Талабалар ОТМни битираётганда айланма варақани тўлдириши тартиби президент фармони билан бекор қилинган, шунга қарамай, олийгоҳларда бу варақани талаб қилиш ҳолатлари давом этяпти.
Президент фармони билан, 2021 йил май ойидан бошлаб ОТМни тугатганда ёки бошқа жойга кўчирганда айланма варақани тўлдириш бекор қилинган.
Талабалар тилида “обходной лист” дейиладиган айланма варақа талабалар ОТМни тугатганда ёки бошқа жойга кўчирганда қуйидаги маълумотларни масъул ходимлардан тасдиқлатиб олгани билдиради:
- тўлов шартномаси бўйича мажбурият бажарилгани;
- ахборот ресурс марказидан қарзи йўқлиги;
- ўқув бўлимидан академик қарздор эмаслиги;
- талабалар турар жойидан қарздор эмаслиги кабилар.
Президент фармонига кўра, бу маълумотлар ОТМ томонидан ички идоралараро электрон ҳамкорлик ёки ўзаро ахборот алмашинуви йўли билан олиниши, ўқувчи-талабалардан талаб қилинмаслиги керак. Бироқ ҳанузгача талабалар шу варақа деб “эшикма эшик” сарсон.
Куни кеча Корея Республикасида ўқиб, ишлаб юрган яқин танишим Ўзбекистонга меҳмонга келиб, шу муаммони кўтариб қолди. Унинг айтишича, Самарқанд вилояти давлат архитектура-қурилиш институтини битираётган келинини университет “обходной лист” тўлдиришга “маҳкум қилган”.
Ҳақиқатда “маҳкумлик” бу. Чунки шу даргоҳда 4 йил таълим олган, ҳамма маълумотлари шу муассасанинг ўзида бўлган талабани ҳомиладор ҳолида совуқда роса югуртиришган.
Танишимнинг ҳикоясидан “обходной лист” тагида кимларнингдир манфаати борлигига ишонч ҳосил қилдим. Сабаби “муқаддас” имзолар ва муҳрлар қўйилишидан олдин иккита жойда масъул ходимлар пул талаб қилишган, бири 20 минг сўм (“кутубхона фондини ривожлантириш”), бошқа бири 5 минг сўм (“архив учун”) талаб қилган. Давлат учун миллионлаб контракт тўлаганда, 25 минг сўм пулми...
Айланма варақа билан танишиб, ҳақиқатда уни тўлдириб юрган талаба, университет учун “ўртоқ” экан деган хулосага келдим. Ўртоқ деб одатда бегоналарга мурожаат қиламиз. Талаба бу даргоҳ учун бегонами? Ҳужжатда нақ 11 та бўлинманинг тасдиғи талаб қилинмоқда. Айрим бўлинмаларнинг тасдиғи нима учун кераклигини тушуниш қийин.
Кадрлар бўлими (талаба ходим эмас-ку), чойшабчи (миллионлаб контрактлардан бойиган унивеситет учун талабага бир йилда битта чойшабни қурбон қилиш шунчалар қийин, “нархи қанча чойшабни айтинг?”), кафедра мудири, факультет декани (мабодо, шахсий адовати бўлса, сарсон қилиб, бир-икки ишини битириб олиши учунми?).
Молия ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректор имзосининг талаб қилинишига рости, йиғлагим келди. Аввалига ҳисобхона қарздорлиги йўқлиги ҳақида тасдиқ оласиз (аслида, бир тийин қарзи бор талабани нафас олдиришмайди, ҳатто имтиҳонларга ҳам киритишмайди). Кейин проректор имзо қўяди. Барака топкур, ҳисобхона тасдиқлагандан кейин проректорни безовта қилишни нима кераги бор? Ҳа бирровга кириб чиқиш зарар қилмас, шу баҳонада таниб олиш керакмикан?! Жаноб проректорни эса иш жойида топиш мушкул.
