11:50 / 26.05.2021
2 881

Ўзбекистонда нақд пул муомаласи ҳажми камаймоқда. Бу нимадан далолат беради?


Банк кассалари орқали нақд пул айланмасининг ортиши муомаладаги нақд пул миқдори ҳам ошишини билдирмайди, деб хабар беради Марказий банк.

Бу пул-кредит статистикасида айланма маблағ ва муомалага чиқарилган нақд пуллар миқдори турлича бўлиши билан изоҳланади.

Бу банк тизими орқали пул айланмасининг ортишига боғлиқ бўлиб, у банклар ролининг ошишини англатиши мумкин.
2020 йилда нақд пуллар 23,2 фоиздан 28,4 фоизгача бўлган. 2021 йилнинг 1 январида муомаладаги нақд пуллар ҳажми 24,9 триллион сўмни ташкил этиб (умумий пул массасининг 23,2 фоизи), 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 674 миллиард сўмга ортган.

Август ойида нақд пул муомаласи 30,9 триллион сўмга қадар ортган. Марказий банк буни вақтинча деб атаб, уни карантин чекловлари билан изоҳлаган — одамлар бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун картадан фаол тарзда пул ечиб ола бошлаган.

Фото: Марказий банк
Бундан ташқари, картадан пул ечиб олиш умумий пул массасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки у депозитлар ва муомаладаги нақд пуллардан иборат.

Пул ечиб олинганида, пул массасининг фақат структураси ўзгаради, яъни муомалага чиқарилган нақд пуллар миқдори ошган бир пайтда депозитлар ҳажми камаяди.

«Жорий йилдан бошлаб муомаладаги нақд пуллар ҳажмида камайиш кузатилмоқда. 1 май ҳолатида кўра, у 23,5 триллион сўмни ёки умумий пул массасининг 22 фоизини ташкил этган», — дейилади Марказий банк хабарида.

Одатда, иқтисодиётнинг ўсиши билан муомаладаги нақд пул миқдори ўсиб боради, чунки у иқтисодиётдаги товар айирбошлаш ҳажмига хизмат қилиши керак.

Шу билан бирга, банк хизматлари, шу жумладан, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва тезкор тўлов технологияларининг ривожланиши ва тарқатилиши, шунингдек, узоқ муддатли истиқболда яширин иқтисодиётни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида муомаладаги нақд пулларнинг камайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистондаги банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 60,1 триллион сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 25,4 фоизга ошган эди. Жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 2020 йилда сотилган чет эл валютаси миқдори 4,6 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичга (3,8 миллиард) қараганда 21 фоизга кўп.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда нақд пул муомаласи ҳажми камаймоқда. Бу нимадан далолат беради?