2023 йил 4 декабр куни Қозоғистондаги оммабоп телеканаллардан бири НТКда узоқ кутилган «MEOW» сериалининг премераси бўлиб ўтади.
Ушбу жиноий драмалар ҳикоя қилинадиган сериал Қозоғистон республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги, НТК телеканали ва B.A.S PRODUCTION компаниясининг қўшма лойиҳаси ҳисобланади.
Сериалда Қозоғистонда психотроп таблеткалар ва гиёҳванд моддалар қандай йўллар билан тарқатилади, янги мижозлар қай тарзда оғу чангалига илинтирилади, полиция уларга қарши қандай курашмоқда, нашаванд бўлиб қолганлар ва уларнинг яқинлари қандай азобларга дуч келишади, шулар ҳақида ҳикоя қилинади.
Сериал «экшн» йўналишида олинган бўлиб, унда гиёҳванд моддалар сотувчилари ва уларга қарши курашувчилар орасидаги «жанглар», таъқиблар ва отишмалар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар қамраб олинган.
НТК телеканали бош директори Саида Игенбекнинг сўзларига кўра, жамоа яқинда намойиш этилган «Фирибгарлар» сериалининг муваффақиятидан илҳомланиб, Қозоғистон жамиятидаги яна бир жиддий муаммо – гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш билан боғлиқ муаммоларни кўрсатишга қарор қилган.
«Сериалнинг мақсади жуда арзонлиги ва тез топилиши туфайли қозоғистонлик ёшлар орасида машҳур бўлган синтетик гиёҳванд моддаси бўлган мефадрон истеъмол қилишнинг даҳшатли оқибатларини кўрсатишдир», дейди Саида.
Сюжет
Сериал сюжети марказида ўз мавзесини наркотик сотувчилардан тозалашга қарор қилган дўстлар – уч спортчи йигит туради ва воқеалар занжири уларга боғланади.
Дўстлардан бири отасини, иккинчиси севган қизини гиёҳванд моддалар туфайли йўқотади ва шундан сўнг гиёҳвандликка қарши курашишга аҳд қилишади.
Улар гиёҳвандлик воситаси бўлган таблеткани етказиб берувчи шахсларнинг изига тушишади ва уларни ушлаб обдон калтаклашади. Йигитлар жараённи тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришади.
Шунда уч дўстнинг гиёҳванд моддани етказиб берувчиларни аёвсиз калтаклашаётгани «мефа» (мефадрон) тарқатувчи уюшган жиноий гуруҳ раҳбарига ҳам, полицияга ҳам маълум бўлади.
Шундан сўнг ёвузликка қарши курашувчи бу олийжаноб уч дўстни полиция қидира бошлайди – мақсад уларни рағбатлантириш ва жиноятчилардан ҳимоя қилиш.
Иккинчи томондан уларни уюшган жиноий гуруҳ излашга тушади – жиноятчилар ўз йўлларига ғов бўлаётган йигитларни йўқ қилишни хоҳлашади. Бироқ ҳар икки томон ҳам ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бермайди ва йигитларни топишнинг иложи бўлмайди.
Ғоя муаллифи ва ушбу сериалнинг режиссёри «Фирибгарлар» сериалида бош ролни ижро этган Рустем Омаров ҳисобланади. Бу Рустемнинг режиссёрликдаги дебют иши ҳисобланади. Шунингдек, у сериалда ҳам асосий роллардан бири, порахўр полициячи ролини ижро этган.
«Сериалда кўрсатилган ҳолат ҳаётдан олинган. Ақтау шаҳрида гиёҳванд моддаларни ёмон кўрадиган, қўриқчи бўлиб ишловчи уч нафар спортчи йигит бор эди. Уларнинг гиёҳванд моддаларнинг ёмон кўришига шу заҳри қотил туфайли ўз яқинларини йўқотгани сабаб бўлганди. Улардан бирининг отаси, бошқасининг севган қизи гиёҳванд моддалар туфайли вафот этганди. Шундан сўнг уч дўст гиёҳванд моддаларни етказиб берувчиларни ушлаб, ўласи қилиб калтаклай бошлашди. Улар жараённи тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштира бошлашди. Шундан сўнг кўп ўтмай Ақтауда гиёҳванд модда етказиб берувчилар кескин камайди. Чунки улар уч дўстнинг қўлига тушишдан қўрқиб қолишганди. Сериалга ана шу ҳодиса асос қилиб олинди», дейди Рустем Умаров.
Сериалда томошабинлар жиноят ва жангари саҳналардан ташқари ҳақиқий севги, хиёнат ва йигитларнинг кучли дўстлиги ҳақидаги ҳикояларни кўришади.
Шунингдек, сериалда жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, ёшлар муаммолари кўтарилган. Бундан ташқари, ўз касбига содиқ ҳалол полициячилар бирга, пул учун ҳеч бир ишдан қайтмайдиган порахўр полициячилар мавзулари кўтарилади ва буларнинг барчаси гиёҳвандликка қарши кураш атрофида жамланади.
