ЙҲХББ бошлиғи машинани маст ҳолда бошқариш Жиноят кодексига киритилиши кераклигини айтди. Биз бу борада хориж тажрибасига назар солдик.
ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник Олим Саидов машинани маст ҳолда бошқариш жиноят экани, бу борада Маъмурий ва Жиноят кодексларига жазони оғирлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилганини айтиб ўтди.
Бунга муносабат билдирар экан, Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов спиртли ичимлик истеъмол қилиб рул бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф этди.
“Йилига минглаб одамлар вафот этаётганини инобатга олиб, бу соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак, деб ҳисоблайман. Кўчаларда аҳвол ўта оғир”, – деб тушунтиради Алламжонов.
Айни пайтда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига асосан, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, 25 БҲМ жаримага сабаб бўлади.
Ҳайдовчининг организмида алкогол миқдори 0,135 промилледан юқори бўлса, у маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳисобланади.
Айни кунларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари 6 млн 750 минг сўм бўлади. Жарима 15 кун ичида тўланса, 30 фоизлик чегирма билан 4 млн 725 минг сўмни ташкил этади.
Кўпинча қоидабузар ҳайдовчилар бу жаримани осонгина тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса ҳам, машинани ЙПХ ходимларининг қўлига тушмасдан, яширинча бошқариб юришади.
Буларнинг барчаси маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун белгиланган жазо чоралари қатъий эмаслиги, республикамизда ҳайдовчилар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, энг ёмони, маст ҳолатда автомобил бошқариш оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари юз бериши, инсонлар ҳалок бўлиши ҳолатлари учраб турганига бош сабаб бўлмоқда.
Жазо ўта қатъий бўлиши керак ва ҳайдовчини спиртли ичимлик ичишдан қайтариши, унга жазодан қутулишга ҳеч қандай имконият қолдирмаслиги керак. Маст ҳайдовчиларни топиб, баённома тузган ЙПХ ходимлари ҳам кескин рағбатлантирилиши лозим.
Айрим давлатларда маст ҳайдовчиларга дарҳол жиноий жавобгарлик қўлланилади. Балким бизда ҳам жазо чораларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан Жиноят кодексига ўтказиш керакдир...
Масалан, Россияда маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун 30 минг рубл жарима солинади, шунингдек, 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади. Депутатлар жарима миқдорини 100 минг рублгача кўпайтириш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни уч йилгача узайтиришни таклиф этишмоқда.
2010 йилнинг августида АҚШда жаҳонда илк бор маст ҳайдовчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунгача Техас штатида яшовчи Бобби Стовалл рулга тўққиз марта маст ҳолатда ўтириб қўлга тушган. Округ прокурори Жон Брэдли ўз қарорини шундай тушунтирган: “У кимнидир ўлдириб қўйишидан аввал, биз уни тўхтатишга қарор қилдик”.
АҚШда қоида тариқасида автомобилни маст ҳолатда бошқариш жарима билан жазоланади. Штатига қараб, ўртача 750 доллар жарима тўлаш ёки 30 кундан 6 ойгача қамоқхонада ўтиришга тўғри келади. Қоидабузарлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади. Биринчи марта тушганларнинг “права”си 90 кунга, иккинчи марта – 1,5 йилга, учинчи марта – умрбод олиб қўйилади. Айрим штатларда қоидабузарлик такрорланса, автомобил мусодара қилинади.
Буюк Британияда рулга маст ҳолда ўтирган ҳайдовчи илк қоидабузарлик учун 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади, у шунингдек, 5 минг фунт-стерлинг жарима тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан 3 йилгача маҳрум этилади.
Германияда ҳаммаси ҳайдовчининг қонида аниқланган алкогол миқдорига боғлиқ. Агар у 1,1 промилледан юқори бўлса, Жиноят кодекси доирасида жазога мубтало бўлади. У ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади, 3 ойлик иш ҳақи миқдорида жаримага тортилади ёки 5 йилга озодликдан маҳрум этилади.
Сингапурда бундай қоидабузарлик учун 1 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Шунингдек, ҳайдовчи катта жарима тўлайди ёки ярим йилча қамоқда ўтиради. Қайта қоидабузарлик учун қамоқ жазоси 3 йил этиб белгиланган.
Бизда ҳам жазо чоралари ўта қатъий қилиниши керак. Иложи бўлса, бир йўла ҳам қамоқ, ҳам жарима, ҳам узоқ муддатга транспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўлланилиши керак. ДЙҲХХ эса белгиланган жазо чораларини аҳоли ўртасида кенгроқ тарғиб этиши лозим. Токи рулга ўтирган ҳар бир ҳайдовчига етиб борсин.
Шуҳрат Шокиржонов
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар