09:55 / 15.04.2022
948

Қандай қилиб уруш даврида пропаганда таъсирига тушиб қолмаслик мумкин?

Қандай қилиб уруш даврида пропаганда таъсирига тушиб қолмаслик мумкин?
Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро бошланганига 50 кун бўляпти. Интернет пропаганда хабарлари ва маълумотларига тўла. Қандай қилиб уларни ажратиш ва таъсирига тушиб қолмаслик мумкин?

Ўзбекистонда кўпчилик бу уруш ҳақидаги маълумотларни интернетдаги ижтимоий тармоқлар, Telegram-каналлар, ёши каттароқлар эса фақат Россия телеканалларидан олишади (чунки Украина ТВ каналлари бизда кўрсатмайди, Ўзбекистон телеканаллари бу уруш ҳақида оғиз очишмайди).

Интернетда ва рус ТВ-каналларда янграётган ахборотларни тўғридан тўғри ҳазм қилиб, урушаётган томонлардан бирининг тарафдори бўлиб олиб, ижтимоий тармоқларда, ҳаттоки кўча-кўйда, оилаларда тортишиб қолаётган ҳамкасблар, дўстлар, қариндошлар ҳақида эшитяпмиз.

Хўш, мутахассислар бу борада нима дейди? Гуруч курмакдан қандай ажратилади? Қандай қилиб пропаганданинг нафрат қўзғовчи таъсири остига тушиб қолмаслик мумкин?

«Мен Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиганман. Бизда ҳарбий кафедра бор эди. Бизга махфий шароитда жанговар махсус пропагандадан дарс ўтишган — бунда дезинформация ва онг билан ўйнашиб, душман армияси сафига нифоқ солиш санъати ўргатилган. Бу жуда даҳшатли юмуш, беҳазил», — дейди кекса журналист Владимир Яковлев. Унинг айтишича, айни пайтда тинч аҳоли учун ҳам жанговар махсус пропаганда элементларидан кенг фойдаланилмоқда.

Журналист Владимир Яковлев пропаганданинг хиллари, услублари, улар нима мақсадларда қўлланилишини ҳикоя қилиб бериб, ундан қутулиш, пропаганда келтириб чиқарадиган адоват ва нафратга шерик бўлиб қолмаслик учун нималарга амал қилиш кераклигини ҳам санаб ўтган.

«Сизга ҳар куни таъсир қиладиган пропагандаларнинг бор-йўғи уч хили бор: оқ, кулранг ва қора пропаганда.

Оқ пропаганда — сиёсий мақсадларга етишиш учун фактларни қалбакилаштиришни назарда тутмайди.
Кулранг пропаганда — бунга рухсат беради, лекин сезилар-сезилмас даражада.
Қора пропаганда — пропагандистик вазифаларни бажариш учун воқеликни ҳар қандай усулда бузиб кўрсатишга мутлақ изн беради.

Пропаганда қанчалик кўп ёлғон ишлатилиб, виждонсизларча яратилса, у аудиторияга шунчалик кучли таъсир қилади. Ўз-ўзидан, қора пропаганда — пропагандаларнинг энг кучлиси, чунки у фактларга таяниш заруриятидан тўлиқ халос қилинган.

Қора пропаганда — ўта самарали қурол. Ундан фақат бир мақсадда фойдаланилади — рақибнинг миясини чалғитиб, ишдан чиқариш. Уни ишлатишнинг «сасиган селёдка», «тескари пирамида», «буюк ёлғон» услублари бор, иккинчи жаҳон уруши вақтида Гёббелс томонидан яратилган «40 га 60 принципи» — пропаганданинг бу кўринишлари ҳам айримларга таниш. Лекин буни ҳамма ҳам англай олмайди.

Биласизми, ўз вақтида журфакнинг ҳарбий кафедрасида бизга жанговар махсус пропаганда техникасини душман аскарларига қарши ишлатишни ўргатишган эди. Бугунга келиб, бу техникалар тинч аҳолига қарши ҳам ишлатилмоқда. Яъни сиз-у бизга қарши.

Махсус пропагандада таъсир қилишнинг ўнлаб самарали услублари мавжуд ва сиз ҳар куни уларнинг таъсири остида бўласиз. Лекин улардан тўрттаси жуда кенг тарқалган. Ўзингизни ножўя ахборотдан ҳимоя қилишингиз учун уларни яқиндан билиб олишингиз керак бўлади. Бугун улар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Келинг, дастлаб «сасиган селёдка» услубини кўриб чиқайлик.

1. «Сасиган селёдка» услуби

У шундай ишлайди: мутлақо ёлғон айблов танланади. Айблов имкон қадар жирканч ва можароли бўлиши керак. Масалан, кичик ўғирликда, ёки айтайлик, гўдакларга жинсий тажовуз қилишда айблаш ёки бўлмасам очкўзликдан бировнинг қотилига айланганликда айблаш ҳам яхши самара беради.

«Сасиган селёдка»нинг мақсади — асло бу айбловларни исботлаб бериш эмас. Мақсад — воқеа омма ўртасида кенгроқ муҳокама бўлишига эришиш.

Инсон руҳияти шундай яралганки, айблов омма муҳокамасига айлангач, ўз-ўзидан унинг «тарафдорлари» ва «қарши томонлар», бу ишнинг «билимдонлари» ва «экспертлари», шунингдек, «қип-қизил айбловчилари» ва айбдорни жон-жаҳди билан «ҳимоя қилувчилар» пайдо бўлади.

Бироқ ўз нуқтайи назари қандай эканлигидан қатъи назар, муҳокаманинг барча иштирокчилари айбланувчининг исмини жирканч ва можароли айбловга боғлаб қайта-қайта тилга олишади. Шундай қилиб, «сасиган селёдка»ни унинг кийимига тобора ишқалаб боришаверади ва бу қўланса ҳид унинг ортидан ҳамма жойда эргаша бошлайди.

«Анави қотилми, ўғрими, номус тажовузкорими?» деган бош савол унинг исми эсга олиниши ҳамоно такрорланаверади.

«Сасиган селёдка» услубидан фойдаланишнинг классик усулларидан бири — бу уни фашистик ёки нацистик мафкурага эгаликда айблашдир.

«Бу инсон нацист эмасмикан?» — дея мунозара қилинганлик фактининг ўзиёқ айбланувчини шу қадар обрўсизлантирадики, «сасиган селёдка» усулидан фойдаланиб пропаганда вазифаси муваффақиятли амалга оширилди, деб ҳисоблайвериш мумкин.

2. «Буюк ёлғон» услуби

«Буюк ёлғон» услуби «сасиган селёдка» услубига бироз ўхшаб кетса-да, аслида бошқача ишлайди. Унинг моҳияти шундан иборатки, аудиторияга камоли ишонч билан шу қадар глобал ва виждонсизларча ёлғонни тақдим этиш керак, токи бундай нарса ҳақида ёлғон сўзлаш мумкин эмаслигига одамлар ишониши керак.

Бу ердаги «трюк» шундан иборатки, мутлақо ёлғон ахборот билан томошабин, ўқувчи ёки шинавандада шундай шок эффектини қўзғаб, кейинчалик ҳар қандай исбот, мантиқ ва идрокка қарамасдан, узоқ вақт унинг нуқтайи назарини белгилаб берувчи кучли қўрқув ҳосил бўлишига эришиш лозим.

Бу услубдан фойдаланишнинг классик усули — душман тарафнинг турли даҳшатли таҳдидлари ёки қабиҳона ниятларини таърифлашдир. Бу услубдан фойдаланишнинг ажойиб мисоли — Ироқнинг оммавий қирғин қуроли ишлаб чиқаришда айбланишидир. Бу АҚШ томонидан Ироқнинг оккупация қилинишига баҳона бўлган.

Албатта, душман тарафни бактериологик, биологик қурол ишлаб чиқараётганликда айблаш ёки қарши курашиш имконсиз бўлган яширин ва ўта қудратли душмандан келаётган глобал таҳдид ҳақидаги хабар ҳам жуда яхши иш беради.

«Буюк ёлғон» услуби ўта самарали бўлиши мумкин. Лекин барибир узоқ муддатли истиқболда «Мутлақ аёнлик» услуби янада ишончли натижа тақдим этади.

3. «Мутлақ аёнлик» услуби

Унинг моҳияти нимада? Ниманидир исботлаш ўрнига сиз аудиторияни ишонтирмоқчи бўлган нарса ҳақида гўёки мутлақ аён, очиқ-равшан, ўз-ўзидан тушунарли нарсадек систематик маълумотлар узатасиз. Шу сабабли буни аҳолининг катта қисми шак-шубҳасиз қўллаб-қувватлаётгандек тақдим этасиз.

Ташқи кўриниши жуда оддий кўрингани билан бу услуб ниҳоятда самарали. Чунки инсон руҳияти автоматик тарзда кўпчиликнинг фикрига қизиқади ва унга қўшилишга мойил бўлади. Фақат шуни эсдан чиқармаслик керакки, кўпчилик албатта сиз томонда бўлмоғи, қўллаб-қувватлов мутлақ ва шак-шубҳасиз бўлиши керак. Акс ҳолда қўшилиш эффектига эриша олмайсиз.

«Мутлақ аёнлик» услуби классик ва жуда кенг тарқалган қўллаш усули, масалан, у ёки бу масалада жамоатчиликнинг фикри бир жойдан чиқаётганини намойиш этувчи турли социологик сўровлар натижасини эълон қилишдан иборат бўлади.

Қора пропаганда услублари, табиийки, унинг ҳисоботлари реалликка қандайдир даражада мос келишини тақозо қилмайди. Ниҳоят,

4. «Номаълум қаҳрамон» услуби

Бу услубдан фойдаланишларига биз шу қадар кўп дуч келамизки, уларни пайқашдан ҳам тўхтаб қоламиз. Бироқ «номаълум қаҳрамон» услуби махсус пропаганданинг энг қадимий, шу билан бирга ўта самарали услубларидан бири саналади.