Сериалнинг асосий мавзуси гиёҳвандлик ортидан келадиган ёвузлик, гиёҳвандликка ружу қўйишнинг салбий оқибатлари, нашаванд бўлиб қолган инсонларнинг аянчли ҳаёти, инсон ҳаётининг мўртлиги ва характерининг заифлиги кўрсатилади.
Нега сериалга «МЕОW» деб ном берилган?
Сериалга «МЕОW» (миёв) деб ном берилиши ҳам тасодиф эмас. Гиёҳванд модда сотувчилари ўз жаргонларида «дори»ларни шундай аташади.
Сериалда ижодкорлар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг энг жиддий ва ёмон оқибатларини кўрсатади. «Дори» сотишнинг турли схемаларини очиб беради. Сериалдаги асосий огоҳлик қўнғироғи ҳам шу – гиёҳванд моддалар ёмон ва одамларни муқаррар ўлимга олиб боради.
«Ёшлар бир марта татиб кўрсам, кейин тўхтасам бўлади, деб ўйлайди. Аммо бу ундай эмас. Аслини олганда сиз буни бир марта татиб кўргач кейин ўзингизни тўхтата олмайсиз. Шу учун гиёҳванд моддаларни бир марта ҳам татиб кўриш керакмас. Биз сериалда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш қандай ёмон ва аянчли оқибатларга олиб келишини батафсил кўрсатамиз. Бизнинг мақсадимиз одамларда гиёҳванд моддаларга нисбатан нафратни шакллантиришдир», дейилади сериал анонсида.
Сериалда асосан бугун Қозоғистонда талабгир бўлган таниқли актёрлар суратга тушган. Таниқли актёр Рустем Омаров режиссёрликдан ташқари филмда полициячи ролида ўйнаган.
Санжар Мади полициячи, Чингиз Капин гиёҳванд моддалар сотувчиси, Берик Айтжанов полиция жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи ролларини ижро этишган.
Ҳолливуд студияларида ишлаб тажриба орттирган Роберт Кун жанговар саҳналар бўйича масъул. Шунингдек, у сериалда гиёҳванд моддалар тарқатувчиларига қарши курашадиган уч дўстнинг бири ролида ҳам ўйнаган.
У билан бирга ёзув жиноятчиларга қарши курашадиган икки спортчи йигит ролини Асан Мажит ва Жандос Айбасов ижро этган.
Сериал продюсерларининг айтишича, юлдуз актёрлар билан музокаралар осон кечган. Улар сериал муаллифлари кўтармоқчи бўлган жиддий мавзуни билишлари биланоқ дарҳол рози бўлишган.
НТК телеканалининг бошқа сериаллари
НТК (Независимый телевизионный канал – Мустақил телевизион канал) телеканали анча йиллардан буён жиддий мавзуларда савияли сериаллар суратга олиб келмоқда.
Жумладан, нафақат Қозоғистонда, балки бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам қизиқиш билан томоша қилинган «Патрул» сериалини ҳам шу телеканал суратга олганди.
Бундан ташқари, телеканал томонидан 2020 йилда «Саке» сериали омма эътиборига ҳавола қилинди. «Патрул»да Қозоғистон полициячиларининг, «Саке»да давлат бошқарувининг муҳим бўғини бўлган ҳокимлар ҳаёти ва иш фаолияти танқидий руҳда ошкора кўрсатилган.
Ҳар икки сериал томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Қозоғистондаги намойишлардан сўнг улар бир қатор давлатлар томонидан сотиб олинди.
2023 йил октябр ойида телеканал томошабинларга «Фирибгарлар» сериалини тақдим этди ва у танқидчилар томонидан юксак баҳолар олди.
«Фирибгарлар»да ҳам бош ролни «Патрул» ва «Саке» сериалларида бош ролларни ижро этган Рустем Омаров ижро этган. У НТК телеканали билан анча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Хулоса
Қозоғистонлик ижодкорлар бундан аввалги «Фирибгарлар» сериалида бўлгани каби жуда долзарб муаммони кўтариб чиққан ва бу мавзу Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам бегона эмас.
Гиёҳвандлик ва у билан боғлиқ салбий ҳодисалар, инсонларнинг аччиқ тақдири, ғам-ғусса-ю, кўз ёшлар айрим ўзбекистонликларнинг ҳам бошидан ўтган, ўтмоқда.
Ҳар куни ўнлаб (балки юзлабдир) ҳамюртларимиз у ёки бу тарзда гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчиларнинг тузоғига илинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ёшлар орасида сунъий гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш оммалашмоқда.
Шу учун бизда ҳам ушбу мавзу бўйича филмлар, сериаллар ишлаш ёки қозоқ қардошлардан тайёр сериални сотиб олиб намойиш қилиш керак. Балки шунда одамлар ҳушёр тортар ва ёш авлод тарбиясига масъулиятли бўлар?!
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг