16:05 / 29.07.2021
1 134

Бухородаги қишлоқдан неолит даврига оид тошга ишлов бериш устахонаси топилди

Бухородаги қишлоқдан неолит даврига оид тошга ишлов бериш устахонаси топилди

Фото: Шерзод Маҳмудов

Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Жонкелди қишлоғи ҳудудидан неолит даврига оид тошга ишлов бериш устахонаси топилди. Бу ҳақда Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов хабар берди.


Таъкидланишича, Жонкелди қишлоғи марказидан тахминан 10 километр шимолий-шарқда жойлашган ҳажми 10х3 километрга тенг номсиз ботиқнинг шимолий бортидан тошга ишлов бериш устахонаси топилган. Бу устахона Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази, Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети мутахассисларидан иборат экспедиция Aswa Power Dzhangeldy Wind МЧЖ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ Жонкелди қишлоғи ҳудудида олиб борилган дала-қидирув ишларида аниқланган.

«Неолит даврига оид, дея тасдиқланган мазкур устахона денгиз сатҳидан 383 метр баландликда, ҳозирда емирилиб кетган кремний конлари устида жойлашган. Унинг ер майдони 70х30 метр ва икки томондан жарликлар билан кесилган. Бу ерда кремнийнинг оқ, жигарранг ва кул ранг тусдагилари учрайди. Бироқ улар орасида оқ кремний кўпчиликни ташкил қилади.

Ёдгорликда ўтказилган қазиш ишлари бу ерда маданий қатламнинг ягоналигини ва қалинлиги 40 сантиметргача етишини кўрсатди. Ушбу чуқурликдан кейин топилмалар тугайди ва оҳактошли қоялар бошланади», — дейди Шерзод Маҳмудов.

Дала-қидирув ишлари давомида устахонадан 400 дан зиёд ишлов берилган тош буюмлар йиғиб олинган. Улар орасида бир қатор хом ашё деффекти туфайли ёки бошланғич босқичларда ташлаб юборилган нуклеуслар, учиринди ва пластиналар топилган. Шунингдек, ўрганувларга кўра, тошларни чақмоқлаш билан боғлиқ техник йўнилғилар катта қисмни ташкил қилган ва бу тошларга бирламчи ишлов бериш ишлари ҳам шу жойнинг ўзида амалга оширилгани аниқланган.

Экспертлар фикрича, бу ерга неолит даври аҳолиси милоддан аввалги VII-В минг йилликларда сифатли хом ашёни қўлга киритиш мақсадида келган. Мавжуд бўлган кремний қалин оҳактош қобиққа ва ички деффектларга эга. Шунинг учун ҳам ибтидоий усталар кремнийни шу жойнинг ўзида кераксиз қобиқлардан ва ички деффектлардан тозалаб, йўнилғилар ёки тайёр (деффектлардан ҳоли) нуклеуслар шаклида ўз маконларга олиб кетган.

«Ёдгорликка Жонкелди неолит даври устахонаси номи берилди. Бу ердан йиғиб олинган археологик материалларнинг техник-типологик ва кенг қиёсий таҳлиллари устахонанинг моҳиятини кенгроқ очиб бериш имконини беради. Топилган бу янги ёдгорлик – тошга ишлов бериш устахонаси туфайли Ўзбекистон тарихи неолит даврига оид янги бир ёдгорлик билан бойитилди. Жонкелди ҳудуди ибтидоий одамлар яшаши учун қулай палеоэкологик шароитларга эга бўлган. Бу ерда мавжуд бўлган сифатли кремний конларига эҳтимол, яқин атроф ёки қўшни ҳудудлардан ибтидоий аждодларимиз келиб, хом-ашё олиб кетганлар», — дейди Шерзод Маҳмудов.

Бу ҳудудда неолит ва ўрта асрлар даврлари давомида аждодларимиз истиқомат қилгани аниқланган. Изланишлар давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бухородаги қишлоқдан неолит даврига оид тошга ишлов бериш устахонаси топилди
[/banner_pushhouse