Ўз номига монанд тарзда бу услубнинг моҳияти — ўз қўшинларини ёлғондан қаҳрамонлаштиришдан иборат.

Ташқи кўриниши қанчалик жўн ва оддий кўринмасин, бу услуб чуқур психологик илдизларга эга. Гап шундаки, ҳар қандай уруш шафқатсиз, даҳшатли, инсонийликдан йироқ ва бемаънидир. Шу сабабли уруш доимо ўз-ўзидан инсон руҳиятининг кучли қаршилигини келтириб чиқаради. Бу қаршилик инсоннинг ўзи ва яқинлари ҳаёти учун қўрқуви билан янада кучаяди.

Инсон руҳиятининг фақатгина битта бўлаги борки, уни ана шу кучли қаршиликка рўпара қўйиш мумкин. Бу — эмоционал таркибий қисмдир.

Шу сабабли босқинчилар армияси бўлмайди — озод этувчилар армияси бўлади. Оккупантлар армияси дейилмайди — фақат қутқарувчилар армияси дейилади. Инсоннинг уруш ғоясига қаршилигини енгишнинг ягона усули — унда олий маънавий қадриятлар: адолат учун, мусибатга дучор бўлган ўзиникилар учун курашиш иллюзиясини ҳосил қилишдир. Бу содир бўлаётган ноинсоний ва шафқатсиз ҳодисаларни оқлашга хизмат қилади.

«Номаълум қаҳрамон» услубининг ҳайратланарли ва уникал хоссаси бор. Ундан турли давлатлар турли урушларда ва юз йиллар мобайнида қайта ва қайта фойдаланган. Лекин шунга қарамасдан, унинг таъсир кучи асло камаймаган. Бугунга келиб, бу услубдан ўнлаб йиллар аввалгидек, худди ўша самарадорлик билан фойдаланилмоқда.

Яна давом этиш мумкин. Чунки бизни бир йил ўқитишган. Махсус пропаганда усуллари рўйхати жуда катта. Лекин муҳими бу эмас.

Англаб турибсизки, жанговар махсус пропаганданинг барча услублари битта умумий мақсадни — душман армияси сафига ички нифоқ, ўзаро нафрат ва ишончсизлик уруғларини ёйиб, уни кучсизлантиришни кўзлайди.

Аммо бугунга келиб бу услублардан душман армиясига қарши эмас, ўзининг тинч аҳолисига қарши қўллаш авж олди. Услублар келтириб чиқараётган натижа уларни қўллашдан кўзланган мақсад билан бир хил.

Фақат ўзаро нафрат ва ички нифоқ душман армиясида эмас, бизнинг ўз уйларимиз ва оилаларимизда вужудга келади.

Душман аскаридан кўра, ўз тинч аҳолисига қарши ишлатилган жанговар махсус пропаганда ҳаттоки самаралироқ ишлайди. Эҳтимол, душман аскаридан фарқли ўлароқ тинч аҳоли ўзини ҳимоя қила олмаслигидан бўлса керак.

Шунчаки мушоҳада қилинг: атрофингизда сўнгги вақтларда сиёсий сабаблар туфайли келиб чиқаётган можаролар, баҳслар, ўзаро хафагарчиликлар сони қанчалик кўпайди? Шунда мен нимани назарда тутаётганимни англайсиз.

Қора пропагандага қарши туришнинг энг яхши йўли — унинг муайян ишлаш услубларини фарқлашни ўрганиб олишда эмас. Бундай услублар жуда кўп.

Махсус пропаганда таъсиридан мутлақ ҳимоя нафрат ва ўзаро нифоқни келтириб чиқарувчи ҳар қандай ахборотга қарши туриш билан шакллантирилади. Ёдда тутиш муҳимки, оғир, мураккаб, хавфли шароитларда дўстларингиз, оила аъзоларингиз, атрофингиздаги одамлар — айнан улар сизга ёрдам қўлини чўзишади ва қўллаб-қувватлашади, сизни қутқаришади.

Сизни кулфатдан қутқарувчи ва ёрдам қўлини чўзувчилар — сизнинг яқинларингиздир. Ҳар куни телефон ёки телевизор экранидан туриб оилангиздаги сиз учун севимли ва сизни севувчи инсонлар билан жанжал ёки баҳслар юзага келиши учун янги баҳоналар улашувчи одамлар эмас.

Махсус пропаганда услубларининг ҳар қандай таъсирига қарши реал ва мутлақ зиддизаҳар бўла олувчи оддий сўзлар бор: ИНСОН ҲАР ҚАНДАЙ ҒОЯДАН УСТУН.

Ушбу мураккаб кунларда бу сўзларни кўзингиз тушадиган жойларга йирик ҳарфларда ёзиб, илиб қўйганингиз маъқул. Шунчаки, унутиб қўймаслик учун».

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қандай қилиб уруш даврида пропаганда таъсирига тушиб қолмаслик мумкин?