Президент ҳужжати билан юқорида тилга олинган сарсонгарчиликка чек қўйилиши белгиланган бир пайтда, мансабдор шахсларнинг “қиляпмиз, секин-секин ҳаммаси бўлаяпти” қабилидаги эътиборсизлиги ислоҳотларга ишончни сусайтиради, чунки бу – ислоҳотлардан мақсад инсон қадрини улуғлаш экани ҳақидаги ғояга зид.
Муаммо катта пул, алоҳида дастурлар ишлаб чиқадиган даражадаги муҳим ечимни талаб қилмайди. Шунчаки, “калла”ни ишлатиб, талаба битираётганда унинг энг асосий мажбуриятлари бажарилганини тасдиқловчи бўлинмалар битирувчиларнинг рўйхати бўйича ўз маълумотларни электрон шаклда тайёрлаб, диплом беришга масъул маркетинг бўлимига тақдим қилишса бўлди.
Маркетинг бўлими бу ишлар билан ўзи шуғулланса, диплом олувчилар рўйхатини шаклланттириб, тегишли маълумотларни ўзи кўрса ҳам бўлади. Шунчаки, талабани осонгина югуртириш мумкин бўлган вазиятда, ўзини қийнашга не ҳожат?
Арзимаган 5 минг, 20 минг учун хорижда яшаётган ватандошларгина эмас, оддий ўзбек халқининг нигоҳида таълим даргоҳини гадойга айлантириб қўйиш керак эмас.
Бу – таълим соҳасида ишни ташкиллаштиришдаги биргина муаммо эмас, балки тизимли равишда қотиб қолган салбий амалиётнинг “иситма”ларидан бири. Яна бир фармон билан аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинган бир қатор ҳужжатлар ҳали ҳам олинаётгани, ушбу ҳужжатлар тақдим қилинмаса фуқароларнинг талаблари кўриб чиқилмаётгани каби ҳолатлар ҳам бор. Жумладан, қуйидаги расмда берилган ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати ҳам Тошкенти азимнинг ОТМларидан бирида кадрлар бўлими томонидан ишга талабгор шахсга берилган.
Бу рўйхатдаги ҳужжатларни йиғиб келгунга қадар фуқаронинг ишга бўлган мойиллиги ўлиб бўлади-ку? Президентимиз фармони билан давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга ишга қабул қилиш жараёнида паспорт маълумотлари, шахснинг фотосурати, солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилгани тўғрисида маълумотларни мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиши белгиланган.
Президентимизнинг 2021 йил июль ойидаги яна бир фармони билан олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини, жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни талаб қилиш ҳам бекор қилинган.
Ривожланган давлатлар кишиларга уларнинг исм-шарифини билиш ва зарурат бўлганда, биргина бармоқ изи орқали хизмат кўрсатилаётган даврда биз ҳамон ўтган асрдаги тартибларда иш кўришимиз қанчалик мантиққа тўғри келади? Айтилмаган ва ёзилмаган бўлса ҳам майли, айтилган, ёзилган, ҳужжатда белгилаб берган тартибда ишлайлик, одамлар. Наҳотки шу гапни тушуниш қийин?
Шу ўринда қонунларни очиқча менсимаслик кайфиятидаги мулозимларга “кенг кўчани” кўрсатгинг келади. Лекин кетганнинг ўрнига яхшисини топгунча, эсинг кетади. Қолаверса, тизимли муаммони фақат кадр алмаштириб ҳал қилиш имконсиз. Энг тўғри йўл – бу давлат хизматининг фалсафасини тўғри тушуниш ва қўл остидагиларга тушунтиришдир.
Салгина ўзгариш, салгина меҳнат, салгина юмшоқ жойни креслодан узиш кифоя. Шуни ҳам қилмасангиз, давлат хизматида нима бор сизга? Бу ўз номи билан хизмат – ҳаракат дегани, фуқарони тўпдек тепиш давлат хизмати эмас!
P.S. : Республика бўйича барча таълим муассасаларида битирув “сезони” яқинлашаётгани сабабли, айланма варақа муаммосини бугундан ҳал этиш лозим.
Ҳуқуқшунос МУНИС
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди