун эзгу ишларни тан олишга келганда, ортга тисариламиз?! Феълимиз бунча торайиб кетди? Холис гап айтилганда, қачонгача энсамизни қотирамиз?!

Нега мамлакатимиз халқаро рейтингларда баландлаб бораётгани ҳақида эшитсак, ўзимизни билмаганга оламизу, хорижий сайтларда бирор-бир салбий фикрга кўзимиз тушиб қолса, мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиб, айюҳаннос соламиз?..

Албатта, бу, оғир саволлар, аммо Ватанимизнинг чинакамига фаровон бўлишини истар эканмиз, кўп нуқталарда бирлашишимиз, ҳамжиҳат бўлишимиз талаб этилишини унутмасак бўлгани.

Одамлар орасида норозилик кайфиятини уйғотиш, жамиятда ишончсизлик руҳини кучайтириш эса фақат бир тоифа кимсаларга қўл келади — бизни кўролмайдиганларга!

Ўтганнинг ўроғига, кетганнинг кетмонига ёпишмайлик
Мамлакатдаги ўзгаришларга баҳоли қудрат бош қўшаётганларни ўз маҳалласини обод қилиш учун ҳашарга чиққан одамларга ўхшатаман. Кимдир кетмон кўтариб ариқ қазиган, кимдир белкурак олиб дарахт эккан, яна кимлардир андава билан масжиднинг нураган деворларини суваган...

Хуллас, мақсад — аниқ, ният — эзгу. Бунинг натижаси умумманфаатга хизмат қилади.

Тасаввур қилингки, ана шундай пайтда бир бузғунчи гуруҳ чиқсаю, ўртага нифоқ солса, нима бўлади? Сўзсиз, ҳашарчилар орасида парокандалик бошланади — кимдир этак силтаб уйига равона бўлса, яна кимдир уйдирмаларга қулоқ осмасликка чақиради...

Хуллас, ўртага гумон оралаб бўлди. Гумон эса иймондан айириши, муқаддас китобларимизда ҳам ёзилган. Демак, ғаразли ният амалга ошди.

Бу мисолни келтиришимнинг боиси, ҳозир амалдор зотига назаримиз тушса бўлди, ўтганнинг ўроғига, кетганнинг кетмонига ёпишиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Қўлимиздан ёрдам келмагани етмаганидек, баъзи ҳолларда ишлашига ҳам халақит бераётганимиз-чи?!

Қаранг, вилоят ҳокимларидан бири изғирин кунларда олис қишлоққа бориб гулхан атрофида одамларнинг дардига қулоқ тутди. Буни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиб, ҳолатни шунчаки «пиар»бозликка йўйдик...

Бошқа ҳоким чекка бир қишлоқда тунаб қолиб, аҳолининг турмуш тарзини ўрганмоқчи бўлди. Унгаям ижтимоий тармоқ саҳифаларида лой чаплашга уринишди...

Ҳар иккисининг ишини такрорламай деб, контейнерда яшаб, қишлоқ аҳлига камарбаста бўлиш истагидаги ҳокимнинг хатти-ҳаракати эса кулгига олинди...

Нима ёқади ўзи бизга? Нима қилиш керак яна?

Кўпкари уюштириб, қимматбаҳо совғаларни совринга тиккан ҳокимни «ўта ҳотамтой»ликда айблашган бўлса, келин-куёвларга камтарин ҳадясини берган яна ўша ҳокимга бу гал «хасислик» тамғасини ёпиштиришди.

Жуда майдалашиб кетмаяпмизми, оғайнилар?! Сал инсоф ҳам керакда, ахир...

Халқ дардидан бизнес қилиш — ноинсофлик!
Бугунги кунда давлат идораси вакиллари, ҳақми ё ноҳақ, мурожаатчининг арзини тинглашга мажбур. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари устувор. Аслида, демократик жамиятга хос унсур бу. Лекин бу инъом этилган имкониятни суиистеъмол қилиш дегани эмас.

Кўпчиликка таниш бир ҳолатни айтай: бир одам бошқа бировнинг устидан иғвою бўҳтон ёғдирилган хат ё мурожаат ёзиб, саккизта идораю маҳкамага жўнатади. Лекин бундай ҳолларда ўша мурожаатда кўрсатилган фактлар ўз исботини топмаслиги табиий. Натижада арзгўйга қонунда кўрсатилган муддатдан кечиктирилмай жавоб хати жўнатилади. Тамом-вассалом! Шу билан масала ёпилади. Яъни мурожаатда кўрсатилган гаплар ўз исботини топмайди, иғвогарга эса, афсуски, ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Ваҳоланки, айни шу бўҳтон учун саккизта идора ходимлари қанча вақтини, асабини йўқотди. Овораю сарсон бўлди. Қолаверса, бир инсон шаънига қора чапланди...

Ижтимоий тармоқларда фаол фуқаро сифатида фикр билдираётганлар кўплаб муаммоларни кўтариб чиқишмоқда. Дадиллик, журъат борасида уларга ҳавас қиладиган жиҳатларимиз кўп. Ўрни келса, жамиятга ойна тутиб, кўплаб масалалар ечимига ҳам ҳисса қўшишди, барака топишсин. Лекин ўзини «блогер» деб атаётганларнинг ҳаммаси ҳам холислик «тарози»сини тўғри ушлаяптими? Реклама илинжида «сўз масъулияти» деган тушунчани унутиб қўйишмаяптими?

Айтайлик, ҳозир телеграм каналларининг аъзолари сонига кўра, реклама бозорида уларга харидору талабгорлар кўпаймоқда. Канал аъзоларини кўпайтиришнинг энг осон йўли эса турли миш-мишлар, уйдирмалар тарқатиб, одамлар эътиборини жалб қилиш бўлиб қолди. Ҳатто шундай юлғичлар тоифаси пайдо бўлдики, турли идораю ташкилотлар, банкларни танқид қилмаслик эвазига очиқдан-очиқ шантаж билан улардан «реклама тариқасида» пул ўтказиб беришни талаб қилаётгани қулоғимизга чалинмоқда. «Менга фалон ишимни ҳал қилиб бермасанг, ижтимоий тармоқларда камчиликларингни ёзаман», дейдиганларни ёхуд идорага кириб, қўлидаги телефонини ёқиб, «менга фалон нарса бўйича маълумот берасан», деб ўдағайлаётганларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Бундан ташқари, баъзи бузғунчи ниятли кимсалар ё ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган блогерлик саҳифалари пайдо бўлиб, уларнинг ғаразли мақсадларига беихтиёр эргашиб бораётганимизни ўзимиз ҳам сезмай қоляпмиз.

Бизда бундай ҳолатларга қарши тура оладиган қонунлар бор. Лекин улар доим ҳам қўлланилмаётгани афсусланарлидир. Айтайлик, ижтимоий тармоқда кимдир ёлғон хабар тарқатса, раддия бериш билан кифояланилади, бировларнинг шахсий маълумотларини тарқатганларга эса умуман эътибор берилмайди. Ахир бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган-ку?!

Биргина мисол, охирги пайтларда интернет тармоқларида турмуш ўртоғига хиёнат қилган эркак ё аёлларнинг видеолари кўп тарқатиляпти. Ахир бу, ўша инсонларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотку. Биз қаердан биламиз, балки бу лавҳа унга туҳмат қилиш учун атайлаб уюштирилгандир?!

Хуллас, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Худди шундай жамоатга сўз айтишнинг ҳам ўз қоида ва этикаси бор. Бўлар-бўлмас гапларни гўё катта бир муаммони кўтараётгандек ижтимоий тармоқларга олиб чиқаётганлар, бу ишлари билан ўз қобиқларига ўралиб қолганларини, жиддий масалалар ҳақида фикр юритиш салоҳиятига эга эмасликларини исботлашади, холос.

Шу ҳақда мушоҳада қилар эканмиз, оташнафас шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги тўртлиги ёдга тушади:

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.

Фаррух БЎТАЕВ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенга ачинаман, «Тилла балиқча»... Ёхуд дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билгувчилар ҳақида мушоҳада