21:43 / 29.06.2021
2 304

Энергетик ичимликлар. Вақтинча тетиклашишнинг оқибати нималарга олиб келади?


Куннинг тиғида дўконга кирганимда эса пештахтани тўлдириб турган шундай ичимликларга кўзим тушди. Энергетик ичимликларнинг нархлари ҳам бошқа салқин ичимликларга нисбатан қимматроқлиги сабаб кам сотилса керак деган тахминим ўзини оқламади. Сотувчи йигит бунақа ичимликдан бир кунда камида 50та сотишини айтди. Мен кирган кичкина дўкончада шунча сотилса, йирик супермаркетларда қанча сотилади-ю, бир пойтахтда бундай дўконлардан нечтаси бор экан, деган ўй кечди хаёлимдан.

Дарвоқе, ўз фарзандим ҳам тез-тез шу ичимлик қутисини кўтариб келиши ёдимга тушди.
Қизиқ, энергетик ичимликлар ҳақиқатдан ҳам инсоннинг жисмоний ва ақлий фаоллигини оширадими?

Энергетик ичимликлар – таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлардир.

 “Энергетик ичимликни кўп истеъмол қилиш унга тобеликни кучайтиради”
Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайхованинг таъкидлашича, бундай ичимликларни меъёрдан ортиқ ичиш ўсмирларда тобелик ҳолатини келтириб чиқаради.
Гули Шайхова
“Юқори концентрацияланган энергетик (қувват) ичимликларда кўп миқдорда кофеин, таурин моддалари бор. Таурин – энергетик жараённи жадаллаштирувчи ва нерв системасини ривожлантирувчи модда. Тауриннинг инсон организми учун суткалик меъёри – 400 мг. Айрим энергетиклар таркибида эса бу модда 2 баробаргача ошиқ бўлади ва бу албатта ўсмирлар соғлигига салбий таъсир кўрсатади.

Диетолог-олимлар энергетик ичимликларнинг организмга таъсири борасида катта тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, энергетик ичимликлар меъёрдан ортиқ ва сурункали истеъмол қилинса, инсон организмидаги баъзи орган ва тизимларга (бош мия, марказий нерв тизими, бўғимлар) салбий таъсир кўрсатади ва тез-тез истеъмол қилган инсонларда унга тобелик ҳолати кузатилади.

Ичимлик таркибидаги кофеин – психостимулятор модда. У вақтинчалик тетиклик ҳиссини бериб, чарчаш ҳолатини енгиллаштириши, ақлий фаолиятни кучайтириши мумкин, аммо маълум бир вақтдан сўнг (1 – 1,5 соат) инсон организмида чарчоқ баттар кучаяди, бош оғриғи пайдо бўлади ва нафақат ақлий фаолият, балки жисмоний фаолиятни ҳам сусайтиради.
Тез-тез истеъмол қилувчиларда эса кейинчалик бўғимларда оғриқлар пайдо бўла бошлайди ва маълум бир асоратларга олиб келади.

Ҳафта мобайнида кофеин истеъмолини 60 мг.дан оширмаслик керак. Битта энергетик ичимлик таркибида эса ўртача 30 мг кофеин мавжуд.
Энергетиклар ичиш 18 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирларга, ҳомиладор ва эмизувчи аёлларга, юрак қон томири ва қандли диабети бор беморларга тавсия этилмайди”, – дейди шифокор.

“Энергетиклар ёш организмда стресс келтириб чиқаради”
Психолог Гулираъно Эролова энергетик ичимликларнинг таъсири ҳақида гап кетганда, плацебо эффектини ёддан чиқармаслик зарур, деб ҳисоблайди.
Гулираъно Эролова
“Ичимлик таркибида тетиклантирувчи моддалар ҳам бор, лекин рекламалар таъсирида буни ичган инсон максимал даражада тетиклангандай ҳис қилади. Чунки рекламаларда айнан шу жиҳатга урғу бериляпти. Оқибатда фақат шуни ичсам, қувват оламан деган фикр пайдо бўлади ва шу ичимликка доимий қарамлик келиб чиқади. Шуни ичганда онгостида: “Бўлди ҳаммаси жойига тушди, мен тинчландим, ҳолатим яхшиланди”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, аслида ундай бўлмайди.

Ачинарлиси, ўсмир болаларнинг бундай энергетикларга ўрганиб қолиши натижасида улар келгусида кўплаб асаб касалликларига чалиниши мумкин. Сабаби бу ичимликлар инсонда стресс ҳолатларни келтириб чиқаради.
18 ёшгача бўлган болаларга бу ичимликларни ичиш тақиқланади. Лекин афсуски, мактаблар ёнидаги дўконларда болаларга бемалол сотилаётган ҳолатларни ҳам кўриш мумкин.

Албатта, ичимлик қадоқларида 18 ёшгача бўлганлар учун мумкин эмаслиги таъкидланган, лекин реклама роликларидаги ёқимли ҳолатлар ўсмирларда кўпроқ тасаввур уйғотади. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, рекламалар айнан ўсмир ёшдаги болалар ва ёши катта инсонларга кўпроқ таъсир қилади ва уларда ўша реклама қилинган нарсага нисбатан ишонч пайдо қилади.

Маркетологлар ва ота-оналар бу масалани ўйлаб кўришса яхши бўларди. Болаларимиз ишончни, кучни, бардамликни қандайдир ичимликдан эмас, ўзларидан топишса келажакка фойдали бўлади”, – дейди руҳшунос.

16 ёшли ўсмирнинг ўлимига кўп миқдорда ичилган энергетик сабаб бўлгани тахмин қилинади
Энергетик ичимликлар 1960 йилда Японияда, тиббиётда дори воситаси сифатида фойдаланиш учун яратилган. Даставвал инсон саломатлиги учун зарарсиз деб ҳисобланган энергетик ичимликлар аста-секинлик билан Европа ва АҚШни забт этди. Аммо бу ичимликлар кейинчалик саломатликдан кўра бизнесга кўпроқ хизмат қила бошлади. Шунинг баробарида ичимликни оммалаштириш мақсадида унинг таркибига бир қанча кимёвий моддалар қўшилиб борди.

2014 йилга келиб Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти дунёда вояга етмаган ўсмирларнинг энергетик ичимликни кўп истеъмол қилишаётгани ташвишланарли ҳол эканини билдирди. 2017 йилда Американинг Шимолий Каролина штатида 16 ёшли ўсмирнинг ногаҳоний ўлимига кўп миқдорда истеъмол қилинган энергетик ичимлик сабаб бўлгани тахмин қилинган.

Айни вақтларга келиб дунёнинг кўпгина давлатларида энергетик ичимликларни сотишга турли қонуний чекловлар белгиланган. Масалан, аксарият мамлакатларда 18 ёшга тўлмаган шахсларга бу каби ичимликларни сотишга чекловлар ўрнатиш билан чора кўришилаётган бўлса, Дания, Туркия, Норвегия, Исландия каби мамлакатларда ва АҚШнинг айрим штатларида энергетик ичимликлар сотуви бутунлай тақиқланган.

Ўзбекистонда ҳам бу борада қабул қилинган қонунда бир қатор тартиблар белгиланган. Қонунга кўра, энергетик ичимликларнинг 18 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак.

Энергетик ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги кераклиги ҳам кўрсатилган.

Мутахассислар бундай ичимликлар ўсмир болалар саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Дарҳақиқат, болаларимиз эътиборини идиш қадоғидаги тақиқ белгиси эмас, рекламалардаги мўъжизакор, ёрқин ҳолатлар ортиқроқ жалб қилаётгандек.
Дунё бўйлаб янгидан янги касалликлар аниқланаётган, болалар саратонига чалинганлар кўпаяётган, стресслар оқибатида инсон ҳаётини издан чиқарувчи нохуш ҳолатлар содир бўлаётган бир пайтда ота-оналарни фарзандлари истеъмол қилаётган маҳсулотларга эътиборли бўлишга чақирамиз.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энергетик ичимликлар. Вақтинча тетиклашишнинг оқибати нималарга олиб келади?