09:09 / 10.01.2022
1 029

Ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилиши айтилди

Ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилиши айтилди
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилишини маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, 7 январь куни Илғор технологиялар маркази (ИТМ) лабораториясида «омикрон» штамми қайд этилган. Ушбу шатамм Ўзбекистон ҳудудига Дубайдан келган хориж фуқаросида аниқланган.

Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мазкур ҳолат, шунингдек, «омикрон» тарқалишига қарши чора-тадбирлар муҳокама қилинган. Унда воқеани шарҳлаган Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова «омикрон»нинг дунё бўйлаб тез тарқалиши инобатга олинса, унинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши вақт масаласи бўлганини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси кучайтирилган дозаси ушбу штаммдан деярли 100 фоиз ҳимоя қилишини маълум қилган.

«Илғор технологиялар маркази раҳбари сифатида ZF-UZ-VAC 2001 синовларида ва вирусли мутацияларни ўрганишда фаол иштирок этарканман, мамлакатимиздаги энг оммабоп Ўзбекистон—Хитой вакцинаси устида олиб борилган тадқиқотлар янги штамм бўйича яхши натижаларни кўрсатаётганини айтишим мумкин. Вакцинанинг кучайтирилган — бустер дозаси ‘омикрон’дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилади. Хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам буни тасдиқлади», — деган у.

Махсус комиссия йиғилишида аҳолини, шу жумладан ZF-UZ-VAC2001 нинг кучайтирилган дозалари билан эмлашни зудлик билан тезлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Маълумот учун, вакцинациядан сўнг инсонларда одатда коронавирусга қарши юқори ҳимоя даражаси шаклланади. Вакциналар жуда самарадор бўлиб бораётганига қарамай, вақт ўтиши билан COVID-19 инфекциясига қарши ҳимоя кучсизланади. Вакцинанинг дастлабки ҳимояси кучсизлана бошлагач, ҳимояни кучайтириш учун қўшимча вакцина қилинади — бу бустер доза дейилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер доза билан эмлаш 2021 йилнинг ноябридан бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 13,5 миллион нафардан ошган.

Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков «омикрон»дан соғайиш муддати қисқа ва касалланганларда шифохоналарга ётиш эҳтимоли пастлиги инобатга олинса, Ўзбекистон вируснинг кўтарилиш хавфига тайёрлигини айтганди.

Бироқ ортиқча хотиржамликка берилиш ярамаслигини, чунки «омикрон» бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да, муҳимлигини қўшимча қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилиши айтилди