17:30 / 28.10.2021
1 623

Умрнинг баракаси нимада?

Умрнинг баракаси нимада?
Ёши улуғларимиздан кўпинча “Аллоҳ умрингни узун қилсин” деган дуони эшитиб қоламиз. Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “умматимнинг ёши олтмиш билан етмишнинг ўртасида бўлади, улардан озчилиги бундан ўтадилардеганлар.

Шу ўринда имом Бухорий ва имом Муслим Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ризқи кенг ва умри узоқ бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан алоқасини яхшиласин”, деганларини эслаб ўтиш ўринли.

Ўйлаб қоласан киши, умрнинг баракаси фақат унинг узун бўлиши билан бўладими? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “инсонларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали чиройли бўлгани, инсонларнинг ёмони – умри узун бўлиб, амали ёмон бўлган кишидир”, деганлар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу “умрнинг баракаси солиҳ амал билан бўлади” деганлар. Агар умрда солиҳ амаллар топилмаса, унинг фойдаси ҳам йўқ экан.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз “Саботул ожизийн” китобларида Ҳажжож золим билан бўлган бир воқеани назмга тизганлар. Унда Ҳажжож бир фақир кишига кўп инъом-эҳсон қилиб “менинг ҳаққимга дуо қил” деганда, “худо тезроқ жонингни олсин” деб дуо қилади. Ҳажжож бунинг сабабини сўраганда у “ўлишинг сенга ҳам, мусулмонларга ҳам яхши бўлади” дейди. Демоқчи бўлганимизнинг мазмунини Алишер Навоий бобомиз байтда гўзал ифода этганлар:

Бу гулшан ичра ки, йўқтур бақо гулига сабот
Ажаб саодат эрур қолса яхшилик бирла от.

Боборавшан Расулов


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/6341-сонли рухсати билан чоп этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Умрнинг баракаси нимада?